Ватан ҳасратида ўтган Бобур ёхуд Бобурийлар империясининг ибтидоси

Бу қизиқ

image

“Бобур – дилбар шахс. У санъат, адабиётга меҳр қўйган, ҳаёт гўзаллигидан баҳраманд бўлишни биладиган буюк ҳукмдор, Уйғониш даври одамидир”.

Ҳиндистон биринчи Бош вазири Жаваҳарлал Неру

Куни кеча эълон қилинган “Ватандан қувилган темурий. Шайбонийхон Бобурни қандай тор-мор этган?” номли мақоламизда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Самарқандга қўшин тортгани, Шайбонийхондан енгилиб, Мўғилистон томонга чекингани ҳақида маълумот берган эдик. Мағлубиятга учраган Бобур бир муддат Мўғилистон томонда қувғинда юрди. Ҳаётнинг шафқатсиз тақдири уни гоҳ чўлга гоҳида тоғу тошлар орасига ташлади. Бироқ Бобур бир дақиқа бўлса-да ўз олдига қўйган мақсадидан воз кечмади.

Бугунги мақоламизда, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бир муддат саргардонликда юргани ва Қобулни эгаллаши ҳамда Ҳиндистонга қўшин тортиб, 12 минглик лашкари билан Иброҳим Лўдийнинг 100 минглик қўшинини ер тишлатгани ҳақида маълумот берамиз.

Қувғинликдаги йиллар

1499 йилдан бошлаб Ўрта Осиёга ўз ҳарбий юришларини бошлаган Муҳаммад Шайбонийхон темурийлар ўртасидаги ўзаро ички низолардан фойдаланиб 1504 йилда бутун Мовароуннаҳрни эгаллади. Бу вақт оралиғида Бобур Мирзо Мўғулистон ва Мовароуннаҳр ерларида қувғинда юрди. Бобур бошидан жуда оғир кунларни ўтказади. Ниҳоят лашкар тўплаб, 1504 йилда Ҳисор тоғларидан ошиб, Қобул шаҳрини эгаллади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қизи Гулбадан бегим ўзининг “Ҳумоюннома” асарида шундай ёзади:

“Тўлиқ 11 йил давомида Мовароуннаҳр ўлкасида, чиғатой, темурий ва ўзбек султонлари билан шундай жанглар ва мудофаалар қиладиларки, уларнинг саноғини батафсил баён қилишга қалам ожиз ва нуқсонлидир. Охирги ҳамроҳлари ва қариндошлари бўлиб, жами 250 га яқин киши, пиёда, елкаларида чопон, оёқларида чориқ, қўлларида таёқ бўлган ҳолда беяроқ, худога таваккал қилиб Бадахшон ва Қобулга қараб йўл олдилар”.

Қобулнинг забт этилиши

1504 йилнинг сентабрь ойида Бобур Қобул шаҳрини эгаллаб, Афғонистондаги тарқоқ қабилаларни бирлаштирди. Ғазнани фатҳ этиб, ҳукмронлигини мустаҳкамлади. Бобур ўзини Афғонистон подшоҳи деб эълон қилди ва Қобулни ўз давлатининг пойтахти этиб белгилади. 

Бобур етарлича қўшин тўплагач,  Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро билан биргаликда Муҳаммад Шайбонийхон устига лашкар тортишга келишиб олади. Бироқ 1506 йилда Ҳусайн Байқаронинг кутилмаганда вафот етиши бу режани барбод қилади.

Хуросон ҳукмдори султон Ҳусайн вафотидан сўнг, икки шаҳзода Бадиуззамон Мирзо билан Музаффар Мирзолар ўртасида тожу-тахт учун кураш авж олди. Бундай қулай вазиятни кутиб турган Шайбонийхон 1507 йил Хуросонга лашкар тортди. Муҳаммад Шайбонийхон қисқа вақт ичида пароканда Ҳирот ва Хуросонни қийинчиликсиз эгаллади.

Самарқанднинг учинчи бор эгалланиши

Шайбонийхон 1510 йилда Марв яқинида Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлиб ўтган жангда шафқатсизларча ўлдирилди. Ўз лидеридан ажралган ўзбек уруғлари орасида тезда келишмовчилик бошланиб, Мовароуннаҳрдаги Шайбонийлар давлати заифлашади. Воқеалар ривожидан воқиф бўлган Бобур қалбида шоҳ Исмоил ёрдамида Самарқандни қайтадан эгаллаш умиди пайдо бўлади. Ана шу ниятда Бобур Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан битим тузди. Бобур Мирзо шоҳ Исмоил элчиларини Қобулда жуда очиқ чеҳра билан кутиб олди.

Эрон шоҳи Исмоил юборган элчилар ва Бобур ўртасидаги учрашув ҳақида Рустамбек Шамсутдиновнинг “Ватан тарихи” китобининг иккинчи қисмида шундай маълумот берилади:

“Шоҳ Исмоил элчилари Бобурга совға тариқасида шиалар одатига кўра ўралган салла тортиқ қиладилар. Бу дипломатик ўйин эди. Атрофдагиларнинг нигоҳи Бобур Мирзога қадалган, наҳотки Бобур Мирзо ўзи сунний бўлатуриб шиалар салласини кийса… Шу пайт элчилар шоҳ Исмоил Бобурга биргаликда Самарқандга қўшин тортишни таклиф қилганлигини айтадилар. Бобур Мирзо шоҳ Исмоил таклифини қабул қилади ва дипломатик маҳоратини ишга солиб: “Иншооллоҳ Самарқандни эгалласак бу саллани киямиз”, деб оғир вазиятдан чиқиб кетади”.

