Ватандан қувилган темурий. Шайбонийхон Бобурни қандай тор-мор этган?
Бу қизиқ
−
26 Ноябрь 2021
27846Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?
Заҳириддин Муҳаммад Бобур
XV асрнинг охири XVI асрнинг бошларида Соҳибқирон Амир Темур қурган улкан салтанат чок-чокидан сўкилиб, мустақил майда бекликларга бўлиниб кетди. Ўша вақтларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда турли ҳокимлар, темурийзода шаҳзодалар ўртасида ҳокимият учун кураш энг қизиган палла эди. Шундай зиддиятли даврда ҳали 15 ёшга ҳам тўлмаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобоси Амир Темур қурган салтанатини қайта тиклаш учун кураш майдонига чиқди. Тақдирнинг шафқатсиз калтаги бу ёш шаҳзодани бир лаҳза ҳам аямади.
Бугунги мақоламизда, XVI асрнинг бошларида Мовароуннаҳрда юзага келган сиёсий тарқоқлик, Бобур Мирзонинг 12 ёшида подшоҳ бўлиши ва Самарқанд тахтини эгаллаши ҳамда унинг ҳаёт йўлидаги ўнқир-чўнқирлар ҳақида сўз юритамиз.
Бобурнинг Фарғонага ҳоким бўлиши
1494 йил. Рамазон ойининг тўртинчи кунида Ахси қўрғонида бир фалокат юз берди. Фарғона улуси ҳокими Умаршайх Мирзо Ахси тепалигида кабутарларига дон бераётган бир вақтда, жарликка қулаб, ҳалок бўлди. Унинг ўрнини тўнғич ўғил бўлган 12 ёшли Бобур Мирзо эгаллади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида шундай ёзади:
“Тангри таолонинг инояти ва коинот сарвари бўлган ҳазрат Расули акрамнинг шафоати, поккўнгил чаҳорёрларнинг ҳиммати билан сешанба куни, рамазон ойининг бешинчисида, саккиз юз туқсон тўққизинчи йили Фарғона вилоятига ўн икки ёшда подшоҳ бўлдим”.
Бобур тахтга чиққан вақтда Фарғона мушкул аҳволда қолганди. Самарқанд ҳокими Бобурнинг амакиси султон Аҳмад Мирзо Тошкент ҳокими Юнусхўжанинг ўғли Бобурнинг тоғаси султон Маҳмуд билан ўзаро иттифоқ тузиб, Фарғона устига лашкар тортиб келаётганди.
Ҳукмронлик отига минган Бобурнинг қўлидаги қалам қиличга ўзгарди. У Фарғонага қўшин тортиб келаётган амакиси султон Аҳмад Мирзо, тоғаси султон Маҳмудхонга қарши кураш бошлади. Самарқанд қўшини Андижонга етиб келди. Бироқ лашкар ҳолдан тойган, султон Аҳмад Мирзонинг тоби ҳам йўқ эди. Шу сабабли Аҳмад Мирзо жияни Бобур Мирзо билан сулҳ тузиб ортга қайтди.
Соҳибқирон тахтини эгаллаш йўлида
Бобур бобоси Амир Темур салтанатини қайта тиклаш ҳамда марказлашган давлат қуришни ўз олдига мақсад қилган эди. Ёш ҳукмдор 1495-1496 йиллардаги муваффақиятсиз юришлардан сўнг 1497 йилда Самарқанд тахтини эгаллади. Бироқ бу узоқ давом этмади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Самарқандда бор йўғи юз кунгина ҳукмронлик қилди ва тезда Андижонга қайтишга мажбур бўлади.
Тарихчилар бу борада турлича фикр билдиради. Хусусан, бир гуруҳ тарихчилар Самарқанд узоқ муддат қамал қилингани оқибатида шаҳарда озиқ-овқат танқислиги вужудга келган, шу сабабдан Бобур шаҳарни ташлаб ортга қайтган, деб таъкидлашади. Бошқа тарихчиларнинг ёзишича Бобур Мирзонинг йўқлигидан фойдаланиб, бир гуруҳ амалдорлар Андижонда исён кўтариб, унинг укаси Жаҳонгир Мирзони тахтга ўтқазишган. Оқибатда ўзбошимча бекларни танобини тортиб қўйиш мақсадида Бобур шаҳарни тарк этгани айтилади.
