Ягона электрон чипта сотиш миллий тизими давлат рақобат сиёсати йўналишларига зид – Қўмита

Жамият 1425
image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ягона электрон чипта сотиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасига Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан эътироз билдирилди. https://antimon.gov.uz/uzb/chipta-sotish-tizimini-joriy-jetish-to-g-risidagi-loyihaning-raqobatga-tasiri-baholandi-2

Қўмита томонидан ҳозирги кунда республикада “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ (e-ticket.railway.uz), “Uzbekistan Аirwауs” АЖ (uzairways.online), “Ўзавтовокзал сервис” ДУК (avtoticket.uz) томонидан онлайн чипталар сотиш, шунингдек, интернет тармоқлари орқали кино, театр, концерт ва спорт тадбирлари учун (iticket.uz ва myticket.uz) онлайн чипталар сотиш йўлга қўйилган ва самарали фаолият юритаётганлиги қайд этилган.

“Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, бу соҳада хусусий тадбиркорлик фаолияти яхши йўлга қўйилганлиги ва соҳа жадал ривожланиб бораётганлигини инобатга олиб, қўшимча янги давлат иштирокидаги корхона ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги билдирилди”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, лойиҳада барча мавжуд чипта сотиш ахборот тизимларини яратилаётган янги Портал билан мажбурий интеграциялашни таъминлаш топширилган. Ушбу талаб ҳам “Рақобат тўғрисида”ги қонунга зид бўлганлиги сабабли чипта сотиш ахборот тизимларини ихтиёрийлик асосида Портал билан интеграциялаши мумкинлигини кўзда тутиш лозимлиги хулосаси берилган.

“Шулардан келиб чиққан ҳолда, қарор лойиҳасидаги айрим нормалар юқорида кўрсатилган давлат рақобат сиёсати йўналишларига зид равишда киритилганлиги сабабли мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш ва операторни белгилашни рақобат тамойилари асосидаги тартиботлар (танлов, тендер) орқали амалга оширилиши таклиф этилди”, дейилади қўмита хабарида.

 

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 2.9
t
×