Водийда “Хизб ут-Таҳрир” аъзолари қўлга олинди. Улар муқаддам судланган

Жамият

image

Бугун, 16 октябрь куни Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлариида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган “Хизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Мавжуд маъуломотларга кўра, ушбу шахсларнинг аксарияти муқаддам “Хизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотига аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиққан бўлиб, Ўзбекистон Ҳукумати томонидан уларга кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан жиноий тил бириктириб аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, “Хизб ут-Таҳрир” ДЭТ ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар. Шунингдек, улар экстремистик ғояларидан воз кечган, муқаддам жазо муддатини ўтаб чиққан бошқа фуқароларни ҳам қайта жиноят содир этиш йўлига чорлаганлар.  

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, “Хизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти 1953 йилда Фаластин давлатида Тақиюддин Набихоний томонидан асос солинган бўлиб, мақсади – дастлаб мусулмон мамлакатларида, кейинчалик эса бутун дунёда ягона Халифалик давлатини ўрнатишдан иборат.

Бугунги кунда ушбу ташкилотнинг фаолияти Россия Федерацияси, Германия, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари ва яна бир қатор мамлакатлар ҳудудида тақиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги  қарори билан “Хизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.   

“Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз”, дейилади ИИВ хабарида. 


Мақола муаллифи

Теглар

Хизб ут-Таҳрир

Баҳолаганлар

221

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг