Яман Президенти уй қамоғида сақланмоқда — ОАВ

Олам

image

Саудия Арабистони ҳукумати Яман раҳбари Мансур Ҳодий ваколатларини Президент бошқарув кенгашига топшириш учун босим ўтказди. Ҳозир у уй қамоғида сақланмоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” ўз манбаларига таяниб, хабар берди.

Апрель ойида Яман Президенти етти йиллик фуқаролар урушидан сўнг, қисман ҳокимиятни уни ағдарган Ҳутийларга топширишни истамагани учун барча ўтиш даври ваколатларини саккиз нафар таниқли сиёсий лидерни ўз ичига олган президентлик раҳбарияти кенгашига топширди. Кенгаш ташкил этилгани ҳақида Ар-Риёддаги яманлараро маслаҳатлашувлар якунлари бўйича эълон қилинди. Унинг иштирокчилари янги куч тузилмасини Ҳутийлар билан музокара бошлашга чақирди.

“The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, музокаралар чоғида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Мухаммад ибн Салман Ал Сауд Яман раҳбарига президентлик ваколатларини кенгашга ўтказишни назарда тутувчи ҳужжатни топширган. Бундан ташқари, у гўё бошқа музокарачилар Ҳодийнинг истеъфоси зарурлиги тўғрисида келишиб олганлигини айтган. Шу билан бирга, нашр манбаларига кўра, Саудия расмийлари гўёки Яман раҳбарини коррупцион схемаларга алоқадорлигини тасдиқловчи материалларни чоп этиш билан таҳдид қилган.

Хабарга кўра, айни пайтда Ҳодий аслида Ар-Риёдда уй қамоғида, телефон алоқалари мавжуд эмас. Президент офиси раҳбари Абдулла ал-Алимий Ҳодийнинг уй қамоғига олингани тўғрисидаги маълумотни рад этган, бироқ ўзининг Президент билан боғланиши учун вақт кераклигини таъкидлаган.

Ўз навбатида, янги президентлик раҳбариятининг вакили Ҳодий уй қамоғида эмаслиги ҳақидаги версияни илгари сурди. Шу билан бирга, собиқ матбуот котиби Ҳади Мухтор ар-Раҳбий Президентнинг ҳокимиятдан четлатилиши мамлакат Конституцияси қоидаларини бузишини таъкидлади.

Саудия Арабистони пойтахтида 30 мартдан 7 апрелгача ҳутий исёнчилар иштирокисиз яманлараро маслаҳатлашувлар ўтказилди. 1 апрель куни БМТ Бош котибининг Яман бўйича махсус вакили Ханс Грундберг мулоқот иштирокчилари икки ойга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олганини маълум қилди. Пойтахт ва республиканинг шимолий ҳудудларини назорат қилувчи Яманнинг “Ансор Аллоҳ” исёнчи ҳаракати сулҳни қўллаб-қувватлагани хабар қилинган.

Ямандаги можаро 2014 йилнинг августидан бери давом этмоқда. Қарама-қаршилик 2015 йилнинг март ойида Ар-Риёд бошчилигидаги араб коалициясининг Ҳодийга содиқ ҳарбий кучларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатга бостириб кириши ортидан кучайган. Уруш дунёдаги энг катта гуманитар инқирозни келтириб чиқарди. БМТ маълумотларига кўра, 24 миллиондан ортиқ яманлик, яъни аҳолининг қарийб 80 фоизи инсонпарварлик ёрдамига муҳтож, ички кўчирилганлар сони эса 4 миллиондан ошади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг