Яқин Шарқдаги можаронинг нархи қанча?
Таҳлил
−
20:33 772 6 дақиқа
Жорий йилнинг 21 июнь куни Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи доирасида бўлиб ўтган Бельгия ва Эрон учрашувида 0:0 ҳисоб қайд этилгач, бир Х ёки собиқ Twitter фойдаланувчиси ўз саҳифасига шундай мазмундаги пост жойлади:
“Биз Эронни мағлуб этолмаган бўлишимиз мумкин, лекин бу бизга энг камида 300 миллиард АҚШ долларига тушмади”, деб ёзади у.
Нима ҳам дердик, бор гап. Бугун, балки якунланиш арафасида турган уруш, бир неча ой давомида миллиардлаб долларларни ютиб юборди. АҚШ ҳам, Эрон ҳам етарлича эмас, керагидан ортиқ харажат қилди. Аммо якунда на гўлиб бор, на бирор “пичоққа илинарли” ютуқ. 100 кундан ошиқроқ давом этган уруш фақат минглаб қурбонлар, миллиардлаб иқтисодий зарар ва репутациянинг йўқолишига олиб келди холос. Келинг, ушбу мақолада, 28 февралдан буён ҳаммамизни жонимизга тегиб улгурган бу уруш кимга қанчага тушганини ҳисоблаб кўрамиз.

АҚШ кутганидан қимматга тушди
Уруш Эронга санкциялардан халос бўлиш, қайта тиклашга кўмаклашувчи жамғармаларни ташкил этиш ҳамда дунёнинг энг муҳим сув йўлидан бож ундириш ҳуқуқини тақдим этувчи келишув билан якунланиши мумкин. Теҳрон талабига кўра, энди АҚШ Эроннинг музлатилган активларини ҳам қайтариш масаласини кўриб чиқяпти. Пентагон эса ҳарбий ҳаражатлар кўпайиб кетгани ҳақида хабар бермоқда. Хўш, уруш шунча йўқотишга арзирмиди?
Ушбу саволга экспертлар “уруш ҳеч кимга, айниқса АҚШга, фойда келтирмади”, деб жавоб бермоқда. Аввало, инсоний талафотлар миқёсида ҳам можаро етарлича зарар келтирди. АҚШ 13 нафар ҳарбийсидан айрилган бўлса, Эронда қурбонлар сони анча кўп, қарийб 3,5 мингга яқин “иссиқ жон”. Шуни инобатга олиш керакки, техник жиҳатдан Эрон тўғридан-тўғри АҚШга ҳужум қила олмади, кўпроқ Қўшма Штатларнинг ҳарбий базаларини нишонга олди. Шу сабабли, АҚШга етказилган зарарнинг иқтисодий кўламини “тарозига солиш” нисбатан тўғрироқ бўлади назаримизда.
Пентагон берган расмий баёнотларга кўра, фақатгина май ойининг ўрталарига келиб, АҚШнинг ушбу уруш доирасидаги тўғридан-тўғри ҳарбий харажатлари 29 миллиард долларга етган эди. 17 июндаги меморандумгача эса бу харажатлар яна ошиб, ўша твитда айтилганидек, таҳминан 30-40 миллиард долларга кўтарилган бўлса ажаб эмас.
АҚШ Мудофаа вазирининг ўринбосари Стивен Файнберг Конгрессдан уруш харажатлари ва бошқа зарарларни қоплаш учун 80 миллиард доллар қўшимча маблағ сўрашини маълум қилган эди. Бир қарашда бу жуда ҳам катта суммадек кўриниши мумкин, аммо мутахассислар ҳақиқий харажатлар бундан ҳам кўпроқ эканлигини айтмоқда. Можаро давомида йигирмага яқин ҳарбий база зарар кўрган, ўнлаб самолёт ва дронлар ишдан чиққан. Бундан ташқари АҚШ арсеналининг “қимматбаҳо ўйинчоқлари” ҳам сезиларли миқдорда камайган. Маълумотларга кўра, Patriot ҳаво мудофаа ракеталари захирасининг ярмидан кўпи ҳам ишлатиб тугатилган ва уларни қайта тиклаш учун олти йилгача вақт керак бўлиши мумкин. Агар АҚШ келгусидаги потенциал урушларга тайёр туришни хоҳласа, ҳарбий қудратини ҳеч бўлмаганда урушдан олдинги ҳолатига қайтариши лозим. Бу эса жуда қиммат. Мустақил иқтисодий таҳлилчилар ва нуфузли халқаро нашрлар АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушининг жами ҳарбий, моддий ва логистик юкламасини узоқ муддатли истиқболда, ҳатто 1 триллион долларгача етиши мумкинлигини прогноз қилишган.

