Уйғурлар сабаб бойкот қилинаётган Олимпиада ва UEFA’даги шармандалик... Дунё спортида нималар бўлди?

Спорт 27835
image

Якунига етаётган йилда спорт оламида жуда кўп воқеалар содир бўлди. Коронавирус туфайли 2021 йилга қолдирилган Формула 1 мавсуми, Копа Америка ва Европа чемпионати, Олимпия ўйинлари, Мессининг “Барселона”ни тарк этиши, Роналдунинг МЮга қайтиши, “Олтин тўп” атрофидаги можаролар ҳамда ўнлаб чарм қўлқоп усталари иштирокидаги ёрқин бокс жанглари спорт ихлосмандларини зериктириб қўймади.

Анъанага кўра охирлаб қолган йилда дунё спорт оламидаги энг ёрқин ва шов-шувли воқеаларни ёдга оламиз.

“Вирусли Олимпиада”

Аслида Токиодаги Олимпия ўйинлари 2020 йилнинг ёзида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус туфайли Ер сайёрасининг асосий спорт маросими жорий йилга қолдирилди.

Шунга қарамай, кўпчилик Олимпия ўйинлари 2021 йилда ҳам ўтказилмаслигидан қўрқди. Аммо, барчаси муваффақиятли бўлди. Спорт расмийлари Япония ҳукумати ва аҳолисининг норозилигига қарамай, ўйинларни ўз вақтида ўтказиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишди.

Олимпиада анча юқори савияда ўтди, дейиш мумкин. Асосий камчилик – трибуналарда томошабинларнинг йўқлиги бўлди. 750 та мусобақанинг 724 таси ёки 96 фоизи ёпиқ шароитда ўтди. Шу сабабли, Олимпия ўйинларини эмас, балки маълум бир спорт тури бўйича қандайдир саралаш турнирини томоша қилаётгандек таассурот пайдо бўлди.

Нима бўлишидан қатъи назар, расмийлар ушбу Олимпиадани ўтказишга муваффақ бўлди. Медаллар рейтингида АҚШ терма жамоаси ғолиб чиқди – 39 та олтин, 41 та кумуш, 33 та бронза. Хитой 88 медаль билан иккинчи, япониялик спортчилар эса (58 медаль) учинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон делегацияси 3 та олтин ва 2 та бронза медали эвазига 32-поғонани банд этди. Оғир атлетика бўйича Олимпиада рекордини ўрнатган Акбар Жўраев йил сўнгида Жаҳон чемпионлигини ҳам қўлга киритди, боксчи Баҳодир Жалолов эса профессионал боксда ўзининг 9-жангини ўтказиб биринчи зарбадаёқ рақибини нокаутга учратишни уддалади.

Копа Америка ва Европа чемпионати. Юраги тўхтаб қолган Эриксен

Афсуски, коронавирус бошқа турнирларга ҳам таъсир ўтказмасдан қолмади. Футбол бўйича Европа чемпионати ва Америка кубоги ҳам 2020 йилда ўтказилиши керак эди, аммо барчага маълум сабабларга кўра ҳар икки мусобақа 2021 йилнинг июль ойига қолдирилди.

Европа чемпионати ташкилотчилари ҳақиқатан ҳам ақлбовар қилмайдиган ишни амалга оширишди. Улар турнирнинг барча 11 (!) мезбон мамлакатлари билан келишмовчиликларни бартараф этишга ва Евро-2020 ўйинлари ўтказиладиган барча стадионларга томошабинлар киритилишини таъминлашга муваффақ бўлдилар. Глобал пандемия шароитида бу улкан ютуқ эди.

Мусобақанинг 1-турида Дания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кристиан Эриксен Финляндияга қарши ўйиннинг 1-таймида юрак ҳуружига учраб, ҳушидан кетди. Футболчилар ва шифокорларнинг ўз вақтида кўрсатган дастлабки ёрдами сабабли унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ушбу воқеа бутун дунёда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Турнир ғолиби эса финалда Англия устидан пеналтилар сериясида ғалаба қозонган Италия терма жамоаси бўлди. Қайд этиш жоиз, “Скуадра Адзурра” “уч шерлар”ни ўз мухлислари кўз ўнгида мағлуб этди – ҳал қилувчи баҳс Буюк Британиянинг асосий стадиони “Уэмбли”да ўтказилди.

Америка кубоги эса ва ниҳоят, Аргентина терма жамоасига насиб этди. Турнир финалида “албиселесте” мезбон Бразилияни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Аргентиналиклар учун бу ғалаба муҳим воқелик сифатида қабул қилинди. Жамоа 15-марта, 1993 йилдан сўнг биринчи бор Копа Америка олтин медалларини қўлга киритди. Бу эса Месси учун терма жамоа сафида қўлга киритилган илк соврин бўлди ва амалда “Олтин тўп” тақдирини ҳал қилди.

