Ўзгидромет дам олиш кунлари қайси ҳудудларда ёмғир ёғишини маълум қилди
Бу қизиқ
−
10 Ноябрь 2023
14824Дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Унга кўра, эртага 11 ноябрь куни куннинг иккинчи ярмида Бухоро ва Навоий вилоятларида, кечга томон эса Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. 12 ноябрь куни эса фақат кечаси ва эрталаб Фарғона водийси вилоятларида ва Тошкент вилоятининг баъзи жойларида ёмғир ёғади.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 11 ноябрь ва 12 ноябрда кечга томон ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Тошкент вилоятининг баъзи жойларида кучли ёмғир ёғиши мумкин. Республика бўйича баъзи ҳудудларда шамол 15-20 метр/секундгача кучаяди.
Тошкентда 11 ноябрда кечга томон, 12 ноябрда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, куннинг асосий қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Кундуз кунги ҳарорат 11 ноябрь ва эртаси куни ҳарорат 16-18 даража, якшанба куни эса 13-15 даража, кечаси 4-7 даража илиқ атрофида бўлади.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб ғарбдан 3-8 метр/секунд тезликда эсади, 11 ноябрда 12-15 м/с гача кучайиши мумкин.