Вануатудан Мисргача: “олтин паспорт” нима беради?
Бу қизиқ
−
07 Май 10217 6 дақиқа
Дунё бўйлаб қанчалик осон ҳаракатлана олиш ва танланган манзилда қанча қолиш – шахснинг паспортига боғлиқ. Аслида бу сиз ўйлагандан кўра мураккаброқ геосиёсий масала ҳисобланади. Ултрабойлар икки ёки учта паспорт ва бир нечта фуқароликка эга бўлиш орқали кўпгина имтиёзларни қўлга киритади. Бу паспортлар кўпинча пулни хуш кўрадиган давлатлар томонидан берилади ва бойваччалар йиғинида мақтаниш учун ҳашаматли статус рамзи вазифасини бажаради. Шу билан бирга, “олтин паспорт” шахсий ҳаёт ёки туғилган юрт хавф остида қолганида қочиш учун имконият эшиги ҳамдир.
“Олтин паспорт” нима?

Баъзи мамлакатлар томонидан таклиф қилинадиган Citizenship by Investment –инвестиция эвазига фуқаролик (ИЭФ) дастурлари баъзида “олтин паспорт дастурлари” деб ҳам аталади. Бундай дастурлар орқали шахслар муайян молиявий инвестиция эвазига чет эл фуқаролигини олиш имкониятига эга бўлади. “Immigrant invest” нашрининг ёзишича, бу одатда кўчмас мулк, давлат облигациялари ёки маҳаллий бизнесга қаратилган инвестициялар бўлиши мумкин.
Инвесторлар учун асосий афзалликлардан бири – глобал ҳаракатчанликнинг кенгайишидир. Паспорти заиф бўлган мамлакат фуқаролари “олтин паспорт” сотиб олса, кўплаб давлатлар учун визасиз ёки визани келганда олиш имкониятига эга бўлади.
Иккинчи паспорт сиёсий ёки иқтисодий беқарорлик ҳолатларида хавфсизлик кафолати сифатида хизмат қилиши мумкин, бу эса бошқа бир давлатда яшаш ёки бизнес юритиш имконини беради. Мезбон мамлакатлар учун эса бу дастурлар катта ҳажмдаги хорижий инвестицияларни жалб қилиши билан фойдали.
“Олтин паспорт”нинг 7 та фойдаси
- Глобал ҳаракатчанлик. “Олтин паспорт” кўплаб мамлакатларга визасиз ёки киргандан сўнг виза олиш имкониятини беради, бу эса паспорт эгасининг эркин саёҳатини таъминлайди.
- Инвестиция имконияти. “Олтин паспорт” ўз эгасига янги бозор, кўчмас мулк ва бизнесдан ташқари, инвестициянинг ўзидан даромад олиш имкониятини ҳам беради.
- Солиқларни оптималлаштириш. Баъзи “олтин паспорт” таклиф қилувчи мамлакатлар қулай солиқ тизимига эга. Масалан, Кариб денгизи минтақасидаги кўпгина давлатлар шахсий даромадга солиқ солмайди, Вануату эса компаниялар учун атиги йиллик 300 АҚШ доллари миқдоридаги 20 йиллик тўловни белгилайди.
- Хавфсизлик. Иккинчи паспорт сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий нотинчлик пайтида хавфсиз бошпанани кафолатлайди. Паспорт эгаси исталган вақтда бу давлатга кириб, чекланмаган муддат давомида қолиши мумкин.
- Таълим ва соғлиқни сақлаш. “Олтин паспорт” эгаси янги мамлакат таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидан маҳаллий фуқаролар каби фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
- Оила аъзолари учун фойда. Аксарият “олтин паспорт” дастурлари оила аъзоларига ҳам фуқаролик беради (асосан, турмуш ўртоқ ва фарзандлар учун), бу эса бир хил афзалликлардан фойдаланиш имконини таъминлайди.
- Ҳаёт сифатини ошириш. Янги мамлакат фуқаролиги яхшироқ иқлим, маданият ва ҳаёт сифати каби қулайликларни таклиф этади.
Бундай афзалликларга қарамасдан, дунё мамлакатларининг асосий қисми “олтин паспорт” сиёсатига қарши. Чунки бундай дастурлар “бойларга кўпроқ имконият бериш”ни англатади ҳамда хавфсизлик ва ҳалолликни савол остида қолдиради. Шундай бўлса-да, катта инвестиция эвазига ўз фуқаролигини сотувчи давлатлар ҳам талайгина. Қуйида уларнинг бир нечтаси.
Доминика. Инвестиция талаби жуда паст бу давлат фуқаролигини олиш учун Иқтисодий диверсификация жамғармасига 200 минг доллар хайрия қилиш ёки шунча қийматдаги кўчмас мулк сотиб олиш кифоя. Кўчмас мулк 3 йилдан сўнг сотилиши ва инвестиция қайтарилиши мумкин.

Доминика паспорти эгалари 140 дан ортиқ мамлакатга визасиз саёҳат қила олади. Яна бир фойдали жиҳат солиқларни оптималлаштиришдир: мамлакатда бойлик, совға, капитал даромад ва мерос солиқлари йўқ.
Антигуа ва Барбуда. Камида 230 минг доллар миқдорида Миллий тараққиёт жамғармасига хайрия қилиб мазкур давлат фуқаролигини олиш мумкин. Шунингдек, маҳаллий компанияга инвестиция қилиш орқали ҳам фуқаролик олиш мумкин, бунинг учун камида 400 минг доллар талаб қилинади. Паспорт олишга 6 ой сарфланади.

