“Вашингтон обрўсини йўқотди”. ОАВ Саудияда Москванинг “авторитети” ўсгани ҳақида ёзмоқда
Олам
−
16 Июль 2022
23166Россия Президенти Владимир Путин ва Оқ уй раҳбари Жо Байденни Ар-Риёдда қабул қилишдаги фарқ Саудияда Москва таъсири кучайганидан далолат беради. Бу ҳақда Германиянинг "Die Welt" газетасида эълон қилинган мақолада сўз боради, деб хабар бермоқда ТАСС.
Нашрнинг қайд этишича, 2017 йилда АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташрифи чоғида уни ҳашаматли кутиб олишган. Ўшанда Америка етакчиси ва Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд ҳатто анъанавий қилич рақсини ҳам ижро этган. Турар жой учун Трампга саройга ўхшаш алоҳида меҳмонхона берилган. Бироқ икки йилдан сўнг Россия Президенти Владимир Путин Ар-Риёдга борганида, уни янада дабдаба билан кутиб олишган.
Шундай қилиб, "Die Welt"нинг эслатишича, Россия раҳбарининг автомобилига ўн олтита зотдор тулпордан иборат отлиқ эскорт ҳамроҳлик қилган ва Владимир Путин қироллик оиласининг шахсий мулки ҳисобланган ҳақиқий саройга жойлаштирилган. Бундан фарқли ўлароқ, нашрнинг таъкидлашича, 15 июль куни Саудия Арабистонига келган АҚШнинг амалдаги Президенти Байден бутунлай бошқача тарзда қаршиланди.
“Америка Президенти шу ҳафта Саудия Арабистонига сафар қилганида унчалик ҳурмат қозониши даргумон. У ерда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтади, яъни Саудия Арабистони раҳбариятидан ташқари Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Уммон ва Бирлашган Араб Амирликлари; меҳмонлар Миср, Ироқ ва Иордания бўлиши керак”, дейилади нашр мақоласида.
“Die Welt”нинг таъкидлашича, Россиянинг Яқин Шарқдаги қудратининг кескин ўсиши протокол имо-ишораларида ҳам акс этади. Кўтарилиш кўп йиллар олдин бошланган, аммо Украина инқирози ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Шу билан бирга, мақолада айтилишича, АҚШ Украина масаласида “глобал Россияга қарши фронт” яратишга уриниб, иттифоқдошлари орасида биринчи кутилмаган омадсизликка учради. Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари Ғарбнинг Киевга нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватламади, БАА эса бетараф қолди ва БМТ Хавфсизлик кенгашида Россияга қарши резолюция лойиҳаси учун овоз бермади.
Байден Саудия Арабистонига Исроилга ташрифи ортидан етиб келди. У Исроилдан Саудия Арабистонига тўғридан-тўғри парвоз қилган биринчи АҚШ раҳбари бўлди.
Маълумот учун, Байден жорий йилнинг 13 июль куни Исроилга ташриф буюрди ва президентликка келганидан кейин биринчи Яқин Шарқ бўйлаб сафарини бошлади. Саудиядан олдин у Исроил, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилига борди.
LiveБарчаси