Вакцина олишга йўқ деганларни иш жойида нималар кутмоқда?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Унга кўра, Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда), иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид кўшимча киритилди.

Юқорида келтирилган Қонун лойиҳаси эълон қилинганда, аҳоли орасида “Вакцина олмаган давлат идоралари ходимлари энди ишдан бутунлай бўшатиладими”, деган турли хил баҳсли саволлар пайдо бўлди

Ишдан четлаштириш нима дегани? 

Ходим Меҳнат кодексининг 113-моддасида назарда тутилган “ишдан четлаштириш” билан 100-моддасидаги “ишдан бўшатиш” сингари тушунчалар бошқа-бошқа ҳолатларни акс эттиради. Бунда ишдан четлаштиришнинг меҳнат шартномасини бекор қилишдан асосий фарқи шундаки, ишдан четлаштирилганда, ходимнинг меҳнат фаолияти бекор қилинмайди, балки вақтинча тўхтатиб турилади. Шунингдек, ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланмайди. Бундан кўринадики, Меҳнат кодексининг 113-моддасида назарда тутилган тартиб 100-моддадаги, яъни Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Вакцина олмаган ходимларни ишдан четлатиш нафақат иш жойида ёки иш берувчи-ташкилот ҳудудида, балки меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган бошқа жойларда ҳам бўлиши мумкин. Масалан, олис иш объектида, иш берувчининг топшириғи билан юборилган бошқа ташкилотда, хизмат сафарида ва бошқаларда.

Вакцина олишга мажбурлаш мумкин эмас!

Меҳнат кодексининг 113-моддасига мувофиқ ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссия тавсияларини бажармаган тақдирда, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақлидир. Лекин иш берувчи ходимни тиббий кўрикдан ўтишга ёки эмлашга мажбурлай олмайди, ходим эса ундан бош тортишга ҳақлидир. Мазкур ҳолатда, албатта, тиббий кўрикдан бош тортганлик ҳақида далолатнома тузилади ва ушбу далил қайд этилади.

Таъкидлаш жоизки, бундай рад этиш низо судгача етиб борган тақдирда, ходимга қарши далил бўлади. Ходимни ишдан четлаштириш унинг то вакцина олгунига қадар давом этиши мумкин. 

Меҳнат кодексида асос йўқ!

Меҳнат кодексида ишдан четлаштириш механизми аниқ баён этилмаган, бунинг учун қайси ҳужжатлар асос бўлиши, қайси ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши кўрсатилмаган. Ишдан четлаштириш қонуний бўлиши ва ходим келгусида эътироз билдиришига имконият бўлмаслиги учун мазкур тартиб-таомилни тўғри расмийлаштириш муҳимдир.

МКнинг 113-моддасида ишдан четлаштиришни мажбурий тартибда ёзма шаклда расмийлаштириш назарда тутилмаган. Бироқ, келгусида ходим билан низолар ва зиддиятлар бўлмаслиги учун иш берувчининг ҳаракатларини ҳужжатлаштириш тавсия этилади.

Ишдан четлаштиришга оид буйруқ қандай расмийлаштирилади?

Буйруқ тиббий кўрик натижалари бўйича олинган хулоса, у мавжуд бўлмаганда эса  мавжуд бошқа ҳужжатлар асосида чиқарилади. Буйруқда қуйидагилар кўрсатилади:

•    ходимнинг Ф.И.О. ва лавозими (касби) кўрсатилган ишдан четлаштириш учун асослар;
•    ходим ишга қўйилмаган давр (иш куни ёки смена охиригача);
•    ходим меҳнат мажбуриятларига қайта киришган вақт.

Бундан ташқари, буйруқда бухгалтерияга ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланмаслиги ҳақида кўрсатма берилганлиги қайд этилади.

Маълумот учун, дунёнинг ривожланган  топ “йигирматалик” мамлакатларидан фақат Индонезия ва Саудия Арабистонида  коронавирусга қарши мажбурий эмлаш жорий қилинган.  Индонезияда эмлашдан бош тортганлар жаримага тортилса, Саудия Арабистонида барча давлат ва хусусий корхонларнинг ходимларига эмлаш мажбурий этиб белгиланган. Қиролликда вакцина олмаган фуқароларга маъмурий жарима қўлланиши белгиланамаган бўлса-да, вакцина олмаган фуқаролар мусассаларга, тадбирларга, жамоат транпортларига ва савдо марказларига киритилмайди. 

Жумладан, бугунги кунда Ҳиндистон, Хитой, Россия ва Италияда  ҳукумат аллақачон аҳолининг айрим тоифаларига ёки айрим ҳудудларга мажбурий эмлашни жорий қилган. Европа Иттифоқида Италия мажбурий эмлаш жорий қилган биринчи ва ҳозирча ягона давлат бўлиб қолмоқда. Италияда  Парлемент қарорига кўра, май ойидан бошлаб мажбурий эмлаш жорий қилинган. 

Австралия, Франция ва Буюк Британия эса фақат қариялар уйи ходимлари мажбурий эмлаш талаблари қўйилган. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг