Володиннинг таҳдидидан АҚШнинг баёнотигача. Ўзбекистон ақл ўргатишларга муҳтожми?

Таҳлил

image

Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин Ўзбекистонга ташриф билан келганда бир қанча блогер ва ижтимоий тармоқ фаоли ўз хавотирини билдирган эди. Айни кунларда Россиянинг АҚШ ва Европа давлатлари билан муносабати бузилгани, Украинага ҳужуми туфайли халқаро нуфузи зарба остида қолгани, Россия билан яқин ҳамкорлик Ўзбекистоннинг имижига ҳам салбий таъсир қилиши борасида фикрлар билдирилган эди. Володин илиқ кутиб олингани ва шахсан президент томонидан қабул қилингани ҳам баъзи муҳокамаларга сабаб бўлди, зеро бу Россия билан яқинлашув белгиси деб баҳоланди.

Аммо зарба бошқа томондан келди. Россия ва Ўзбекистон алоқалари янада мустаҳкамланиши, янги шартнома ва ҳамкорликлар ҳақида хабарлар кутилаётган пайтда Россия Давлат Думасининг расмий сайтида Ўзбекистонга нисбатан таҳдид акс этган баёнот чоп этилди.

Баёнотда айтилишича, Володин Ўзбекистонга ташрифи якунларига кўра асосан АҚШнинг минтақадаги фаолиятидан хавотир билдирган, айни пайтда АҚШ билан яқин ҳамкорлик Ўзбекистонни “оғир оқибатлар”га олиб келишини уқтирган.

“Бу ерда доно, саводли инсонлар яшайди, – дейилади баёнотда, – бу ҳолатлар нимага олиб келишини тушунишади”.

Володиннинг бу баёнотига биринчи бўлиб блогер davletov.uz эътибор қаратди. Россиялик сиёсатчининг Ўзбекистонга нисбатан очиқ таҳдид руҳидаги сўзлари кўплаб блогерлар ва фаолларнинг норозилигига сабаб бўлди. Ташқи ишлар вазирлигидан бунга кескин жавоб беришни талаб қилиб чиққанлар бўлди. Аммо вазирликдан ҳозирча реакция бўлмади.

Баёнотнинг нимкосаси

Вазиятни босиқроқ кузатган ва фикр билдирганлар ҳам бўлди. Номини сир тутишимизни сўраган сиёсатшуносдан изоҳ сўраганимда у Володиннинг ташрифидан мақсад ҳамкорликни муҳокама қилишдан кўра кўпроқ бошқа давлатлар билан ҳамкорликни чеклаш бўлган, деган хулоса берди.

“Володиннинг баёнотида ҳам, унинг ташрифи борасидаги хабарларда ҳам ҳамкорликнинг янги йўналишларига урғу берилмади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Володин ўзига хос “элчи” вазифасини бажарган ва Ўзбекистонни Ғарб давлатлари билан яқинлашишдан қайтариш борасида мақсадида расмийларимиз билан музокаралар ўтказган”, – деди у.

Суҳбатдошим яна икки ҳолатга эътибор қаратди.

Биринчидан, Володиннинг ташрифи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифидан сўнг бўлиб ўтди. Францияда Ўзбекистон раҳбарига марказий ТВ эфирида, умуман француз медиасида, шунингдек, француз сиёсатида алоҳида эътибор қаратилганини кўпчилик экспертлар қайд этиб ўтдилар. Бу ўринда Франция билан эришилган келишувларга ва камера ортидаги музокараларга эътибор қаратмаймиз, акс ҳолда асосий мавзудан четлашиб кетамиз. Муҳими – шундан сўнг Россия делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Шундай қилиб, Володиннинг ташрифи Франция сафари билан боғлиқ бўлиши мумкин, яъни Россия Ўзбекистон Ғарбга ортиқча “яқинлашиб” юборишидан қўрққан ва вазиятни ўрганиш учун делегация юборган бўлиши мумкин.

Иккинчидан, ўша куни Россияда Ўзбекистонни эслаган фақат Володин бўлмади. Қозоғистон президенти сифатида қайта сайланганидан кейинги биринчи сафарини Россияга амалга оширган Қосим-Жўмарт Тўқаев РФ бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ масаласи кўриб чиқилаётганини айтиб ўтди. Бу маълумот ўзбек фаолларини жунбушга келтириб юборди, зеро Володин айтган асл “оқибат”лар АҚШда террорчилик ҳомийси деб эътироф этилган давлат билан иттифоқ бўлишдан келиб чиқиши мумкин. Бугунги глобал сиёсий вазиятни билган одам Россия билан иттифоққа кириш халқаро изоляция демаклигини жуда яхши тушунади.

Кейинроқ гап газ иттифоқи ва яна баъзи иқтисодий масалалар ҳақида экани айтиб ўтилди. Бугун Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатида ҳам кўпроқ иқтисодий ҳамкорлик масалаларига эътибор берилишида ҳам кўпчилик шунга ишора кўрди. Аммо ўзбек расмийлари яна баёнот ва тушунтиришлар билан чиқмаслиги фаолларни хавотирга солмоқда. Зеро, хоҳ иқтисодий иттифоқ бўлсин, хоҳ сиёсий, Россияга қарши сафарбар этилган халқаро санкциялар Ўзбекистонга таъсир қилишига сабаб бўлиши мумкин. Суҳбатдошимнинг таъкидлашича, ўзбек сиёсий элитаси ҳам буни яхши тушуниши ва бундай иттифоқнинг плюс-минусларини баҳолаб, жиддий таҳдид бор бўлган тақдирда мумкин қадар масалани ортга суришга интилади. Шунинг учун Россия раҳбарияти Володиннинг тили билан Ўзбекистонни бундай хатти-ҳаракатлардан “огоҳлантирган” бўлиши мумкин.