Мовароуннаҳрга Шайбонийхоннинг кириб келиши
Бобурни Андижонга кетганидан фойдаланган Бухородаги султон Али Мирзо 1498 йилда Самарқандни эгаллаб олади. Мовароуннаҳр ва Хуросондаги бундай бошбошдоқлик, темурий шаҳзодалар ўртасидаги ўзаро тахт талашуви халқнинг силласини қуритди. Шу паллада Дашти Қипчоқ (Сирдарёнинг юқори оқими ва Тянь-Шаннинг ғарбий ён бағридан Днепр дарёсининг қуйи оқимига қадар ёйилган даштлар)дан Муҳаммад Шайбонийхон бошчилигида ўзбек деб аталувчи чорвадор қабилалар Мовароуннаҳр ҳудудига кириб келди. 1500 йилда султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади. Бу илтифоти эвазига Шайбонийхон барча темурий шаҳзодаларни қиличдан ўтказади. Бу ҳақда Бобур Мирзо ўзининг “Бобурнома” китобида шундай ёзади:
“Деярли 140 йилдан буён Самарқанд шаҳри бизнинг уйимиз бўлиб, уни қаёқдандир келган бегона, душман келиб қўлга киритди”.
Шайбонийхондан норози бўлган Самарқанд беклари Бобурга мактуб йўллаб, уни шаҳарни эгаллашга даъват этади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1500 йилнинг кеч кузида Темур пойтахтига етиб келади. Бу вақтда Шайбонийхон Самарқандда 600 кишини қолдириб, ўзи юришга (баъзи манбаларда дам олишга) кетган эди. Халқ Бобурга шаҳар дарвозаларини очиб берди ва Бобур тахтини эгаллади. Самарқанд атрофидаги Қарши, Ғузор беклари Бобур Мирзонинг ҳукмронлигини тан олди.
Сарипул жанги. Шайбонийхон Бобурни қандай енган эди?
Воқеалардан хабар топган Шайбонийхон Туркистон атрофидан қўшин тўплаб Самарқанд устига лашкар тортади. Бу даврда Самарқандда аҳвол оғир бўлиб, шаҳар аҳолиси қурғоқчилик сабабли озиқ-овқат ва ем-хашаксиз қолганди. Бундан хабар топган Шайбонийхон юришни тезлаштиради. 1501 йилнинг апрель ойида Зарафшон дарёси бўйидаги Сарипул қишлоғида Бобур ва Шайбонийхон ўртасида жанг бўлиб ўтди. Бу жангда Бобур мағлубиятга учради.
Бобурнинг мағлуб бўлишининг асосий сабаби ёлланган мўғул аскарларининг хиёнатларида бўлса-да, бундан бошқа фактлар борлигини инкор қилиб бўлмайди. Хусусан мағлубиятнинг биринчи сабаби Бобурнинг мунажжимлар башоратига ишониб ҳаракат қилиши бўлган.
Воқеа тавсифи шуки, ҳар икки томон 5-6 кун давомида жангсиз ҳолатда, турли ҳарбий тактикалар тузиш режаси билан банд бўлган. Бобур эса атайлаб жангни кечиктиришга уринган. Бунга сабаб Ҳиротдан Ҳусайн Бойқаро томонидан юборилган Қанбар Али бошчилигидаги икки минг атрофидаги мадад кучлари Кешга етиб келган бўлиб, икки кун ичида Бобурга қўшилиши керак эди. Бундан ташқари, Бобурнинг тоғаси Султон Маҳмудхон жиянига ёрдам учун Саййид Муҳаммад бошчилигида 1500 атрофида лашкар юборган бўлиб, бу қўшин ҳам яқин орада етиб келиши керак эди. Шундай вазиятда масалага мунажжимлар аралашиб “шу кунда саккиз юлдуз оралиқда турганлигини, агар бир кун ўтса, икки ҳафта давомида саккиз юлдуз душманнинг орқасида бўлиши, бу эса кечиктирмай жангга кириш ва ғалаба қозониш лозимлигини англатади”, деб башорат қилиб Бобурни ёрдамчи кучларни кутмасдан жангга киришга даъват этадилар.
Мағлубиятнинг иккинчиси сабаби ҳарбий стратегиядаги Бобурнинг хатоси ва Муҳаммад Шайбонийнинг устамонлигидир. Жанг олдидан Бобур Мирзо қўшинни одатдагидек сафга тизиб, энг моҳир жангчилар ва саркардаларини қўшиннинг ировул (қоровул, марказда, қўшиннинг олди қисмида борувчи бўлинма) қисмида жойлаштиради. Шайбонийхон эса қўшин қанотларига тажрибали саркардалари бўлган Маҳмуд султон, Ҳамза султон ва Маҳди султон раҳбарлигидаги кучли отлиқларни жойлаштирган.
