Видео: Эрон-афғон чегарасида кучли портлаш юз берди. 500 га яқин бензовоз ёнмоқда
Олам
−
14 Февраль 2021
15393Кеча, 13 февраль куни Афғонистоннинг Эрон билан чегарадош ҳудудида, Ҳирот вилоятидаги чегара пунктида юзлаб "бензовоз" портлади. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Маълумотга кўра, Эрон ҳукумати ёнғин жойига чегара орқали ўт ўчириш ва тез тиббий ёрдам машиналарини йўллаган. Маҳаллий аҳоли тўс-тўпалондан фойдаланиб, вазият назоратга олинмасдан олдин чегарани оммавий равишда кесиб ўта бошлаган.
Ҳирот вилояти губернатори Воҳид Каталининг сўзларига кўра, у ёнғинни ўчиришда Эрон ҳукумати ва мамлакатда жойлашган НАТО кучлари ва вакилларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлган. Губернатор агар уни ўчириш бўйича тезкор чоралар кўрилмаса, ёнғин вилоят электр таъминоти тизимига жиддий зарар етишидан хавотирда.
Ҳирот губернатори Матбуот котибининг сўзларига кўра, 500 га яқин автомобиль ёнган, ҳозирда ёнғин назоратга олинган. Машиналарнинг 70 таси Эронники экани айтилмоқда. Ҳодисада камида 70 киши жабрланган.
Эрон томони вазиятни назоратга олиш учун 21 та ўт ўчириш ва 20 та тез ёрдам машинасини юборган.
Ҳирот Савдо-саноат палатаси раҳбари Юнус Қозизоданинг сўзларига кўра, ёнғин миллионлаб доллар зарар етказган.
“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ёнғин 50 миллион доллардан зиёд зарур етказган”, деган у.