АҚШнинг “аралашуви”

Россиянинг мураккаб дипломатик ўйинлари давом этаётган бир пайтда рўй берган бир ҳолат АҚШнинг ҳам Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашуви масаласини кўтарди.

Бухоро вилоят судида Қорақалпоғистон воқеалари иштирокчилари устидан суд маҳкамаси бошланиб, 22 судланувчига қўйилаётган айбловлар рўйхати эълон қилинди. Бунинг фонида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси баёнот билан чиқди. Унда АҚШ суд жараёнини диққат билан кузатиши таъкидланган ва суд шаффоф ўтишига чақириқлар янграган:

“Америка Қўшма Штатлари июль ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган фожиали воқеаларга алоқадорликда айбланган 22 киши устидан бугун Бухорода бошланган суд жараёнларини диққат билан кузатиб бормоқда. Биз ҳукуматни ижтимоий шаффофлик бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва хавфсизлик кучлари ходимлари Ўзбекистон қонунчилигини бузган тақдирда уларни жавобгарликка тортишга ундаймиз. Биз омбудсман бошчилигидаги тергов комиссиясини ўз хулосаларини имкон қадар тезроқ эълон қилишга чақирамиз”.

Бу баёнотнинг эълон қилинишидан сўнг баъзи интернет фойдаланувчилари АҚШ ҳам Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашаётгани ҳақида ўз шубҳаларини билдирди. Айниқса Россияга хайрихоҳ пабликларда АҚШнинг аралашуви Володиннинг сўзларидан ҳам хавфлироқ экани таъкидланди.

Шунга қарамай, АҚШнинг баёноти, аввало, Володиннинг сўзларидан анча юмшоқлигини, таҳдид ёки аралашувга ўтадиган нозик чегарани бузмаганини айтиб ўтиш керак. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолият юритадиган халқаро ташкилотлар, бу борада сиёсат олиб борадиган давлатлар шу турдаги баёнотларни бериши кўп кузатилади.

Нега Ўзбекистонга “ақл ўргатишяпти”?

Халқаро қонунчиликда ҳамда дипломатиянинг қонун-қоидаларида бир давлат бошқасининг ички ишларига аралашмаслиги белгиланган. Аммо бу мавзуда тез-тез баҳслар, ихтилофлар келиб чиқади.

Аввало, “ички иш” қандай бўлиши ва унинг аниқ чегаралари турли ташкилотлар ва экспертлар наздида фарқ қилади. Масалан, муайян мамлакатда инсон ҳуқуқлари риоя этилишига чақириш “ички ишларга аралашув”ми? У ҳолда БМТ фаолияти тўлиқ шундай “аралашув”дан иборат бўлиб қолмайдими?

Иккинчидан, дипломатик муносабатлар доирасида ҳамиша муайян давлат ўз манфаатларини ҳимоя қилишга ва таъсирини ўтказишга ҳаракат қилади. Турли давлатларнинг АҚШдаги элчихоналари ҳатто лобби фирмаларини ёллаб, Конгрессга, алоҳида конгрессменларга таъсир кўрсатишга, ўз давлатининг манфаатларига мос қарорларни ўтказишга уриниши соҳа адабиётларида кўп тасвирланган.

Шундай экан, дипломатик муносабатлар доирасида “аралашув” муаммоси доимо бўлади. Муаммо бошқа ёқда. Одатда бундай “аралашув”лар маълум дипломатик этикет доирасида, маълум чегаралар ичида олиб борилади, кескинлик эса камдан-кам ҳолларда, ўртасида реал ихтилоф бор давлатларнинг ўзаро муносабатларида келиб чиқади. Ҳеч қандай долзарб конфликт бўлмаган бир жойда таҳдид қилиш, кескин баёнот бериш ана ўша конфликтни келтириб чиқарадиган омил бўлади ва бу Россия дипломатиясининг, сиёсатининг бугунги муаммосидир.

Умуман, Украинада уруш бошлаганидан сўнг Россия дипломатик оҳангини анчайин кескинлаштирган ва нафақат Ўзбекистонга, балки бошқа давлатларга қарата ҳам ультиматив баёнотлар бермоқда; рус сиёсатчиларининг халқаро минбарларда кескин чиқишлар қилиши одат тусига кириб қолди. Бошқа тарафдан, юқорида тилга олинган сиёсатшунос суҳбатдошимнинг айтишича, Россия нафақат ўзи “нодўстона” деб билган давлатлар, балки яқин ҳамкор ва иттифоқчилари билан ҳам таҳдид оҳангида гаплаша бошлагани, унинг қўлида бошқа самарали воситалар қолмаётганидан, яъни Россиянинг позициялар кучсизланиб бораётганидан далолат беради. Қолаверса, таҳдид қилиш бошқа, уни амалга ошириш бошқа.

Рус сиёсатчиси ва блогери Максим Кац чиқишларидан бирида айтган фикр билан таҳлилимизга якун ясаймиз. Унинг таъкидлашича, турли давлатларнинг ишларига аралашишни энг яхши кўрадиган давлатлар АҚШ ва Россиядир. Фарқи шундаки, АҚШ юқорида айтилган этикетни, чегараларни сақлайди, ўз манфаатларини “юмшоқ куч” воситасида илгари суришга ҳаракат қилади, Россия каби кескин ҳаракатларни кам қилади. Бундан ташқари, АҚШнинг ортида реал иқтисодий қудрат, халқаро ташкилотларнинг лояллиги, кучли иттифоқчилар турибди. Россия бундай ресурсларга эга бўлмасдан туриб ўзини АҚШдай тутишга ҳаракат қилиши унинг ўзига зиён келтиради: ҳам натижага эриша олмайди, ҳам душман орттиради.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

408

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг