Вакуум ичида қолган Ливан. Бейрутда нималар бўлмоқда?

Олам 3869
image

Жорий йилнинг 15 январь куни Ливан пойтахти Бейрут шаҳри кўчаларига бир гуруҳ намойишчилар чиқди. Улар машина покришкалари ва чиқинди бакларини ёқиб марказий кўчалардан бирининг ҳаракатини тўхтатиб қўйишди.

Шаҳарнинг Корни ал Мазраа кўчасида содир этилган ушбу намойиш оқибатида машиналар тирбандлиги бир неча километрга чўзилди. Воқеа одамлар ишдан қайтаётган вақтда содир этилди, шу сабаб транспортда ҳаракатланиш ҳолати янада оғирлашди. 

Аввалига полиция ходимлари намойишчиларга қарши ҳеч қандай чора қўлламади, улар билан музокара олиб боришга ҳаракат қилди. Айрим жойларда оловлар ўчирилди, транспорт воситалари ҳаракати тикланди. Аммо намойиш шу билан тўхтамади. Юзлаб одамлар полиция участкаси олдида митинг ўтказишди. Вазият жиддий тус ола бошлади.

Намойишчилар нима исташмоқда?

Ливаннинг LBC телеканалининг маълум қилишича, ҳукуматга қарши намойиш иштирокчилари 48 соат ичида мамлакатда янги ҳукуматни шакллантиришни талаб қилишмоқда.

Улар янги тайинланган бош вазир Хассан Диябанинг уйи олдида йирик митинг ўтказишган. Агар икки кун ичида талаблари қондирилмаса “янги ҳаракатлар” бошлашларини маълум қилишган. 

Тўқнашувлар...

Шундан сўнг, Бейрутдаги Марказий банк биносида намойишга чиққанлар ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарата тош отишни бошлашган. Полиция эса ўз навбатида кўз ёш келтирувчи газлардан фойдаланган.

Намойишчилар чиқинди бакларини ёқишган ва Марказий банкка олиб борадиган йўлни ёпиб қўйишган. Воқеа жойига жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тез ёрдам хизмати етиб келган. Тўқнашувлар ҳақида хабарлар тарқалгач, банкка намойишчиларнинг янги оқими кела бошлаган. Полицияга ҳам ёрдамчи кучлар келиб қўшилган.

Гувоҳлардан бирининг маълум қилишича, намойишчилар Хамрадаги банкларнинг ташқи кузатув камераларини синдиришган, деразаларига қарата турли буюмлар улоқтиришган. Орадан бир мунча вақт ўтиб, полиция ва армия Бейрутдаги айрим туманларда вазиятни ўз қўлига олган, вазият барқарорлашган.

Ливандаги “Қизил хоч” жамияти берган сўнгги маълумотларга кўра, намойишчилардан 35 киши, полициядан эса 15 дан зиёд ходим жабрланган. 59 киши қўлга олинган.

Ливаннинг иқтисодий аҳволи қандай?

Ливанда иқтисодий ва молиявий ҳолат борган сари ёмонлашиб бормоқда. Мамлакат Президенти Мишель Аун октябрь ойининг бошиданоқ давлат молиявий блокада ва санкциялардан қийналаётганини маълум қилган эди. Банк секторида валюта тақчиллиги ҳам кузатилмоқда. Хусусий тадбиркорлар нақд пулсиз савдо қилишдан бош тортишмоқда. Шу боис сўнгги 30 йил ичида Ливан фунти долларга нисбатан пасайишни бошлади. Ҳозир мамлакатда 1 доллар 2400 фунтни ташкил қилмоқда.

Октябрда ҳукуматга қарши намойишлар бошланганди. Ўшанда намойишчилар иқтисодий ислоҳотлар ва коррупция схемаларида иштирок этган амалдорларни жавобгарликка тортишни талаб этишган эди. 29 октябрь куни Саад Харирий ҳукумати истеъфо берган, аммо бу ҳам намойишларни тўхтата олмаганди. Мамлакат икки ойдан буён сиёсий вакуум ичида қолган. Ливанда Хассан Дияб бош вазир бўлди, аммо янги ҳукумат ҳали тўла шакллантирилганича йўқ.

Сарвар Анвар ўғли

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 82
Рейтинг: 2.9
t
×