Яхта, пора ва жазман. Навальний жамоаси вазир Лавровнинг сирларини фош қилди

Олам 35795
image
-

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг “жазмани” Светлана Полякова ва унинг қариндошлари ТИВ раҳбари билан мунтазам равишда хизмат самолётида ишчи сафарларига учган. Бундан ташқари, улар дам олиш учун доимий равишда россиялик тадбиркор Олег Дерипасканинг ҳашаматли виллалари ва яхталаридан фойдаланиб келган. Бу ҳақда Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг жамоаси ўтказган суриштирув фильмида айтилган. Улар ушбу суриштирув фильмида “Важные истории” интернет нашрига таянган.

Маълумот ўрнида, Сергей Лавров 2004 йилдан, яъни 17 йилдан бери Россия Ташқи ишлар вазири ҳисобланади. У оилали ва бир нафар қиз фарзанди бор. Унинг қонуний турмуш ўртоғининг исми Мария Александровна Лаврова.

Фото: Лавров ҳақиқий оиласи билан

Бироқ, Навальний жамоаси томонидан эълон қилинган материалда яна бир аёл, Светлана Полякова ҳақида сўз боради. Қайд этилишича, у вазирнинг жазмани. Светлана Полякова Ташқи ишлар вазирлигида ишламайди. У актриса, бироқ бутун ТИВга унинг гапи ўтади, танишларини бемалол ишга жойлаб қўяди, ёқмаганлар эса ўз хоҳиши билан аризасини ёзади.

Бундан ташқари, Светлана Полякова ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг хизмат сафарлари вақтида у билан ҳукумат самолётида чет элларга учган. Жумладан, 2019 йилда Сергей Лавров Озарбайжон ТИВ раҳбари ҳамда мамлакат Президенти билан учрашиш учун сафар қилган. Албатта, Светлана Полякованинг ҳамроҳлигида. Шундан сўнг, Россия ТИВ раҳбари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашиш учун Братиславага учган, яна Светлана Полякова ҳамроҳлигида. Шундай қилиб, сўнгги 7 йил мобайнида Светлана Полякова Сергей Лавров билан 60 марта хизмат сафарларига борган, Россия номидан турли конференция ва саммитларда иштирок этган.

Фото:Светлана Полякова

Энг қизиғи шундаки, Светлана Поляковадан ташқари қизи, жияни ва онаси ҳам вазирга доимий равишда ҳамроҳлик қилиб келган. Бунда улар ҳар доим ҳам хизмат самолётидан эмас, баъзида олигарх Олег Дерипасканинг шахсий самолётидан фойдаланган. Самолёт? Нафақат самолёт, вазирнинг ноқонуний қариндошлари олигархга тегишли бўлган меҳмонхона ва виллаларни ўзига уй қилиб олган. Полякованинг қизи ижтимоий тармоқларга жойлаган фотосуратларида ҳам бу ўз исботини топган.

Олигархнинг “хизматкори”

Навальний издошлари расмий манбалардан олинган хабарларга асосланиб, Лавров ўша олигарх Дерипаскага турли хизматлар кўрсатишини қайд этган. Шундай қилиб, вазир олигархга АҚШ фуқаролигини олишда, Гвинея ва Ямайка ҳукумати билан бизнес масалаларини ҳал қилишда ёрдам беришлари учун америкалик лоббистларга шахсан хат ёзган, Ғарб давлатларини Дерипаскага қарши санкциялар жорий қилгани учун танқид қилган.

Россия ТИВ бунга нима дейди?

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова жорий йилнинг 16 сентябрь куни Навальний жамоасининг Лавров ҳақидаги материалини “сохта тергов”, деб атади. Брифинг пайтида у “ҳатто энг ашаддий рақиблар ҳам Лавровнинг профессионаллигига шубҳа қилмайди” ва Ташқи ишлар вазирининг обрўси “ўзгармас, шубҳасиз букилмас”, деган.

Навальнийчиларнинг суриштирув фильми Россия Федерацияси Давлат думасига сайловларда уч кунлик овоз бериш бошланиши арафасида эълон қилинган. Сергей Лавров “Ягона Россия” партиясидан депутатликка даъвогарлар рўйхатидаги обрўли беш номзоднинг биридир.

Баннер в информационном центре Центральной избирательной комиссии РФ  - РИА Новости, 1920, 18.09.2021

Россия Давлат думасига сайлов

Айни вақтда Россия Давлат думасига сайловлар бўлиб ўтмоқда. Сайловга кеча, 17 сентябрь куни старт берилган ва овоз бериш 19 сентябрь куни ҳам давом этади. Қайд этиш керакки, уч кунлик сайлов – янги формат. Пандемия сабабли илк марта шундай тажриба қўлланмоқда. Кеча, 17 сентябрь куни сайловнинг биринчи куни ўз якунига етган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, қарийб 17 фоиз сайловчи ўз овозини бериб бўлган. Сайловда 14 та партиядан 3 800 нафар номзод қатнашмоқда.

Навальний жамоасининг фильми ҳам бекорга 16 сентябрь куни эълон қилинмади. Бу билан сайловга таъсир кўрсатиш мақсад қилинган. Ўз навбатида, Роскомнадзор Google, Telegram’га босиб ўтказиб, Навальний жамоасига тегишли бот, канал, дастурларни блоклашга уринмоқда. Ҳозиргача айрим муваффақиятларга ҳам эришилди. Хусусан, Google Play Market’даги “Навальний” дастурини Россия ҳудудида блоклади. Telegram эса Навальний тарафдорларининг “Умное голосование” ботини блоклади.

Маълумот ўрнида, Навальний ҳозирда қамоқда. Жорий йилнинг февраль ойида у “Ив Роше” иши бўйича 3,5 йилга қамалган. Бундан аввал, 2020 йил августда Алексей Томск шаҳрида заҳарланганди. Ўлишига бир бахя қолган Навальний бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 928
Рейтинг: 3
t
×