Мессининг кўз ёшлари ва “салфетка” воқеаси

8 август куни Лионель Месси 21 йиллик фаолиятидан сўнг “Барселона”ни тарк этишини маълум қилди. Ўтказилган хайрлашув матбуот анжуманида сўзлаган нутқида жамоадан кетиши сабабларини кўзда ёш билан изоҳлади:

“Оилам билан Барселонада, ўз уйимизда қоламиз, деб ишонардик. Лекин бугун хайрлашишим керак. 21 йилдан кейин уйимдан кетяпман. Бир неча йилдан кейин, албатта, қайтиб келаман, чунки бу ер – менинг уйим. Ўтган йили биз пандемия туфайли томошабинларсиз ўйин ўтказдик. Мен мухлисларини бир ярим йилдан бери кўрмаган клубни тарк этяпман. Стадиондаги мухлислар билан эса бошқача тарзда хайрлашмоқчиман”.

Маросимда Месси кўз ёшини артган “салфетка” онлайн аукцион орқали миллион долларга сотилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бироқ ушбу маълумот ўз тасдиғини топмади.

Роналдунинг уйга қайтиши

Роналду август ойи охирида “Ювентус”ни тарк этиб, “Манчестер Юнайтед”га қайтди. Ундан аввал 36 ёшли футболчи “Қизил иблислар”нинг азалий рақиби ҳисобланган “Манчестер Сити” билан шартнома имзолаши кутилаётган эди. Бироқ португалиялик форвард мухлислар қарғишига қолмасликка қарор қилди ва “Орзулар театри”га қайтиб келди.

Формула – 1 мавсумининг фантастик якуни

Жорий йилнинг асосий сенсацияларидан бири “Red Bull” пилоти Макс Верстаппеннинг Жаҳон чемпионлигини қўлга киритиши бўлди. У Абу-Дабидаги пойганинг сўнгги босқичида “Mercedes” пойгачиси ва ашаддий рақиби Льюис Хемилтонни мағлуб этди.

Макс чемпионликни қўлга киритмаслиги ҳам мумкин эди. Пойганинг энг охирги айланасида Николас Латифи (Уилямс) носозлик туфайли ҳалокатга учради ва трекка хавфсизлик машинаси қўйиб юборилди. Верстаппен эса тўхталишдан фойдаланиб, шиналарни алмаштиришга муваффақ бўлди ва айнан янги шиналар унга Хемилтонни айланиб ўтишга ёрдам берди.

Хемилтон саккизинчи марта Жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш ва афсонавий Михаэль Шумахернинг рекордини янгилаш имкониятини бой берди.

UEFA Чемпионлар лигаси ва қуръа ташлаш маросимидаги шармандалик

Жорий йилнинг 13 декабрь куни UEFA штаб-квартирасида ўзига хос воқеа юз берди. Тарихда биринчи марта Чемпионлар лигасининг қуръа ташлаш маросими такроран ўтказилди.

Гап шундаки, турнирнинг гуруҳ босқичида Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби Испаниянинг “Вильярреал”ига қарши баҳс олиб борган эди. Қуръада иштирок этган россиялик собиқ футболчи Андрей Аршавин саватчадаги шарни очганида МЮнинг рақиби сифатида яна “Вильярреал” “чиқди”. Қоидага кўра, бир гуруҳдан кейинги босқичга чиққан жамоалар 1/8 финалда бир-бирига қарши ўйнай олмайди. Шу сабаб бошқа шарча танланди.

Шундан сўнг, “Вильярреал”нинг рақиби сифатида “Манчестер Сити” тўғри келган бўлса, Роналду бошчилигидаги “Манчестер Юнайтед” Месси тўп тепаётган ПСЖга рўбарў келди. Асосий муаммо шундаки, МЮнинг эҳтимолий рақиблари қаторида “Атлетико” йўқ эди. Бунга испанияликлар норозилик билдиришди ва UEFA буни маъқуллади. Иккинчи маросим эса форс-мажор ҳолатларисиз ўтди.

