Ўзингники ўзагингни қирқар. Порошенконинг ишини қайси судья кўриши маълум бўлди
Олам
−
17 Январь 2022
5586Киевнинг Печерский туман суди давлатга хиёнатда гумон қилинаётган Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенкони ҳибсга олиш масаласини кўриб чиқишни бошлади. Бу “Украина-24” телеканали орқали намойиш этилган.
Айни пайтда суд биносида собиқ Президентнинг бир неча минг тарафдорлари бор. Порошенконинг адвокати Игорь Головань суд залидан адвокатлар тергов материаллари билан танишишлари учун суд мажлисда танаффус эълон қилганини маълум қилган.
“Қанча вақт берилгани айтилмади”, деган адвокат.
Таъкидланишича, адвокатлар уларни кўриб чиқиш учун бир неча соат беришни сўраган, аммо танаффуснинг аниқ вақти номаълум.
Маълумот ўрнида, Порошенкога нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш иши бўйича йиғилишга раислик қилаётган судьяни Порошенконинг ўзи 2017 йилда — давлат раҳбари эканлигида фармон билан тайинлаган.
Аввалроқ Порошенко Киевнинг Печерский туман судига келган эди.
Суд биносида ўз тарафдорлари олдида нут қилган Порошенко Украина демократик кучларини бирлаштириш жараёни бошланганини эълон қилди ва ўз мухолифлари билан суд орқали курашаётган амалдаги ҳукуматни айблади. Шунингдек, у ушбу суд мажлисини “сотқинлар уюштиргани”ни айтди.
Порошенко бугун, 17 январь куни Украинага қайтди.
Собиқ Президент 2014-2015 йилларда Донбассдан кўмир етказиб бериш бўйича жиноий ишда айбланувчи ҳисобланади. Унга Украина Жиноят кодексининг “Терроризмни молиялаштириш”, “Давлатга хиёнат” ва “Террорчи ташкилот тузиш” моддалари бўйича иш қўзғатилган. Порошенкони мол-мулкини мусодара қилиш ёки мусодара қилмасдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши кутмоқда. 2021 йил декабрь ойида терговчилар унга чақирув қоғозини бермоқчи бўлган, бироқ собиқ Президент уларга эътибор бермай, ўша куниёқ Туркияга учиб кетган. Порошенконинг партияси собиқ Президент “олдиндан режалаштирилган дипломатик сафари билан Туркия ва Польшага жўнаб кетганини” хабар қилган.
LiveБарчаси