Вазирлар Маҳкамасига бюджет бўйича янги ваколатлар берилади
Жамият
−
24 Ноябрь 2020
4356Вазирлар Маҳкамасига бюджет масалалари бўйича бир ватор ваколатлар берилмоқда. Бугун, 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди. Парламент аъзоларига қонун лойиҳаси билан бирга 2022–2023 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози ҳам тақдим этилди.
Қонун лойиҳасида бюджет соҳасига оид қатор ўзгартиришлар назарда тутилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасига коронавирус пандемияси даврида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимлаш учун республика бюджетидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ваколати берилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга юқори турувчи бюджетлардан ажратилиши режалаштирилган бюджетлараро трансферлар миқдорларини инобатга олиб, тегишли маҳаллий бюджетлар лойиҳалари баланслилигини таъминлаган ҳолда навбатдаги йил учун тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромадлар ва ҳаражатлар прогнозларига тенг миқдорда ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.
Бюджет жараёни шаффофлигини янада ошириш мақсадида, давлат бюджети ижросига доир маълумотларни вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинмаган тақдирда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ходимларига жарима қўллаш таклиф қилинмоқда.
Мажлисда парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари ва вакиллари сўзга чиқар экан, Ҳукумат томонидан тақдим этилган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари юзасидан ўз позициясини билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил давлат бюджети асосий йўналиш ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши эҳтимоли борлигидан келиб чиқиб шакллантирилган.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси