Доҳадаги воситачилар Исроилдан Ғазо бўйича янги режани кутмоқда – “Al Arabiya”
Олам
−
12 Июль 3243 2 дақиқа
Қатар ва Миср воситачилари Доҳадаги маслаҳатлашувларда исроиллик музокарачилар томонидан тақдим этилган Ғазо секторидан қўшинларни олиб чиқиш режасига Исроилдан ўзгартиришлар киритишини кутмоқда. Бу ҳақда манбасига таяниб, Саудия Арабистонининг “Al Arabiya” телеканали хабар берди.
Исм-шарифи ошкор этилмаган манбага кўра, воситачилар Исроилдан Ғазо секторидан қўшинларни олиб чиқиш хариталарига ўзгартириш киритишини кутмоқда. Унинг маълумотларига кўра, Исроил бугун, 12 июль ёки эртага 13 июль куни янгиланган режани тақдим этиши мумкин.
Аввалроқ “Agence France-Presse” фаластинлик манбаларга таяниб, Исроилнинг Фаластин анклавида ҳарбий иштирокини сақлаб қолиш истаги воситачиларнинг можаро томонлари билан Қатар пойтахтида бўлиб ўтаётган маслаҳатлашувларини мураккаблаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Агентлик манбаларидан бирига кўра, кеча, 11 июль куни Исроил делегацияси Ғазо секторидан қўшинларни олиб чиқиш харитасини тақдим этган, бу Фаластин томонига кўра, “фақатгина Исроил армиясини қайта жойлаштириш ва гуруҳлаш режасидир”.
“Ҳужжат Исроил қўшинлари анклав ҳудудининг 40 фоиздан ортиғида сақланишини назарда тутади”, дея қўшимча қилди манба.
6 июль куни ҲАМАС ва Исроил Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида Доҳада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва анклавда гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича келишувга эришишга қаратилган музокара жараёнини қайта бошлади.
8 июль куни Қатар Бош вазири маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мажид бин Муҳаммад ал-Ансорий музокаралар ҳали бошланмаганини, Қатар ва Миср воситачилари келишмовчиликларни бартараф этиш ва бўлажак музокаралар асосини аниқлаш мақсадида ҲАМАС ва Исроил вакиллари билан маслаҳатлашувлар ўтказаётганини айтди. Унинг қайд этишича, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришиш вақт талаб этади.
Live
Барчаси