Шайбонийхоннинг ҳарбий разведкаси Бобурнинг ҳарбий кенгаши сирларидан ҳам воқиф бўлгани ҳақида тахминлар бор. Чунки Муҳаммад Шайбонийхон асосий эътиборни қанотларга қаратиб, “тўлғама” ҳарбий тактикасини қўллаган. Бу ўз навбатида Шайбонийхон душманнинг ҳарбий тактикасини олдиндан билганидан ва ҳарбий разведкаси яхши ишлаганлигидан далолат беради.
Муҳаммад Шайбонийхон душманнинг кучи, имконияти ва жанг усулларига қараб ўз тактикаларини ўзгартириб турган. Жанг бошланиши билан Шайбонийхоннинг қанот қисмлари Бобур Мирзо лашкарининг баронғор (ўнг қанот) ва жавонғор (чап қанот) қисмларини ортга суриб ташлаб, марказ қисмнинг орқасидан ёриб киради. Натижада қўшиннинг чиндовул (қўшиннинг орқаси) қисмида турган Бобур асосий қисмдан ажралиб қолган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида Сарипул жанги ҳақида шундай ёзади:
“Биз саф тортиб чиққач, ғаним ҳам рўпарада сафланиб, пайдо бўлди. Сафлар яқинлашгач, ғанимнинг ўнг қанотининг учи бизнинг орқамиз сари бурилди. Мен ҳам олға қараб, улар сари юрдим. Шу даражага етдики, ғанимнинг баъзи қари улуғлари Шайбоқхонга: “Юриш керак, тўхтаб турмоқнинг вақти ўтди“ дейишти. Ғанимнинг ўнг қаноти бизнинг чап қанотимизни босиб орқага айланди. Бизга кўмакка келган мўғул лашкарининг урушга тоқатлари йўқ эди. Ўрушмоқни қўйиб, ўзимизнинг элниёқ талаб, отдан туширишга киришдилар. Ўзбакнинг урушда бир улуғ ҳунари ушбу тўлғамадир, яъни жангга тинимсиз аскар солиб туришдир. Мен билан ўн-ўн икки киши қолиб эди. Кўҳак дарёси яқин эди. Ўнг қанотнинг учи дарёга тўқиниб эди. Дарё томонга йўналдик. Кўҳак дарёсининг энг тўлиб оқадиган пайти эди. Дарёга етишимиз билан зирҳланган ҳолатимизда сувга кирдик”.
Шундай қилиб жангда Бобур енгилди ва Самарқандда яширинди. Шайбонийхон шаҳарни узоқ вақт қамал қилиб, Бобур оғир вазиятга туширди. Қамал вақтида Шайбонийхон Бобурга шаҳарни тинч йўл билан топшириш ҳақида таклиф юборди. Таклифга биноан Бобур опаси Хонзода бегимни Шайбонийхонга узатиши керак эди. Бобур Мирзо бу таклифга рози бўлмайди ва Сармарқандни тунда тарк этишни режалаштиради. Бироқ Хонзода бегим ўз жигарини ўйлаб, яширинча шаҳар дарвозасидан чиқиб, Шайбонийхон ҳузурига боради.
Бобур Мирзо шаҳарни тунда тарк этиб, Тошкент ҳокими тоғаси султон Маҳмудхондан ёрдам сўраб боради. Бироқ Муҳаммад Шайбонийхон, Бобур Мирзо, султон Маҳмудхоннинг бирлашган қўшинларини енгади. Мағлуб бўлган Бобур Мўғулистонга қочишга мажбур бўлади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 19 ёшида ватандан қувилди. Энди унинг на тахти бор эди, на давлати. Ҳаётнинг шафқатсиз тақдири уни гоҳ чўлга гоҳида тоғу тошлар орасига ташлади. Аммо Бобур Мирзо бир дақиқа бўлса-да ўз олдига қўйган мақсадидан воз кечмади.
QALAMPIR.UZ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёт йўлини ёритишда давом этади. Кейинги мақоламизда Бобур Мирзонинг бир муддат саргардонликда юргани ва Кобулни эгаллаб, Ҳиндистонга юриш қилиб Бобурийлар сулоласига асос солиши ҳақида маълумот берамиз.
LiveБарчаси