Ўзингдан чиққан балога... АҚШдаги ўзбекистонлик қотил
Таҳлил
−
23 Июль
11046Ортда қолган ҳафтада ўзбек аудиторияси учун Америка эътиборни ўзига тортувчи икки воқеа билан эсда қолди. Бири амалдаги Президент Жо Байденнинг сайлов пойгасидаги йўлакчани тарк этиши бўлса, иккинчиси мудҳиш қотиллик. Байденнинг яқин келажакда сиёсий саҳнадан кетиш қарори ўз йўлига, аммо шу куни Нью-Йорк штатининг Бруклин шаҳрида содир бўлган қотиллик интернетдаги ўзбек сегменти учун анча долзарбдир. Чунки бу жараёндаги асосий фигура ўзбек оиласи.
Воқеа қандай содир бўлди?
19 июль тунда соат чамаси 22:15 ларда ҳуқуқ-тартибот идораларига Бруклиндаги 8-Ғарбий кўчадаги уйларнинг биридан шошилинч қўнғироқ билан мурожаат келиб тушган. Оила эгаси кечки пайт уйга кириб келганда онаси, аёли ва икки нафар фарзандининг жасадини кўриши билан дарҳол 911 рақамига қўнғироқ қилган. Тезкор ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа жойига зудлик билан етиб боришади ва ушбу қотилликда гумонланган эркакни қўлга олади. Энг қизиғи, қўлга олинган 24 ёшли ўзбекистонлик Шаҳбоз Ражаббоев 4 нафар жасадга бегона эмас ва шу оиланинг аъзоси эканлиги маълум бўлди. Оиланинг қўшнилари ҳам улар асли ўзбекистонлик бўлганини ва бир неча йилдан буён Бруклинда яшаб келганини айтишган.
Дастлабки олиб борилган тергов маълумотларига кўра, қотиллик қуйидагича содир этилган. 19 июль, жума куни гумонланувчи ва унинг оила аъзолари ўртасида келишмовчилик юзага келган ва бу муаммоли вазият қон тўкилиши билан якунланган. Гумонланувчи Шаҳбоз Ражаббоев ўз онаси 56 ёшли Мавлуда Файзиеванинг бўйнига бир неча марта пичоқ урган. Сўнг ўз акасининг аёли бўлган 27 ёшли Мафтуна Ҳакимовани ҳам бир неча марта пичоқлаган. Ражаббоевнинг кейинги нишонлари эса вояга етмаган икки нафар болалар, яъни ўзининг жиянлари бўлиб, уларнинг бири 4 ёшли Тимур Шавкатов бўлса, иккинчиси 5 ёшли Комила Шавкатова эди.
Айблов қандай?
Нью-Йорк полицияси воқеадан бир неча кун ўтиб, 21 июль куни Бруклиндаги мазкур кейс бўйича 24 ёшли Шаҳбоз Ражаббоевга қарши расмий айбловни эълон қилди. Маълумотларга кўра, оила қотилига 4.1 ва 4.2-даражали қотилликни амалга оширганлик айблови билан жами 200 йил қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. “Nеw York Post” нашри оиланинг қўшниларига таяниб берган маълумотида гумонланувчининг руҳий носоғлом бўлиши мумкинлиги ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишини келтириб ўтган. Бироқ судга Ражаббоевнинг тармоқдаги рақамли изларидан унинг руҳий соғлом ва гиёҳванд бўлмаган ҳолда жиноятга қасддан қўл ургани маълум бўлди. Эркакнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари Ражаббоевнинг АҚШдаги энг йирик банклардан бири – Bank of America’да ишлаганини кўрсатади.
АҚШ қонунчилигига кўра, мамлакатдаги қотилликлар даражаларга қараб турланади. Одам ўлдиришнинг энг оғир тури 1-даражали қотиллик бўлиб, бу қасддан одам ўлдиришдир. 2-даражали қотиллик эса жаҳл устида, яъни режалаштирмаган ҳолда одам ўлдиришга айтилади. Баъзи ҳолларда қотиллик тафсилотига қараб, инсон бирданига бир инсон ўлими учун 1 ва 2-категорияда қотилликни амалга оширишда айбланиши мумкин. Нью-Йорк Американинг ўлим жазоси қўлламайдиган штати ҳисобланади. Бу жиноят учун Ражаббоев ҳар бир 1-тоифа қотиллиги учун 25 йилдан умрбод қамоқ жазоси ҳамда 2-тоифа қотилликнинг ҳар бири учун 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бу эса жами 200 йилга панжара ортига равона бўлишни англатади.
Кейинги жараёнлар. Жасадларни қайтариш имконияти мавжудми?
Айни дамда ўзига нисбатан расмий айблов эълон қилинган ва ўз оиласининг қотили сифатида кўрилаётган Шаҳбоз Ражаббоев адвокати ва уни судда ким ҳимоя қилиши ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Бунинг устига унинг акаси, аниқроғи шу оиланинг эгаси ҳақида ҳам бирон бир айтарли хабарлар йўқ.
Ушбу қотиллик жазоси АҚШ жиноий юрисдикциясига тегишли бўлиб қолмоқда. Аммо оиланинг марҳум аъзолари Ўзбекистонга қайтарилиши ёки қайтарилмаслиги ҳозирча сўроқ остида. QALAMPIR.UZ бу масалага ойдинлик киритиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов билан боғланди. Масъул эса таҳририятга қуйидагиларни маълум қилди.
“Хорижда ишлаш даврида турли сабабларга кўра вафот этган фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш тартиби мавжуд. Бунинг учун, аввало, ушбу фуқаронинг ишлагани тасдиқланиши керак, яъни у меҳнат мигранти бўлган бўлиши лозим. Агар хорижий давлат ҳудудида унинг жасадини олиб чиқиб кетишга бирор тўсиқ бўлмаса, масалан, жиноят содир этилган, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани каби ҳолатлар, вафот этган шахс жасадини урф-одатларга кўра тайёрлаш ва Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўрилади. Вафот этган шахс жасади дунёнинг исталган давлат ҳудудидан Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин. Бунинг учун марҳумнинг яқинлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишлари мумкин”, дейди матбуот котиби.
ТИВ билан боғланганимизда “бундай ҳолатлар содир бўлганда марҳумнинг оиласи уларни ватанга қайтаришларини сўраса, албатта, Ўзбекистонга олиб келишга мамлакатнинг АҚШдаги консуллиги ёрдам беради”, деган жавобни олдик.
Хориждаги ватандошлар билан элчихоналар орқали мулоқотда бўлиши мумкин бўлган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги QALAMPIR.UZ’нинг саволига юқоридаги жавобни берди. Афсуски, ҳолат содир бўлганига 4 кун бўлганига қарамай, расман ҳеч қандай баёнот берилгани йўқ. Оила неча йилдан буён Америкада истиқомат қилиши, ким қаерда фаолият олиб боргани, шу вақтгача шунга яқин низолар келиб чиққанми, хуллас, бу каби саволларга ҳеч қандай жавоб йўқ.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь