Ўзсаноатқурилишбанк иқлимни молиялаштириш бўйича халқаро сертификатни қўлга киритди
Бизнес
−
24 Ноябрь 2023
2615Халқаро молия корпорацияси (ХМК) томонидан 2023 йил давомида Яқин Шарқ ва Туркия ҳудудларида иқлимни молиялаштириш бўйича етакчи бўлган банклар номи эълон қилинди. Унга кўра, Ўзсаноатқурилишбанк “Энг кўп миқдорда иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга ҳисса қўшган банк”, дея эътироф этилди.
Бу бежиз эмас. Молиявий фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш Ўзсаноатқурилишбанк тизимида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Банк томонидан Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида эко-инновациялар ва “яшил” инвестициялар бўйича хорижий мамлакатлар тажрибаси кенг қўлланиб келинмоқда.
ХМК билан ҳамкорликда экологик ва ижтимоий хавфларни бошқариш тизимини ривожлантириш бўйича “яшил бозор” тадқиқ қилинди, корпоратив ва улгуржи ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун “яшил” молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқилди.
Эътиборлиси, “яшил” лойиҳаларни баҳолашда ХМК томонидан ишга туширилган CAFI (Climate Assessment for Financial Institutions – Молиявий институтлар учун иқлим ўзгаришини баҳолаш) платформасидан самарали фойдаланиб келмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида банк томонидан ушбу дастур ёрдамида баҳоланган қиймати 137 млн АҚШ долларига тенг лойиҳалар молиялаштирилди. Бу билан атроф-муҳитга тарқаладиган иссиқхона газлари 45 минг тоннага қисқартирилди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанк тизимида Халқаро молия корпорацияси, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойиллари жорий этилмоқда.
Бу ўз навбатида, банкнинг мамлакатда атроф-муҳит ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида янада юқори масъулият олганлигини ифодалайди.
LiveБарчаси