“UzReport” ходими таҳдидга учради. ИИВ нозири асл ҳолатни яширган
Жамият
−
15 Январь 2021
21900Тошкент шаҳри Чилонзор туманида “UzReport” телеканалининг “No comment” дастурини суратга олиш вақтида телеканал ходими икки фуқаро томонидан ҳужумга учраган ҳамда тасвирга олиш камераси синдирилган.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 13 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ЙТҲ юз берган. Ҳодисани ёритиш мақсадида журналистлар воқеа жойига етиб боради. Ўша пайтда икки фуқаро уларга ҳужум қилган ва тасвирга олиш камерасини яроқсиз ҳолатга келтирган. Ҳодиса юзасидан судга мурожаат қилинган.
Телеканал ходимларининг айтишича, суд асл ҳолатни нотўғри талқин қилиб, қоидабузарларга ён босган ҳолда ҳукм чиқарган. Воқеага гувоҳ бўлган ИИВ ходими эса ишни бости-бости қилишга, фактларга яширишга уринган.
“Суд қарорида воқеа тафсилоти умуман бошқача баён этилган. Яъни, унда “фуқаролар Чилонзор тумани ҳудудида бир-бирлари билан урушиб, жамоат тартибини бузишгани аниқланган”, деб кўрсатилган. Аслида воқеа умуман бошқача бўлган. Ходимимизга қилинган таҳдид оқибатида унга тан жароҳати етиши мумкин эди”, дейди телеканал юристи.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, суднинг маъмурий қарорида ҳуқуқбузарлар томонидан “UzReport” ахборот агентлигининг камераси синдирилиб, моддий зарар етказгани ва ИИВ ходимларининг қонуний талаблари бажарилмагани ёритилмаган ҳамда ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмаган.
Лавҳада айтилишича, Чилонзор туман маъмурий судига тақдим қилинган ишда нега ҳолатнинг асл тафсилотлари бўлмагани, тушириб қолдирилгани ёки яширилгани номаълум. Суд қароридан келиб чиқилса, телеканал ходими шунчаки, кўчада бошқа фуқаролар билан муштлашиб кетган бўлиб чиқмоқда. Аслида эса, у хизмат вазифасини бажараётган вақтида ҳужумга учраган.
Қолаверса, лавҳада қоидабузарлар ЙҲХББ Матбуот хизмати раҳбари Қаҳрамон Худойбергановнинг ҳам қонуний талабларига бўйсунмасдан, қўл билан уни силтаб ташлагани айтилган.
Шунингдек, лавҳада ишни расмийлаштириб олаётган участка нозири вазиятни тажовузкор фуқаролар томонига юмшатишга уринаётганини, бу ҳаракатини эса, турли баҳоналар билан изоҳлаётганини кўриш мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь