Яман жиддий очарчилик ёқасида – БМТ
Олам
−
22 Декабрь 2021
5032Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖООД) маблағ етишмовчилиги ортидан Яманга ажратиладиган ёрдамни қисқартиришга "мажбур бўлишини" билдирмоқда. Келгуси ойларда урушдан вайрон бўлган мамлакатда очарчилик авж олиши маълум қилинган. Бу ҳақда ЖООДнинг бугун, 22 декабрь куни эълон қилинган баёнотида сўз боради.
Баёнотда таъкидланишича, Яманда Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланиши айтиб келинадиган ҳукумат кучлари ва Ҳутий исёнчилари ўртасидаги қарийб саккиз йиллик жанглар мамлакатда дунёдаги энг ёмон гуманитар инқирозни келтириб чиқарган.
БМТ Тараққиёт дастури маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб зўравонликлар йилига 377 мингдан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда.
Ҳужжатда келтирилишича, урушлар оқибатида мамлакат ичи бўйлаб кўчирилган 4 млн аҳолининг 1,1 миллионига Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан ёрдам берилган.
Дастурнинг огоҳлантиришича, 2021 йил сентябрь ойидан Яманнинг 16 млн аҳолисига қақшатқич очарчилик соя сола бошлаган.
2022 йил январдан бошлаб 8 млн аҳоли қисқартирилган ратционда озиқ-овқат ёрдами ола бошлайди. Яна 5 млн яманлик эса қақшатқич очарчиликда кун кечиришга мажбўр бўлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълумотларига кўра, ҳозирда Яман бўйлаб беш ёшгача бўлган 2,3 миллионга яқин бола тўйиб овқатланмасликдан жиддий азият чекмоқда. Келгуси ойларда эса уларнинг сони яна 400 000 нафарга ортиши кутилмоқда.
"Яманда ЖООД озиқ-овқат захиралари хавфли даражада камаймоқда", дейди, ташкилотнинг минтақавий директори Корин Флейшер ўз баёнотида. Унга кўра, Ямандаги энг заиф қатламларга май ойигача ёрдам беришни давом эттириш учун 813 миллион доллар ва очарчилик ёқасидаги оилаларга озиқ-овқат етказиб беришни давом эттириш учун 2022 йилда 1,97 миллиард доллар керак бўлади.
Ҳукумат ва қупорувчи гуруҳлар ўртасида юзага келган тўқнашувлар оқибатида 2014 йилда ҳукумат аъзолари мамлакат пойтахти Санони ташлаб қочишга мажбур бўлган. Ҳукумат эса Ҳутий исёнчилар гуруҳи томонидан эгаллаб олинган. 2015 йилда Саудия Арабистони қўллаб-қувватлови остидаги ҳукумат тарафдори бўлган каолитцион гуруҳ ва Ҳудийлар ўртасида қонли тўқнашувлар бошланган.
Сўнгги ойларда содир бўлган зўравонликлар ортидан ҳукумат назорати остида бўлган йирик таянч ҳудуд Мариб ҳам Ҳутилар қўлига ўтган. Ҳужумлар хавфи оқибатида, мамлакат шимолидаги ушбу ҳудуддан, яна ўн минглаб аҳоли кўчишга мажбур бўлган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси