Узун бўйин, митти оёқ, пластинкали лаблар ва семиз куёвлар – ғалати гўзаллик стандартлари
Таҳлил
−
03 Март
9422Дунёнинг турли нуқталарида гўзаллик турли йўллар билан ифодаланади. Бир мамлакатдаги стандарт бошқа мамлакатдагидан буткул фарқ қилиши мумкин. Чирой ҳамма жойда бир хил маънони англатади, аммо турли хусусиятларга нисбатан қўлланади. Мақолада баъзи халқларнинг узоқ йиллардан буён қўллаб келаётган ва бошқалар учун ғалати туюладиган бир қанча гўзаллик меъёрлари ҳақида сўз боради.
Узун бўйинли гўзаллар
Мьянма аёллари бўйинни узайтириш учун тақиладиган металл ҳалқалари билан машҳур. Бу нафақат чирой, балки аёлнинг ижтимоий ҳолати ва ёши ҳақидаги маълумот ҳамдир. Оиланинг моддий имкониятига қараб, қизалоқлар 5-6 ёшдан ҳалқа тақишни бошлайди. Маҳаллий аҳоли фикрича, бўйин қанча узун бўлса, аёл шунча гўзаллашиб бораверади. Каян халқи бу урф-одат дастлаб аёлларни камроқ жозибадор, яъни хунукроқ қилиб кўрсатиш ва шу орқали уларни душман қабилалар томонидан ўғирлаб кетилишининг олдини олиш учун жорий қилинганини айтади. Кейинчалик даврларга қараб тушунчалар ҳам ўзгарган ва ҳозир бу анъана маданий меросни сақлаш мақсадида давом эттирилмоқда. Бироқ ҳалқа тақишнинг салбий томонлари ҳам бор. Масалан, уларнинг сони ортгани сари вазни ҳам оғирлашиб боради ва ҳатто 20 килограммгача етган ҳолатлари ҳам бўлган. Бундан ташқари, оғир бўлмаган ҳалқалар ҳам асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи аёлларга дала ишларини қийинлаштириб, оғриқ беради. Бундан ҳам даҳшатлиси, узоқ йиллар тақиб юрилган ҳалқалар олиб ташланганида бўйин умуртқаси синиб кетиши оқибатида ҳаттоки, ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.
“Гўзал эркаклар”
Африканинг беш мамлакатида тарқалган Водабе қабиласи эркакларининг ўзига хос машҳур урф-одатлари бор. Гап шундаки, улар турмуш қуриш учун бутун таналарини бўяб, нафис рақслар ижро этиш орқали аёлларни ўзига жалб қилишга ҳаракат қилади. Эркакларга “имконият”дан фойдаланиб, ўзларини яхши томондан кўрсатиш учун бир ҳафта вақт берилади. Бу даврда аёллар энг “гўзал эркак” учун баҳслашади.
Дунёдаги энг “бежирим” қабила сифатида танилган Водабе эркаклари доимо ёнларида ойна олиб юради ва ҳатто чорва боқишга чиқишдан олдин ҳар куни эрталаб ташқи кўринишларини тартибга келтириш учун вақтларини аямайди.
Ўткир тишлар
Қанчалар мантиқсиз туюлмасин, кўпгина халқлар ҳам ўз аждодларининг урф-одатларини ҳалигача давом эттириб келади. Шунингдек, ривожланган мамлакатлар ҳам бундан мустасно эмас. Масалан, бошқалардан фарқли ўлароқ, Япония аёллари учун қийшиқ ва учи ўткирланган тишлар гўзаллик тимсолидир. Баъзи аёллар минглаб доллар сарфлаб, ўз тишларини “вампирларники”га ўхшатишга ҳаракат қилади. Ушбу жараён “яеба” деб номланади ва япон эркаклари учун бу жозибадорлик демакдир. Қолаверса, уларнинг наздида бундай тишлар аёлларни “болалар каби беғубор ва ёқимтой” кўрсатади. Япония стоматологлари орасида вақтинчалик ёки доимий ёпиштириладиган сунъий тиш қопламларини ўрнатиш амалиёти энг оммалашган ва талабга мос ҳисобланади.
Пластинкали лаблар
Африкадаги Мурси, Чай ва Тирма қабилалари ҳали ҳам пастки лабга йирик керамик пластинка жойлаштириш анъанасини сақлаб қолган кам сонли жамиятлардан биридир. Бу одат аёлларни янада гўзалроқ кўрсатиш учун қўлланилади. Қизлар мазкур урф-одатга тахминан 15 ёшдан мурожаат қила бошлайди ва юзнинг чўзилиш жараёни узоқ йиллар давом этади. The shscourier нашри маълумотларига кўра, пластинканинг катталиги қабилалар ўртасида ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга. Бироқ инсон терисининг табиий эластиклиги туфайли кўпинча пластинка катталиги кишининг турмуш шароити ва тана хусусиятларига боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.