“Олтин тўп” можароси

“Совриндор учун совриннинг аҳамияти йўқ” – “Олтин тўп” топшириш маросимини шундай тасвирлаш мумкин. Лео Месси 7-марта асосий мукофотни қўлга киритди. У бунга лойиқмиди? Савол жуда мунозарали, чунки номзодлар орасида Герд Мюллернинг Бундеслига мавсумида гол уриш бўйича “абадий” рекордини янгилаган Роберт Левандовски, “Реал”нинг асосий футболчиси бўлиш билан бирга Францияга Миллатлар Лигасида ғалаба қозонишга ёрдам берган Карим Бензема ва “Челси” сафида ЕЧЛ ва Италия таркибида Европа чемпионатида ғолиб бўлган Жоржиньо ҳам бор эди.

Бироқ мукофот Мессига топширилди. Кўринишидан, Лео ўз фаолиятида биринчи марта Америка кубогини қўлга киритгани учун. Агар шундай бўлса, яна бир савол туғилади: нега соврин 2021 йилда “Челси” билан Чемпионлар лигасида, Италия билан эса Европа чемпионатида ғолиб бўлган Жоржиньога берилмади?

Аксарият мутахассислар Месси (2021) ва чилилик Алексис Санчеснинг (2016) кўрсаткичларини таққослади. 2016 йилда Алексис “гол+пас” тизими бўйича 48 очко тўплаган (Леода 55), АПЛда “Арсенал” сафида 2-ўринни эгаллаган (Лео Ла лигада 3-ўрин), Америка Кубоги чемпионлиги ва турнирнинг энг яхши футболчиси (Месси каби) совринини қўлга киритган. Лекин 2016 йилги “Олтин тўп” учун берилган овозлар сонига кўра 20 талик рўйхатга ҳам киритилмаган.

Бироқ, ҳақиқат шуки, “France football” совринни Мессига топширди ва у айни пайтда дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиб турибди.

Лекин бу ҳеч нарсани англатмайди. Нашрнинг энг катта хатоси шундаки, 2020 йил охирида энг яхши футболчини тақдирлаш маросими бекор қилинган. Гарчи футболчиларнинг аксарияти Левандовски ўтган йилда “Олтин тўп”ни олиш кераклигини таъкидлаган бўлса ҳам.

Проф боксда янги қирол ва мутлақ Жаҳон чемпионлик унвони

Жорий йил профессионал боксда иккита мутлақ чемпионлик жанги ўтказилди. Май ойида британиялик Жош Тейлор америкалик Хосе Рамиресни мағлуб этиб, биринчи ярим ўрта вазн тоифасида (Шаҳрам Ғиёсов ва Шоҳжаҳон Эргашев рингга кўтариладиган тоифа – таҳр.) мутлақ чемпион бўлди.

Ноябрь ойида эса барча унвонларни битта вазнда бирлаштира олган яна бир буюк боксчи пайдо бўлди. Мексикалик Сауль Алварес америкалик Калеб Плантни 11-раундда нокаутга учратди ва супер ўрта вазнда IBF, WBA, WBC, WBO ва The Ring камарларини қўлга киритди. Бунга қадар эса “Канело” вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг яхши боксчиси сифатида эътироф этилар эди.

Бундан бир ой аввал Теофимо Лопесдан WВА, WВО, IBF ва WВC фрэнчайс камарларини тортиб олган Жорж Камбососни ҳам эътироф этиш мумкин. Баъзи мутахассислар уни мутлақ чемпион, деб билади. Бироқ WВC йўналишида расмий чемпионлик камари Девин Хейнига тегишли. Улар ўртасидаги баҳс 2022 йилда ўтказилса, ажаб эмас.

Жейк Пол феномени

Шоу жанглари бокс мухлислари орасида тобора оммалашиб бормоқда. Бундан ташқари, нафақат Майк Тайсон ва Флойд Мейвезер каби юлдуз спортчилар, балки ушбу спорт турига ҳеч қандай алоқаси бўлмаганлар ҳам рингга кўтарилди.

Ака-ука Поллар бокс оламига 2019 йилда кириб келган, аммо яқин вақтгача улар фақатгина “ҳеч нарсага эриша олмайдиган блогерлар” сифатида тилга олинган. Лекин сўнгги чиқишлари чиндан ҳам ҳайратланарли бўлди.

Келинг, Логан Полдан бошлайлик. Жорий йилнинг июнь ойида у бокс оламининг сўнгги йиллардаги асосий юлдузларидан бири – Флойд Мейвезер билан кўргазмали жанг ўтказди. Саккиз раунддан иборат баҳс дуранг билан якунланди. Логан жуда яхши таассурот қолдирди ва маълум оралиқларда рақибидан яхшироқ жанг қилди.

Жейк эса 2021 йилда учта жанг ўтказишга муваффақ бўлди. Апрель ойида у ММА жангчиси Бен Аскренни биринчи раунддаёқ техник нокаутга учратди. Август ойида Жейк яна рингга кўтарилди. Бу сафар ярим ўрта вазнда UFC собиқ чемпиони Тайрон Вудлини ҳакамлар қарорига кўра мағлуб этди.

