Вазир ўринбосари ОТМга киришда спортчиларга бериладиган имтиёзлар ҳақида маълумот берди

Спорт

image

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари яқинлашгани сайин, абитуриентларда қабул параметрлари билан боғлиқ бир қанча саволлар пайдо бўлмоқда. Жорий йилнинг 22 июнь куни қабул қилинган “2021/2022 ўқув йилида Ўзбeкистон Рeспубликасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси парамeтрлари тўғрисида”ги Прeзидeнт қарорида қабул жараёнлари билан боғлиқ бўлган параметрлар белгилаб берилган. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларга берилган имтиёзларнинг тартиби ўзгартирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Раҳимжон Ҳакимовнинг АОКАда ўтказилган брифингда қарорнинг тегишли қисми рақобатнинг тенглашишига ва адолат қарор топишига ёрдам беришини таъкидлади:

“22 июнь куни ОТМларга қабул қилиш бўйича муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган қарорга кўра спорт мусобақаларида ғолиб бўлган спортчиларига берилган имтиёзлар бўйича бир қатор янги параметрлар белгилаб берилди.

Унга кўра фақатгина халқаро мусобақаларда (Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари) совринли ўринни қўлга киритганлар имтиёзли равишда олий таълим муассасаларининг турдош йўналишларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинишига рухсат берилади. 

Аввалги йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлган спортчилар ҳам олий ўқув юртларига имтиёзли қабул қилинар эди. Бу йилдан янгича тартиб жорий этилди. Унинг тартиби Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда таркибида олий ўқув юрти мавжуд бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида ҳар йили Республика махсус комиссияси томонидан белгилаб берилади. Бунга икки ой муҳлат берилган. Туризм ва спорт вазирлигининг расмий саҳифасида маълум қилинади”. 

Шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этаётган спортчиларнинг асосий мақсади ҳам олий ўқув юртига киришдан иборат бўлиб қолган айтиб ўтилди.

“Бу ҳақида жуда кўп мурожаатлар келиб тушди. Қарийб икки йил давомида амал қилган тартиб таҳлил қилинганда, йилдан йилга бундай спортчиларнинг сони ортиб бормоқда. Аввалги йилларда 1200 та имтиёзли спортчининг қарийб 90 фоизи Ўзбекистон чемпионати иштирокчилари бўлган. Кейинги йил 2200 дан зиёдни ташкил этган, маҳаллий чемпионлар эса, 95 фоизни ташкил қилган. Жорий йил ҳисобидан ушбу кўрсаткич 99,5 фоизга етган. Йилдан йилга спорт мусобақалар кўпайиб, ундаги иштирок асосан имтиёз учун бўлиб қолди. Аслида ёшларни спортга жалб қилиш учун жорий қилинган имтиёз ўзини оқламади.

Жуда кўп ёшларнинг талаб ва таклифлари инобатга олиниб, шунингдек, рақобатни тенглаштириш мақсадида бу қарор имзоланган.  Эндиликда аввалги йиллардан фарқли равишда имтиёзга эга спортчилар, кечки ва сиртқи таълим йўналишларида ҳам ўқишлари мумкин бўлади”, дейди Ҳакимов.


Мақола муаллифи

Теглар

Раҳимжон Ҳакимов Қабул-2021 Спортчилар имтиёзи

Баҳолаганлар

216

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг