Вучич 11 декабрни президентлик давридаги энг оғир кун деб атади. Косоводаги воқеалар ривожи
Олам
−
12 Декабрь 2022
4391Сербия Президенти Александр Вучич Косово ва Метохиядаги кескинлик нуқтаи назаридан бу якшанба – 11 декабрь давлат бошқаруви даврида у учун энг оғир кун бўлганини айтди.
У 11 декабрь куни Миллий хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишидан кейин халққа мурожаати чоғида шундай баёнот берган. Унинг сўзларига кўра, Приштина ҳукумати Косоводаги “серб муаммоси”га барҳам беришга ҳаракат қилмоқда, айни пайтда халқаро ҳамжамият бунга эътибор бермаяпти.
Вучичнинг қайд этишича, Косово полицияси кетма-кет учинчи кундирки, серблар яшайдиган минтақа ҳудудига махсус бўлинмалар билан бостириб кирмоқда.
“Бугун – мен учун Сербия Республикаси Президенти ёки Сербия ҳукумати раҳбари бўлганимдан бери энг оғир кун бўлди ва эҳтимол, энг оғир тун олдинда. Сиз бу ерда бино (Президент қароргоҳи)да бошқача муҳитни кўрдингиз”, деб таъкидлаган у Сербия радио ва телевидениеси эфирида.
Вучич, шунингдек, кун бўйи Европа Иттифоқи вакиллари билан алоқада бўлганини, Шимолий Атлантика альянсининг Косоводаги тинчликпарвар миссияси (KFOR) қўмондони билан ҳам суҳбатлашганини таъкидлади. У Сербия раҳбарини Косово полициясининг вилоят шимолига ноқонуний бостириб киришига йўл қўймаслигига ишонтирган.
“Аммо бу содир бўладими, буни ҳеч ким аниқ айта олмайди”, дейди давлат раҳбари.
Сербия президенти, шунингдек, Белград НАТОнинг Косоводаги тинчликпарвар миссиясидан серб қўшинлари ва полиция бўлинмаларини тан олинмаган республикага жойлаштиришга рухсат сўрашини қўшимча қилган. Шу билан бирга, Вучич сўров рад этилишига ишонч билдирган.
Бундан ташқари, Сербия раҳбари Вашингтон ва Приштинани Косово бўйича эришилган келишувларнинг бирортасига ҳам амал қилмаётганликда айблади. Унинг тушунтиришича, БМТ Низоми, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1244-резолюцияси, Брюссел ва Вашингтон келишувлари минтақага нисбатан бажарилмаяпти. Шу билан бирга, Вучич серблар ва албанларни тинчликка чақирган.
Сербия ва Косово ўртасидаги вазият
Косово (серблари бир қатор оммавий депортация ва тўғридан-тўғри ўз ҳудудларидан чиқариб юборилгандан сўнг, улар ҳозирда Косовонинг 1,8 миллион аҳолисидан 120 мингга яқин кишини ташкил қилади) шимолидаги кескинлик 10 декабрь куни бошланди.
Бу маҳаллий ҳукумат собиқ полициячи Деян Пантични ҳибсга олганидан кейин содир бўлган. У бир ой олдин бошқа бир қанча серб ҳамкасблари билан бирга Косовонинг Белградда берилган автомобиль рақамларини Приштина рақамларига алмаштириш қарорига норозилик сифатида ўз хизматидан истеъфога чиққанди.
Бунга жавобан 10 декабрь куни серблар Косово шимолида баррикадалар қуришни бошлаган. Кейин Приштинадан полиция махсус кучлари минтақа шимолига киритилди. 11-декабрь, якшанбага ўтар кечаси Газиводе кўли яқинида, Брнжак назорат-ўтказиш пункти йўналишида учта отишма содир бўлди.
Расмийлар Пантични "терроризмда" айблаб, у "жиноий гуруҳлар аъзолари билан биргаликда Косово полицияси ходимларига ҳужум уюштирганини" айтди. Серблар эса Пантичнинг Сербиядан Косовога ўтаётганда назорат пунктида қўлга олинганини даъво қилмоқда. Белград вазиятнинг кескинлашувида Косово бош вазири Албин Куртини айблайди, Сербия томонига кўра, у “уюшган террор” ва этник тозалашни рағбатлантиради. Шунингдек, портловчи вазиятга кўз юмаётган Европа Иттифоқи ҳам.
Бугун, 12 декабрь куни эрта тонгда ўзини ўзи эълон қилган Косово Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмаси аъзолари Газиводе тўғонидаги объектга бостириб кириб, уни ишғол қилди ва у ердан Сербия байроқларини олиб ташлади ва серб қўриқчисини қувиб чиқарди. Бу у ерда жойлашган ГEС учун асосий сув ва омбор ҳисобланади. Кўлнинг катта қисми асосан серблар яшовчи Зубин Поток муниципалитетида, шунингдек, вилоят шимолидаги учта бошқа ҳудудда жойлашган.
Ўз навбатида Вучич расмий Белград Косово ва Метохия масаласи бўйича курашни барча қонуний йўллар билан давом эттиришини маълум қилди. У Приштина 2013 йилдаги Брюссель келишувига мувофиқ Серб жамоалари ҳамжамиятини тузиши кераклигини таъкидлади. Бир кун аввал у Белград НАТО миссияси қўмондонлигига Сербия полицияси ва армия контингентини Косово ва Метохияга тақсимлаш бўйича расмий сўров юборишини ҳам айтган эди. Вучич бу ҳаракатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1244-резолюциясига мос келишини таъкидлади.
Германияда Сербиянинг риторикаси номақбул деб топилди
Аввалроқ Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Белграднинг риторикаси Косово атрофида кескинликни кучайтираётганини айтган эди. Германия ташқи ишлар вазири Сербия кучларини Косовога юбориш таклифини мутлақо номақбул деб атади. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқи ҳомийлигидаги мулоқотни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Сербия бош вазири Ана Брнабич мавжуд вазиятни "ҳайратланарли даражада абсурдлик" деб ҳисоблади. Сербия бош вазирининг эслатишича, ҳали май ойида G7 ташқи ишлар вазирлари БМТ Хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюцияларини қатъий бажаришга чақирган.
“Энди, ажабланарлиси шундаки, Германия Ташқи ишлар вазирлиги Сербия ўз хавфсизлик кучларининг маълум сонини Косовога қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатадиган 1244-сонли БМТ Хавфсизлик кенгашига эътибор бермаслик керак, чунки бу “қабул қилиб бўлмайдиган” ҳолат”, деб изоҳлаган у.
Воқеалар ривожи қандай тус олмоқда?
Приштина 18 декабрга серблар кўп бўлган муниципалитетларда маҳаллий сайловлар ўтказилишини белгилагани ҳақидаги хабар “оловга ёғ сепди”, Сербиянинг асосий сиёсий партияси уларни бойкот қилишга чақирмоқда.
Сербия Президенти Александр Вучич Курти бошчилигидаги Косово ҳукумати 2022 йилда Косово сербларига қарши рекорд миқдордаги воқеаларни содир этганини айтди.
“Миллий миқёсдаги ҳодисалар учун 2022 йил рекорд йил бўлди. 2021 йилда бизда 128 та ҳолат кузатилган бўлса, жорий йилнинг 8 декабрига келиб эса 131 та ҳолат қайд этилган”, дейди Сербия раҳбари.
Таъкидланишича, байрамолди тадбирлари билан вазиятни назорат остига олишнинг иложи бўлмаса, минтақада Янги йил кечаси ҳақиқатан ҳам қонли бўлиши мумкин.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси