Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини расмийлаштириш учун қанча тўлов қилиш керак?
Жамият
−
02 Ноябрь 2024 24644 4 дақиқа
Жорий йил 5 августда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун имзоланган ва ушбу қонунга мувофиқ, жорий йилнинг 8 ноябридан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига эгалик ҳуқуқи берилиши белгиланган. Шунга асосан, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини расмийлаштириш учун тўлов миқдори қанчалиги очиқланди. Бу ҳақда Давлат кадастрлари палатаси Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бошлиғи Иззатулла Раҳимовга таяниб, ЎзА хабар берди.
Қонунда ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш назарда тутилган. Яъни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Адлия бошқармалари томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда Кадастр агентлиги томонидан тегишли шахсларнинг телефон рақамига бир марталик тўловни йигирма иш куни ичида тўлаш тўғрисидаги хабарнома автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда юборилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотлардан бир марталик тўлов ундирилади.
Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман-шаҳар комиссиялари томонидан эътироф этиш мумкин деб топилган ҳолларда ёки уни эътироф этиш рад этилгани ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтгани сабабли якунига етмаган ҳолларда бир марталик тўлов ундирилади.
Қолаверса, фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги тураржойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига, фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади:
- Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари;
- Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида;
- вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари;
- бошқа аҳоли пунктларида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида.
Бир марталик тўловни тўлашдан қуйидаги шахслар озод этилади:
- бир марталик умумдавлат акцияси доирасида бир марталик йиғимни тўлиқ тўлаган шахслар;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахслардан бир марталик тўлов белгиланган тўловнинг эллик фоизи миқдорида ундирилади.
Агар бир марталик умумдавлат акцияси доирасида Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман-шаҳар комиссиялари томонидан шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топиш белгиланган хулосасига асосан далолатнома шакллантирилган, бироқ бир марталик йиғим ундирилмаган ёки тўлиқ ҳажмда ундирилмаган бўлса, у ҳолда бир марталик тўлов ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ ундирилади. Бунда бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ундирилган бир марталик йиғим суммаси инобатга олинади.
Бир марталик умумдавлат акцияси доирасида тўланган бир марталик йиғим ва ушбу қонун доирасида ундириладиган бир марталик тўлов ўртасидаги фарқ қайтарилмайди.
Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг ўртача бозор қиймати ер участкаларидан фойдаланиш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 0,01 гектар майдон учун фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликлари бўйича ҳар йили январь ва июль ойларида белгиланади. Унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда автоматлаштирилган ахборот тизимига тақдим этилади. Бунда тегишли ҳудудда охирги ўн икки ойда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини сотиш бўйича электрон онлайн-аукционлардаги ўртача нархлар, электрон онлайн-аукцион ўтказилмаган ҳудудлар учун эса тегишли туман-шаҳар ёки юқори турувчи маъмурий-ҳудудий бирликлар бўйича ўртача нархлар ижара муддатига кўра тузатиш киритилган ҳолда асос сифатида қабул қилинади.
Тегишли шахслар томонидан бир марталик тўлов белгиланган муддатларда тўланмаган тақдирда, уларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш тўғрисидаги ишлар тўхтатиб турилади.
Тегишли шахслар томонидан бир марталик тўлов тўланган тақдирда, электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар тайёрланган ижобий хулосалар билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига навбатдаги сессияда кўриб чиқиш учун автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда юборилади.