18 декабрь куни Пол ва Вудли ўртасида реванш жанги бўлиб ўтди. Бу сафар Жейк рақибини нокаутга учратди. Ким билади, балки янги йилда блогер чемпионлик унвони учун курашиб кўрар. Пол эндигина 24 ёшга тўлган. Ҳатто, кўплаб ҳаваскор боксчилар профессионал боксга нисбатан кечроқ кириб келишади.

Футбол ташкилотларига қарши инқилоб – Суперлига

Европа қитъасининг энг кучли жамоалари кураш олиб бориши кўзда тутилган ягона Европа Суперлигасини ташкил этиш ҳақидаги гап-сўзлар бир неча йиллардан бери оммалашаётган, аммо ТОП клублар ушбу турнирни ташкил этишни ўз зиммаларига олишини ҳеч ким, ҳатто, тасаввур қилиб кўрмаган эди.

Шундай қилиб, 18 апрель тонгида ушбу турнир пайдо бўлгани ҳақидаги хабар бутун футбол оламини ларзага солди. Энг камида 12 та клуб иштирок этиши режалаштирилган лойиҳа (“Арсенал”, “Ливерпуль”, “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити”, “Тоттенхэм”, “Челси”, “Атлетико”, “Барселона”,  “Реал Мадрид”, “Интер”, “Милан” ва “Ювентус”) Суперлига номини олди.

Суперлиганинг ташкил этилгани ҳақидаги эълон оддий мухлислардан тортиб, йирик футбол ташкилотлари – FIFA ва UEFA штаб-квартирасидаги мансабдор шахсларнинг норозилигига сабаб бўлди. Ушбу ташкилотларнинг функционерлари иштирокчи клублар барча мавжуд мусобақалардан четлаштирилиши, бу жамоалар футболчилари эса терма жамоаларда ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди. Ушбу масалага мамлакат раҳбарлари ҳам аралашди.

Охир-оқибат, жамоатчилик босими остида лойиҳа барбод бўлди. Суперлигани биринчи бўлиб “Манчестер Сити” тарк этган бўлса, ундан сўнг, Англиянинг бошқа жамоалари “ортга чекинди”. Айни пайтга келиб Суперлига учун учта клуб – “Реал”, “Барселона” ва “Ювентус” кураш олиб бормоқда. Бу жамоалар ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун UEFA билан судда “ҳисоб-китоб” қилмоқда.

Пекин Олимпиадасига бойкот

2022 йил февралида Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинлари кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарди. Хитойда уйғурларга нисбатан инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига қарши норозилик сифатида Буюк Британия, Австралия, АҚШ ва Канада сингари мамлакатлар ўз дипломатларини ушбу мамлакатга жўнатмаслигини маълум қилди.

Шунингдек, АҚШ Конгресси компаниялардан Шинжонда ишлаб чиқарилган ҳар қандай товарда мажбурий меҳнат қўлланилмаганини исботлашни талаб қиладиган қонунни маъқуллади. Чунки Қўшма Штатлар Хитой ҳукуматини Шинжондаги асосий аҳоли қатлами бўлган уйғурларни геноцид қилишда айбдор деб топган. 

Қонун лойиҳаси Шинжонда бизнес билан шуғулланувчи йирик компаниялар, жумладан Cоcа-Cола, Nike ва Apple томонидан танқид қилинди.

Шунингдек, Шарқий Туркистонда Хитой ҳукумати томонидан олиб борилаётган тизимли босим ва ассимиляция сиёсатини ўрганиш мақсадида Буюк Британия пойтахти Лондонда ташкил этилган “Уйғур суди” Хитой ҳукуматини уйғур турклари ва бошқа миллий озчиликларни геноцид қилишда айбдор деб топди. Ҳукм жорий йилнинг 9 декабрь – Халқаро геноциднинг олдини олиш кунида эълон қилинди.

Хитой эса Пекинда ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилган давлатларни “хато ҳаракатлари учун жавоб бериши” ҳақида огоҳлантирди. Қўшимчасига АҚШ, Буюк Британия ва Австралия Олимпиададан сиёсий манипуляция учун фойдаланаётгани ҳамда бойкот эълон қилган америкалик ва ғарб сиёсатчиларини мусобақага таклиф қилишни режалаштирмаганини таъкидлади.

Мусобақа бошланишига бир ойдан кўпроқ вақт бор. Шу сабабли воқеалар ривожи қандай якун топиши маълум эмас.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 631
Рейтинг: 3
t
×