Вазият оғир. Президент нега Сайхунободга борганини очиқлади
Жамият
−
14 Март
32171Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилояти Сайхунобод туманига ташрифи бошланди. Айни дамда давлат раҳбари раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Давлат раҳбари сўзи аввалида нега айнан шу туманга келганини изоҳлаган.
Сайхунобод аҳолиси яхши яшашга, даромадли бўлишга, болаларини ўқитишга интилаётгани, лекин тумандаги оғир иқтисодий аҳвол бунга тўсқинлик қилаётганини айтган.
Унинг қайд этишича, тадбиркорлик, бандлик, камбағалликдан чиқаришга катта-катта маблағлар ажратилаётганига қарамай, Сайхунободдаги 19 та маҳаллада яшайдиган 83 минг аҳолининг қанчасига бу имкониятлар етиб боряпти, деган савол очиқ қолмоқда.
“Шунинг учун бугунги йиғилиш томорқа ва уй хўжаликларини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишда нафақат Сайхунобод, балки бутун мамлакатимиз учун туб бурилиш ясайди”, дейди Президент.
Йиғилишда жойлардаги ва республика даражасидаги раҳбарлар Сайхунободдаги аҳволни яхшилашга эътибор қаратмагани, пастга тушиб ишламагани, фақат йиғилиш ўтказиш билан чеклангани танқид қилинган.
Мисол учун, туманда 2 минг 400 та ишсиз бор, камбағаллик даражаси – 14 фоиз, маҳаллий бюджет тушуми 27 миллиард сўм, харажати 67 миллиард сўм.
“Бир сўз билан айтганда, Сайхунободда тадбиркорлик ўсмаяпти, Янги Ўзбекистон нафаси сезилмаяпти”, дейди давлат раҳбари.
Шу боис, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, ўрнига замонавий раҳбарлар қўйилди.
LiveБарчаси