Агар Бобур Мирзо ўша вақтда элчи тортиқ қилган саллани кийганида атрофидаги яқинлари ундан юз ўгиришарди. Шоҳ Исмоил келишувга биноан Бобурга Самарқандни эгаллаш учун ҳар томонлама ёрдам берди. 1511 йилда Бобур Мирзо Исмоил Сафавий ёрдамида Ҳисор, Кўлоб, Қундуз, Бадахшон, Қарши ва Самарқанд шаҳарларини қўлга киритди.

Ўз орзусига етишган Бобур катта хурсандчилик билан бобоси Амир Темур пойтахтига кирди. Бироқ унинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Бобурнинг иттифоқчиси бўлган эронлик аскарлар Қарши ва Самарқанд шаҳарларини талон-тарож қилишди. Бундан ташқари, ўзбек султонлари халқ орасида “Бобур Мирзо сунний мазҳабдан воз кечиб, шиа мазҳабига ўтган”, деган миш-мишларни тарқатишди. Бундан ғазабланган халқ Бобурни қўллаб-қувватламади. Қулай вазиятда Шайбонийхоннинг ўғли Муҳаммад Темур ва жияни Убайдулло султон Бобур устига лашкар тортишди. 

1512 йил 28 апрель куни Чўли Маликда бўлган жангда Бобур енгилиб, Ҳисорга чекинишга мажбур бўлади. Шоҳ Исмоил Бобурни қўллаш мақсадида амир Аҳмад тахаллуси “Нажми соний” (иккинчи юлдуз) бошчилигидаги 12 минглик қўшин жўнатади. 1512 йилнинг ноябрь ойида Ғиждувон яқинида Бобур ва шоҳ Исмоилнинг бирлашган қўшинлари билан шайбонийлар ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтади. Мазкур жангда амир Аҳмад ўлдирилади ва Бобур Қобулга қайтишга мажбур бўлади. Бу мағлубиятдан сўнг Бобур Мовароуннаҳрдан бутунлай умидини узади.

Бобурнинг Ҳиндистонга юриши

1519-1525 йиллар оралиғида Бобур Қобул ва унинг атрофида ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлади. Ўша даврда Ҳиндистонда Деҳли ҳукмдори Иброҳим Лўдий ва Панжоб вилояти ҳокими Давлатхон ўртасида ички зиддият келиб чиққан эди. Давлатхон Иброҳим Лўдийга қарши курашиш учун Бобурдан ёрдам сураб мактуб ёзади. Бобур бу таклифга рози бўлиб, 12 минглик қўшин билан йўлга тушади.

1526 йилда Бобур ўз лашкари билан Ҳиндистоннинг Панжоб вилоятига кириб келди. Унинг қўшини Панжобдан сўнг Ҳиндистоннинг маркази томон юра бошлади. Иброҳим Лўдий ҳам ўз лашкарини олиб йўлга тушди. Икки қўшин Панипат минтақасида юзма-юз келди. Бобур лашкари таҳминан 12-13 минг атрофида бўлиб, унинг қўшинида замбараклар ҳам бор эди. Бобур Панипат жангида аниқ бир тактика асосида жанг олиб борди.

Панипат жанги

Бобур Мирзо жанг олдидан ўз лашкарини қуйидагича жойлаштирди. Қўшиннинг олд қисмида 700 та арава арқон билан бир-бирига боғланган ҳолда бир чизиқда саф тортди. Бу аравалар ўртасига замбараклар жойлаштирилди. Тўпчилар ортида камончилар, икки қанотда эса отлиқ аскар ҳужум учун шай ҳолатда турган эди.

Иброҳим Лўдийнинг қўшини 100 минг кишилик бўлиб, лашкар олдида минг нафар фил жойлашган эди. Филлар ортида отлиқ аскарлар, уларнинг ортида пиёдалар саф тортишганди. 

Иброҳим Лўдий ҳужумга ўтиш учун буйруқ бергач, олди сафда турган жанговар филлар душман томонга ҳайбат билан юра бошлади. Бобур Иброҳим Лўдийнинг қўшинида жанговар филлар борлигини билиб, бунга қарши жанг майдонида юзга яқин хандақлар қаздирган эди. Филлар қўшини Бобур лашкарига яқин келганида, аравалар ортида турган замбараклар ўқ ота бошланди. Замбаракларнинг овозидан филлар даҳшатга тушиб, ортга чекинди. Бобур қанотдаги отлиқ лашкарига душманни ўраб олиш учун буюруқ берди. Иброҳим Лўдий қўшинида тартибсизлик бошланди. Қутурган филлар пиёдаларни босиб ўтди. Деҳли қўшини мағлубиятга учради.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Деҳлини эгаллади. 27 сентябрь куни шаҳарда Бобур номига хутба ўқилиб, у подшоҳ деб эълон қилинди. 1527 йилнинг март ойида Читора ҳокими Рано Санга билан бўлган жангда ҳам Бобурнинг қўли баланди келди. Бу ғалабалардан сўнг Бобур Ҳиндистонда ўз ҳукмронлигини узил-кесил ўрнатди ҳамда Бобурийлар сулоласига асос солди. Бу сулола Ҳиндистонда 1853 йилгача, аниқроғи 332 йил ҳукмронлик қилди.

Афсуски, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу ғалабалардан сўнг кўп яшамади. Ватан соғинчи, жангу жадаллар, ички изтироблар унинг соғлигига салбий таъсир қилди. Бобур 1530 йил 26 декабрь куни 47 ёшида Агра шаҳрида вафот этди. У аввал Жамна дарёси бўйидаги “Боғи ором” деган жойга дафн этилади. Кейинчалик Бобурнинг қабри ўз васиятига кўра Қобулдаги “Боғи Бобур” деган боғга кўчирилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

275

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made