Ван Дамм Украинага борди
Маданият-санъат
−
14 Декабрь 2022
10827Таниқли актёр Жан-Клод Ван Дамм бир неча кундан буён Украинада бўлиб турибди. У кеча, 13 декабрь куни Украиналик ҳарбийлар билан кўришган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Гап шундаки, актёр 8 декабрь куни Украина ғарбидаги Закарпатия вилоятида жойлашган шифохонада кўриниш берган. Шу ерда ишлайдиган шифокорнинг таниқли актёр билан тушган сурати ижтимоий тармоқларда тарқалган. Бироқ, актёр нима сабабдан шифохонага келгани номаълумлигича қолган.
13 декабрь куни эса Ван Даммнинг украиналик полиция ходимлари билан тушган сурати ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. 13 декабрдан 14 декабрга ўтар кечаси TikTok'да актёрнинг Украина Қуролли кучлари аскарлари билан биргаликда “Слава Украине” деб бақиргани акс этган видео тарқалди.
Актёр ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Украинада тушган фото ва видео материаллари билан бўлишмаган ва вазиятга изоҳ бермаган. Аммо ОАВ Ван Даммнинг кутилмаганда Украинада кўриниш бериш сабаби сифатида украиналик қайлиғи Алена Каверин билан учрашиш, деган тахминларни илгари сурган.
Маълумот ўрнида, Жан-Клод Ван Дамм 2020 йилда Украинада тасвирга олинган “Сўнгги ёлланма аскар” сериалида ҳам суратга тушган эди.
LiveБарчаси