Вояга етмаганларни меҳнатга мажбурлаганлар учун жазо кучайтирилади
Жамият
−
03 Февраль 2021
3175Тан олиш керакки, бир неча йилларда буён Ўзбекистоннинг ижтимоий нозиқ нуқталаридан бири мажбурий меҳнат бўлиб келган. Ҳозирги кунга келиб, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида бир қатор ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 3 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, уларни мажбурий меҳнатга, таъқиқланган ёки ғайриқонуний бирлашмалар фаолиятига жалб қилиш ҳамда вояга етмаганлардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш ва бундай ҳаракатларни содир этганларнинг жавобгарлигини сўзсиз таъминлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Таъкидланганишича, Жиноят кодекси ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жавобгарликни белгилайдиган модда билан тўлдирилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур жиноят объекти сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс нормал ва ахлоқий ривожланаётани инобатга олиниб, жиноят субъекти ёшини 18 ёшдан белгилаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида Жиноят кодексига вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш киритилмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексида вояга етмаган шахсни Ўзбекистон Республикасида ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаш учун жиноий жавобгарлик, шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодексига қўшимча киритилиб, мазкур жиноятнинг тергови ички ишлар органига тегишли экани белгиланмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши мажбурий меҳнатга тўлиқ чек қўйилишига, вояга етмаган шахсларнинг манфаатларини таъминлашга, бу борада Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилишига ва шу тариқа давлатимизнинг турли баҳолаш индексларидаги рейтинги кўтарилишига хизмат қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь