Яқин Шарқдаги уруш энергия бозорига зарба берди: энг катта хавф Осиёга
Олам
−
06 Март 9693 2 дақиқа
Форс кўрфази атрофидаги кескинлик нефть ва суюлтирилган табиий газ (LNG) ташувларини издан чиқариб, жаҳон энергия бозорини ларзага солмоқда. Энергия импортга кучли боғланган Осиё давлатлари бу вазиятдан энг кўп зарар кўриши мумкин. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Ҳормуз бўғози орқали жаҳон нефти ва LNG савдосининг қарийб бешдан бир қисми ўтади. 2024 йилда бу йўл орқали ташилган LNG’нинг 80 фоиздан ортиғи Осиё бозорларига йўналтирилган. Мутахассислар фикрича, ҳозирги инқироз газ бозорига нефтьга нисбатан кучлироқ таъсир қилмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, газ нархи тахминан 50 фоизгача кўтарилган.
Энергия нархининг ошиши энг аввало Хитой ва Ҳиндистон иқтисодиётига босимни кучайтириши мумкин. Пекин дунёдаги энг йирик нефть импортчиси, Деҳли эса учинчи ўринда туради.
Шарқий Осиё мамлакатлари ҳам импортга қаттиқ боғланган. Япония нефть эҳтиёжининг қарийб 95 фоизини хориждан олади. Жанубий Корея нефтьнинг тахминан 70 фоизини ва LNG’нинг 20 фоизини Яқин Шарқдан импорт қилади. Жануби-Шарқий Осиёда эса спот бозор орқали LNG харид қиладиган давлатлар нарх тебранишларига янада сезгир. Таъминот қисқарганда бундай мамлакатлар газ юклари учун бой давлатлар билан рақобатлашишга мажбур бўлади.
Мутахассислар фикрича, энергия нархларининг кескин ўсиши инфляцияни кучайтириб, иқтисодий ўсишни секинлаштириши мумкин. Форс кўрфазидаги кескинлик узоқ давом этса, глобал иқтисодий хавфлар ҳам ортиши эҳтимолдан холи эмас.
Live
Барчаси