“Вабо” французларга ёрдам бера оладими?

Олам 3830
image

Альбер Камюнинг илк маротаба 1947 йилда нашр этилган "Вабо" романининг сотуви январь-февраль ойларида, дунёда коронавирус тарқалиши фонида, деярли тўрт баравар ўсди. Бу маълумотларни Edistat ихтисослашган статистика хизмати тақдим этган.

Маълумотларга кўра, йилнинг биринчи саккизинчи ҳафтасида республика аҳолиси "Вабо"ни кўпроқ сотиб олган. Сотувнинг юқори даражаси тўртинчи ҳафтада, Францияда илк инфекция ҳақидаги хабар пайдо бўлганида кузатилди. Ўшанда ушбу роман 1,7 минг нусхада сотилди. Кейинчалик сотувлар аста-секин пасая бошлади.

Таъкидланишича, бадиий асарлар сотилишининг ўсиши жамиятдаги кайфият билан узвий боғлиқ. Хусусан, 2015 йил ноябрь ойида Париж ва унинг атрофларида содир бўлган, 130 кишининг ҳаётдан олиб кетган қатор терактлардан сўнг, Эрнест Ҳемингуэйнинг Париждаги ҳаёт ҳақидаги эсдалик китоби - "Ҳар доим сен билан бирга бўладиган байрам", айниқса,машҳур бўлган эди.

“Ҳозир жамиятда коронавирус сабабли тушкун кайфият ҳукмрон. Буни Камюнинг “Вабо” асари кўп нусхада сотилаётгани ҳам кўрсатиб турибди. Чунки французлар мураккаб дамларда ўз кайфиятларига қараб маҳаллий ёки хориж адабиётига доим мурожаат қилиб келган”, дейилади ихтисослашган статистика хизмати маълумотида.

Франция соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран кеча, 2 март куни Францияда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 191 тага етганлигини, февраль ойининг ўрталаридан бошлаб мамлакатда касаллик туфайли тўрт киши ҳаётдан кўз юмганлигини айтди.

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 91 303 нафарга етди. Ушбу касалликдан 3124 киши вафот этди. 48 005 бемор шифо топган.

Коронавирус энг кўп тарқалган давлатлар: Хитой (80151 бемор – 2944 нафар вафот этган), Жанубий Корея (5186 – 34), Италия (2036 – 52), Эрон (1501 – 66), Япония (274 – 6).

Сарвар Анвар ўғли

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 91
Рейтинг: 2.9
t
×