Волгоградда танг аҳволда қолган 100 га яқин талаба Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўраяпти

Жамият 8216

Коронавирус пандемияси сабаб халқаро авиақатновлар тўхтатилгач, Россиянинг Волгоград шаҳрида қолиб кетган 100 га яқин ўзбекистонлик талаба Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўраб мурожаат йўллади.

Талабаларнинг QALAMPIR.UZ`га йўллаган мурожаатида уларнинг молиявий аҳволи ҳам ёмонлашиб бораётгани айтилади. Ўзбекистонлик ёшлар шу сабабдан давлат раҳбаридан чартер рейс ташкил қилишни илтимос қилган.

“Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев биз Волгоград давлат аграр университетида ўқувчи Ўзбекистон ёшлари номидан (мурожаат қиляпмиз – таҳри.). Бу ерда Ўзбекистон Республикасидан келган 100 га яқин талабалар оғир аҳволда қолмоқда. 

Хабаримиз бор, Ўзбекистонда вазият оғирлашиб бормоқда. Лекин бизнинг молиявий аҳволимиз ҳам кескинлашиб кетяпти. Шуни ҳисобга олиб, бизга чартер рейс қўйиб беришингизни илтимос қиламиз. Бу масалани амалий кўриб чиқишингизни сўраймиз”, дейилади мурожаатда.

Аввалроқ, Украинанинг Днепр шаҳрида қолиб кетган ўзбекистонлик талабалар ҳам Президентдан ёрдам сўраб мурожаат йўллаганди.

Шундан сўнг, Транспорт вазирлиги Россия, Украина ва Мисрга ўзбекистонлик талабаларни олиб келиш учун чартер рейс қўйиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан хориждаги фуқароларни қайтариш учун чартер рейслар йўлга қўйиляпти.

Бугунгача “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва хорижий авиакомпаниялар орқали 170 дан ортиқ чартер рейс амалга оширилди. Уларда 32 мингдан ортиқ фуқаро хориждан олиб келинди. Россиядан 2184 нафар фуқаро темир йўл орқали, шунингдек, Ўзбекистон чегарасига тўпланган 51 мингдан ортиқ фуқаро автобус орқали Ватанга қайтарилган. Россияда таҳлис олувчи ўзбекистонлик талабалар кўплиги боис улар учун алоҳида рейслар ташкил қилиниб, 4 мингдан ортиқ фуқаро олиб келинган. Улар карантин зонасига жойлаштирилиб, 14 кундан сўнг уйига кетган.

Чартер рейсларнинг асосий қисми Россия шаҳарларига амалга оширилган. Бундан ташқари, Туркия, Жанубий Корея, БАА, Ҳиндистон, Беларусь, Исроил, Германия, АҚШ, Латвия ва бошқа давлатларга чартер рейслар йўлга қўйилди. Расмий маълумотларга кўра, Украинага бир маротаба чартер рейс амалга оширилган.
 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 127
Рейтинг: 3
t
×