Вэнгер таклиф қилган офсайд қоидаси қабул қилинмайди – ОАВ
Sport
−
09:29 108 2 minutes
“Арсенал” клубининг собиқ бош мураббийи Арсен Вэнгер томонидан таклиф этилган офсайд қоидаси қабул қилинмаслиги эҳтимоли юқори. Бу ҳақда “The Times” нашри хабар берди.
2025 йил баҳорида Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) офсайд қоидасига ўзгартириш киритишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Таклифга кўра, ҳужумчи фақат бутун танаси билан рақибнинг охирги ўйчисидан олдинда бўлган тақдирдагина офсайд ҳолатида деб топилиши керак эди.
Амалдаги қоидаларга кўра эса футболчи танасининг гол уриш мумкин бўлган исталган қисми рақиб дарвозасига яқинроқ бўлса, офсайд қайд этилади.
2026 йил март ойида Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Канада Премьер-лигасида (CPL) мазкур қоидани синовдан ўтказиш бошланишини эълон қилганди.
“Арсен Вэнгернинг “бўшлиқ офсайд” қоидаси бўйича режаси муваффақиятсизликка учрайди. Чунки синовлар янги тартиб жамоаларни янада чуқурроқ ҳимояланишга мажбур қилишини кўрсатди”, деб ёзган журналист.
“The Times” маълумотига кўра, ушбу таклиф муаллифи Арсен Вэнгернинг ўзи ҳам Канададаги синовлар натижаларидан қониқмаган. Футболни тартибга солувчи ташкилотлар янги қоиданинг қабул қилинишига қарши чиқиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг январь ойида UEFA ҳамда Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия футбол федерациялари офсайд қоидасига киритилиши таклиф этилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватламаслиги маълум қилганди.
Live
All