Антигуа ва Барбуда фуқаролари олдиндан виза олмасдан 150 дан ортиқ мамлакатга саёҳат қилиши мумкин, шунингдек, АҚШ учун 10 йиллик ташриф визасини олиш ҳуқуқига ҳам эга. Бу мамлакатда яшовчилар шахсий даромад, мерос, капитал даромад ёки дивиденд учун солиқ тўламайди.
Вануату. Дунёдаги энг арзон ва энг тез ИЭФ дастурига эга ушу давлатда атиги 130 минг доллар хайрия эвазига фуқаролик олиш мумкин. Бу маблағ давлат жамғармасига тушади ва мамлакат иқтисодиёти ҳамда табиий офатлар билан курашишда фойдаланилади.

Яна бир вариант – CNO Future Fund компаниясининг акцияларини харид қилиш. У кокос ёғидан қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Минимал инвестиция – 157 минг доллар, бу маблағ 5 йилдан сўнг қайтарилиши мумкин.
Тил ёки тарих имтиҳонлари мавжуд эмас, бироқ биометрик маълумот топшириш учун Вануату ёки унинг Брюссель, Дубай, Гонконг ёки Янги Каледониядаги элчихоналаридан бирига ташриф буюриш керак.
Инвесторлар халқаро бизнес компанияси ташкил қилиш орқали 20 йил давомида корпоратив фойда, шахсий ва капитал даромад, мерос ёки хайрия солиқларидан озод этилади. Бунинг ўрнига йиллик 300 доллар тўлов қўлланилади.
Миср. 2020 йилда ИЭФ дастурини ишга туширган ушбу давлат паспортини олиш учун тўртта вариант мавжуд:
- Қайтарилмайдиган хайрия – 250 минг доллар;
- Кўчмас мулк хариди – 300 минг доллар;
- Бизнесга инвестиция – 350 минг доллар;
- Марказий банкдаги депозит – 500 минг доллар.

Кўчмас мулк ва бизнес инвестициялари 5 йилдан сўнг, банк депозити эса 3 йилдан кейин қайтарилиши мумкин.
Шунингдек, Миср фуқароси бўлиш учун араб тили ёки тарих имтиҳонлари талаб этилмайди ва мамлакатда яшаш шарт эмас. Бундан ташқари, корпоратив солиқдан озод бўлган 9 та эркин иқтисодий зонада корхона очиш ҳам мумкин.
Туркия. Ушбу давлат фуқаролари 120 дан ортиқ мамлакатга визасиз саёҳат қилишлари мумкин. Туркия ИЭФ дастури бўйича бешта вариант таклиф қилади ва буларнинг орасида кўчмас мулк сотиб олиш энг арзон ва оммабоп йўлдир. Бу усулда ариза топшириш учун тураржой ёки тижорат мулкига энг камида 400 минг доллар тикиш керак. Бошқа вариантлар:
- бизнесга инвестиция – 500 минг доллар;
- банкка депозит – 500 минг доллар;
- инвестицион фонд бирликлари хариди – 500 минг доллар;
- ҳукумат облигациялари хариди – 500 минг доллар.

Барча вариантлар инвесторга фуқароликни олганидан уч йил ўтиб маблағини қайтариш имконини беради.
Австрия. Мазкур давлатда дунёдаги энг қиммат ИЭФ дастурларидан бири мавжуд. Энг кучли паспортлардан бири ҳисобланган Австрия паспортига эга чиққанлар 170 дан ортиқ мамлакатга визасиз саёҳат қилиши мумкин.

Аризаси кўриб чиқилиши учун номзод мамлакат иқтисодиётига уч йил давомида фаол инвестиция киритиши керак. Австрия фуқаролиги учун қатъий талаб мавжуд эмас, аммо бу одатда 2-10 миллион евро оралиғидаги инвестицияларни ўз ичига олади.
“Олтин имконият”нинг қора томони
Хориж матбуоти иддаоларига кўра, сўнгги йилларда санкциялардан қочиш учун айнан ушбу олтин паспорт каби дастурлардан фойдаланилмоқда. 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг, АҚШ расмий вакили бундай дастурларини бой руслар учун бошқа мамлакатларда фуқаролик олиш ва айрим молиявий тизимларга кириш воситаси сифатида таърифлаган эди.
Маълумотларга кўра, “олтин паспорт” бир қанча ноқонуний фаолиятлар учун кўприк вазифасини ҳам бажаради:
- Пул ювиш;
- Солиқдан қочиш.
Иммигрант инвестор дастурларининг энг кўп учрайдиган салбий жиҳатларидан бири бу санкциялар рўйхатидаги шахслар фаолиятини қонунийлаштиришидир.
Юқоридаги ва бошқа бир қанча сабаблар туфайли кўпгина давлатлар ўзининг ИЭФ дастурларини тугатмоқда ёки қайта кўриб чиқмоқда.
Live
Барчаси