Урушнинг энг катта стратегик сабоғи эса Эроннинг янги қуролини намойиш этгани бўлди. Гап ядровий дастур ҳақида эмас, дунё иқтисодиётининг томирларидан бири бўлган Ҳормуз бўғози ҳақида кетмоқда. Айнан шу бўғоз орқали дунё нефтининг қарийб бешдан бир қисми ташилади. Натижада глобал энергия инқирози юзага келди, нефть нархлари кескин ошди ва Трамп маъмурияти урушни тезроқ якунлашга мажбур бўлмоқда.
“Moody’s analytics” корпорациясининг ҳисоб-китобларига кўра, можаро АҚШ истеъмолчилари ва солиқ тўловчиларига 132 миллиард долларга тушган. Бунга асосий сабаб эса – ёнилғи нархлари. Бензин нархи бир галлон учун 4,56 долларгача кўтарилди. Ўғит нархлари эса 47 фоизга ошиб, озиқ-овқат нархларининг ҳам қимматлашишига сабаб бўлди. Бир сўз билан айтганда уруш нафақат давлат ғазнасига, балки, оддий кундалик истеъмолчиларнинг чўнтагига ҳам қимматга тушди.
Бугун Трамп бу урушни сиёсий ғалаба сифатида талқин қилаётган бўлиши мумкин. Аммо рақамлар, харажатлар ва натижалар бошқа нарсани айтмоқда. Бу урушда фақат мағлублар бор, жаноб Трамп.
Эрон нималарни йўқотди
Ҳар қанча Эронни мағлуб бўлмади демайлик, бу уруш унга шу қадар қимматга тушдики, мамлакат иқтисодиёти кўрилган зарарларни бартараф этиш учун бир неча йиллар сарфлашга мажбур. “The Economist” нашрининг маълумотларига кўра, уруш ва блокада натижасида 2026 йил май ойида мамлакатда йиллик инфляция 84 фоизга, озиқ-овқат инфляцияси эса 131 фоизга етган. Уруш даврида 2 миллионга яқин одам ишини йўқотган. Натижада, кўплаб оилалар гўшт ва нонни ҳам бўлиб-бўлиб тўлашга мажбур бўлмоқда.
Эрон иқтисодиёти асосан энергия ресурслари савдосига таянади. Блокада эса айнан ташқи савдога кучли зарба берди. Апрель ойидан буён Покистон портларида Эрон учун мўлжалланган 3 мингдан ортиқ контейнер йиғилиб қолган. Уруш давомида АҚШ ва Исроил зарбалари натижасида нефтни қайта ишлаш заводлари, металлургия корхоналари ва йирик нефть-кимё мажмуалари зарар кўрган. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, фақат энергетика объектларини тиклашнинг ўзигина 19 миллиард долларга тушиши мумкин. Айрим баҳолашларга кўра, уруш оқибатида етказилган умумий зарар 144 миллиард долларга тенг бўлиб, бу Эрон ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярми деганидир.

Натанз ва Фордо каби уранни бойитиш мажмуалари ҳам АҚШ ва Исроил кучлари томонидан кунпаякун қилинди. Миллиардлаб долларлик техникаларни йўқотилиши, ҳали Эрон ғазнасига анча ғалва бўлади. Агар ядро қуроли яратиш дастури бўлган тақдирда ҳам энди уни урушдан олдинги ҳолига келтириш учун яна ўн йилликлар кетиши мумкин.
Нафақат ҳарбий ёки саноат инфратузилмалари, балки миллионлаб инсонларнинг уйлари, мактаблар, шифохоналар бомбардимон қилинди. Қанчадан-қанча инсон бугун бор-будидан, яқинларида айрилган.
Эроннинг собиқ Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг ўлими бутун Эрон халқида АҚШ ва Исроилга нисбатан нафрат чўғини алангалатиб юборди. Бундан ташқари ўнлаб генераллар, олимлар ҳалок бўлди. Миноб шаҳридаги “Шажареҳ Тайебеҳ” бошланғич қизлар мактабида юз берган портлаш эса, доимо АҚШ ёки Исроилни ёнини олиб келганларни ҳам ғазаблантирди. Замонавий дунёнинг уруш қоидалари, бу қоидалар кучлилар томонидан бузилмагунча амал қилишини ушбу 108 кунлик уруш яна бир бор исботлади.
Аслида, 300 миллиард долларлик қайта тиклаш жамғармасининг ажратилиши кўзда тутилганининг ўзи ҳам Эрон инфратузилмасига етган зарарнинг миқёси нақадар улкан бўлганининг бир исботидир. Шу сабаб ҳам Теҳрон бу урушни яна чўзишдан ҳеч қанақасига манфаатдор бўлмаса керак. Уруш эртами-кечми якун топиши аниқ. Аммо унинг оқибатлари ҳали узоқ йиллар сақланиб қолади.
Live
Барчаси