Яқин ўтмишга назар: 2020 йилда юз берган қўрқинчли авиаҳалокатлар
Олам
−
09 Январь 2021
11462Офат ва ҳалокатларга бой бўлган 2020 йилда авиаҳалокатлар ҳам кўп бўлди. Бунинг оқибатида кўплаб инсонлар дунёдан эрта ўтди. Уларнинг яқинлари эса, шак-шубҳасиз чексиз ғамга ботди. Ачинарлиси, самолётларнинг қулашига нафақат техник носозлик ва табиат инжиқликлари, балки инсон қўли билан яратилган қуроллар ҳам сабаб бўлди. Қуйида 2020 йилда ҳалокатга учраган самолётлар хусусида сўз боради.
Январь
2020 йилнинг 2 январь куни Ан-12 самолёти Суданнинг Ғарбий Дарфур вилоятидаги Эль-Генейна шаҳри аеропортидан ҳавога кўтарилгач, беш дақиқа ўтиб қулаб тушди.
Судан ҳарбийларига кўра, самолёт қулаши оқибатида 18 йўловчи, шу жумладан етти нафар экипаж аъзоси, уч судья ва саккиз фуқаро ҳалок бўлган.
2020 йилнинг 8 январь куни Украина халқаро авиакомпаниясининг Киевга учаётган Boeing 737-800 самолёти Теҳрон аеропортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ракета билан уриб туширилди.
Ҳодиса оқибатида самолётнинг бортида бўлган 176 кишидан ҳеч ким омон қолмаганди. Улар орасида Эрон, Украина, Канада, Буюк Британия, Германия, Швеция ва Афғонистон фуқаролари ҳамда тўққиз нафар экипаж аъзоси бор эди.
Эрон Ҳукумати дастлаб, лайнер ёнғин чиққани ва двигателдаги техник носозликлар сабабли қулаганини билдирган. Аммо, 11 январь куни Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби Украина самолёти ҳарбий объект яқинидан учиб ўтган вақтда душман ҳаво кемаси деб ўйлаб, тасодифан уриб туширганини тан олди.
Февраль
2020 йилнинг 5 февраль куни Измир-Истанбул рейсини амалга ошираётган “Pegasus Airlines” авиакомпаниясининг Boeing-737-800 самолёти Истанбулнинг “Сабиҳа Гёкчен” аеропортига қўниш чоғида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб, уч қисмга бўлиниб кетади.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, авиаҳалокат оқибатида уч киши вафот этган ва 179 киши жароҳат олган.
Май
2020 йилнинг 22 май куни 99 кишини ўз ичига олган Покистоннинг “International Airlines” авиакомпаниясининг Airbus А320 самолёти, аэропортга икки марта қўна олмаганидан сўнг, Карачи шаҳридаги турар-жой бинолари мавжуд ҳудудга қулаб тушади.
Қўнишга бўлган биринчи уринишда самолёт ғилдиракларини чиқара олмаган ва учиш-қўниш йўлагига тегиб, двигателларига зарар етказади.
Ҳалокат оқибатида бортдаги 97 киши ҳалок бўлди, бор йўғи икки йўловчи омон қолди. Шунингдек, самолёт қулаб тушган уйларда яшовчи аҳоли вакиллари ҳам яраланган. Бир нафар қиз жароҳатлардан сўнг касалхонада вафот этган.
Август
2020 йилнинг 7 август куни Ҳиндистоннинг Кожикоде шаҳрида “Air India” компаниясининг Дубайдан учиб келаётган Boeing-737 самолёти ҳалокатга учради. Бахтсиз ҳодиса “темир қуш”нинг ерга қўниш вақтида содир бўлган.
Самолёт бортида 174 йўловчи бўлган: 10 нафар бола, икки учувчи ва экипажнинг беш аъзоси. Ҳалокат оқибатида самолёт кабинаси ва олд қисми бутунлай вайрон бўлган. 18 киши, шу жумладан, икки экипаж аъзоси ҳалок бўлган ва 140 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Сентябрь
2020 йилнинг 25 сентябрь куни Украинанинг Харьков вилояти Чугуев шаҳри яқинида Ан-26 ҳарбий-транспорт самолёти ўқув парвози пайти ҳалокатга учради.
Бортда 27 киши бўлган: етти нафар экипаж аъзоси ва Харьков миллий ҳаво кучлари университетининг 20 курсанти. Расмий маълумотларга кўра, ҳалокат оқибатида 26 киши вафот этган.
LiveБарчаси