ЙҲХББ “права” олишни хоҳловчи фуқароларни жиддий огоҳлантирди

Жамият 18191
image

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш истагидаги фуқароларга мурожаат билан чиқди.

Унда ЙҲХББ фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун белгиланган ёш меъёрларига риоя қилган ҳолда, ҳайдовчиларни тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи таълим муассасаларига исталган вақтда бориб, шартнома тузиб ўқиши мумкинлигини таъкидлаган.

“Аммо ўқиш вақтида машғулотларга қатнашмасдан, ўқимасдан вақт ўтказиш эндиликда ўзингизга зарар. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 272-сон қарорига мувофиқ, эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун топшириладиган назарий ва амалий имтиҳонлар тадбиркорлик субъектлари томонидан инсон омили чекланган, автоматлаштирилган автодромда ва имтиҳон олиш хоналарида ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.

Ушбу тизим инсон омили тўлиқ чекланган, автоматлаштирилган дастур ёрдамида ҳайдовчиликка номзодларни ўқув муассасига келиб кетишларини, дарсларда ва машғулотларда қатнашишларини, ички имтиҳонлардан ўтган ёки ўтмаганликларини тўлиқ назоратини амалга ошириб, якуний назарий ва амалий имтиҳонларга рухсат беради”, дейилади идора мурожаатида.

ЙҲХББ имтиҳонлардан ўтиш учун биргина имконият – яхши ўқиш, йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўзлаштириш ва автомототранспорт воситасини бошқаришни мукаммал ўрганиш эканини эслатган.

“Керакли малакага эга бўлмасдан, коррупцион йўллар орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ҳақида ўйлаш эндиликда иложсиз ва нотўғри қарор эканлиги ҳақида огоҳлантирамиз.

Шуни инобатга олиб, яна бир бор ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш масаласига жиддий эътибор қаратишингизни ва ўз устингизда доимий тарзда ишлашингизни, ҳайдовчиларни тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи таълим муассасалари маъмуриятидан эса, ўз ўқувчиларига йўл ҳаракати қоидаларини пухта ва амалий машғулотларда автотранспорт воситасини мукаммал бошқаришга ўргатишларини сўраймиз”, дейилади мурожаатда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 544
Рейтинг: 3
t
×