Лой ўраладиган сочлар
Ҳимба қабиласи аёллари орасида жуда муҳим роль ўйновчи мазкур соч турмаги гўзалликдан ташқари, уларнинг оилавий ҳолати, ёши, бойлиги ҳамда жамоадаги мавқеини ҳам акс эттиради. Бундай соч турмакларини яратиш ҳамда мураккаб ва ижтимоий рамзий маъноларни акс эттириш учун қабиладош аёллар соатлаб вақт сарфлайди. Узун соч ўримларига эришиш учун эчки юнгидан фойдаланиш ёки сунъий соч қўшиш мумкин. Ўрилган сочларни безаш учун буталардан фойдаланилади ва қизил тупроқдан тайёрланган махсус лой ўралади. Қалин ва жилодор ўримлар унумдорлик белгиси ҳисобланади, шунингдек, қабила эркаклари бундай соч турмакларини жуда жозибали деб билади.
Семиз куёвлар
Дунё аҳолиси ортиқча вазндан қийналиб, ундан қутулиш учун ҳаракат қилаётган бир пайтда Боди қабиласи орасида семириш гўзаллик белгиси ҳисобланади. Шу сабабли, қабила йигитлари оила қуришдан олдинги олти ойда уйдан чиқмай, фақат ҳайвон қони ва сут ичиш билан “шуғулланади”. Бу орқали улар максимал даражада вазн йиғишга ҳаракат қилади. “Еб-ичиб ётиш” мазза бўлса керак, дейишга шошилманг, Эфиопиянинг жазирама иссиғи туфайли икки литрлик қон ва сут аралашмасини тезда ичиб тугатиш керак, акс ҳолда у қуюқлашиб кетади. Бундай аралашмани эса ичиш осон эмас ва қайт қилиб юбориш мумкин.
“Семириш марафони” ниҳоясига етгач, бўлажак куёвлар қабила аҳлига ўзлари орттирган вазнни намойиш қилади. “Танлов”да ғолиб бўлган “семиз чемпион” бутун умри давомида қаҳрамон сифатида эъзозланади.
Аёлларни ром қилиш учун баданга нақш чизиш
Эфиопия нафақат тўйдан олдин семиртириладиган куёвлари, балки бир умр аёлларни жалб қилиш мақсадида танасига нақшлар тушириб юрадиган эркаклари билан ҳам танилган. Умуман олганда, бу ерда инсон табиати аслини намоён қилади, дейиш мумкин. Чунки бошқа жамиятлардан фарқли ўлароқ, мазкур ҳудудда “эътибор” учун аёллар эмас, эркаклар курашади. Бу ерда аёллар чинакам қадрланади ва эркаклар ҳар доим нозик жинс вакилларини жалб қилиш учун ўз усулларида курашади. Масалан, Каро қабиласи эркаклари бу ишни танага нақш чизиш орқали амалга оширади. 500 йилдан буён сақлаб келинаётган ушбу анъана оқ бўр ёрдамида баданга чизгилар тушириш билан намоён этилади. Маҳаллий аҳоли маданиятида ёрқин ранглар жасорат ва мардлик тимсоли демакдир. Шу сабабли, қабила эркаклари аёлларни ром этиш учун ўзларига шундай оро бериб юришади. Уларнинг танасига чизиладиган нақшлар ҳар куни ўзгариши мумкин: юлдуз каби оддий шакллардан тортиб, қўл излари ва ҳайвон суратларигача.
Митти оёқлар – бой куёвга кафолат
Бугунги хитойликлар ўзларини дунёнинг энг ақлли одамлари деб ҳисоблашса-да, яқин йилларгача уларнинг маданиятида аёлларга нисбатан адолатсиз гўзаллик стандарти урф эди. Юзлаб йиллар давом этган бу одат оёқни “қолипга солиш” демакдир. Аёллар оёқлари ўсиб кетмаслиги учун ўта кичик пойабзалларга сиғдиришга мажбур бўлган, шунинг учун қизларнинг оёқларини боғлаш беш ёшиданоқ бошлашган. Бу азобга чидаш учун сабаб ўша пайтдаги Хитой жамиятида кичик оёқ гўзаллик ва нозиклик тимсоли ҳисоблангани эди. Оёқлари кичкина шаклдаги аёллар бошқаларга қараганда юқори мавқега эга ҳисобланиб, уларда нуфузли эркаклар билан турмуш қуриш имконияти юқори бўлган. Турмушга чиқиш ёшига етган қизлар учун оёқ ўлчами бойлик ва ижтимоий мавқени ошириш воситаси сифатида кўрилган. Оёғи энг кичкина қизлар энг талабгир келинлар ҳисобланган.
Глобал миқёсда гўзаллик меъёрлари тез-тез ўзгариб туради, аммо юқорида келтирилганлари бир неча юз йиллардан бери сақланиб қолган. Замонавий дунё одамлари учун бу анъаналар ақл бовар қилмас туюлиши мумкин, бироқ айрим жамиятларда мураккаб ва қийин талабларга жавоб бера олган хусусиятгина гўзаллик ҳисобланади ҳамда шартларни бажара олганлар юқори даражада қадрланади. Нима деб ўйлайсиз, Сиз ақл бовар қилмас гўзаллик стандартларидан қай бирини уддалай олардингиз?
LiveБарчаси