“Ўзбеккосмос”га қўшимча вазифалар юклатилмоқда

Жамият

image

Бугун, 23 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев космик фаолиятни ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, Президент кўрсатмасига мувофиқ, космик тармоқни ривожлантиришнинг 5 йиллик концепцияси ва “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Уларда ерни масофадан зондлаш, телекоммуникация сунъий йўлдошлари миллий гуруҳини яратиш, илмий-ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, аэрокосмик стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадлар белгиланган.

Шунингдек, “Ўзбеккосмос” агентлигига қўшимча вазифалар юклатиш мўлжалланмоқда. Булар – космик суратларни таҳлил қилиш орқали иқтисодиёт соҳаларида қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш, давлат космик мониторингини амалга ошириш, бу жараёнда илғор технологияларни қўллаш бўйича таклифлар тайёрлаш кабилардир.

Давлат раҳбари бу чора-тадбирларнинг натижадорлиги қандай бўлиши билан қизиқди.

Қайд этилишича, бу тармоқ ривожи қишлоқ ва сув хўжалиги, ер муносабатлари, экология, геология каби кўплаб соҳаларда қўл келади. Масалан, экинларнинг тури ва майдони, ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ноқонуний чиқинди жойлари пайдо бўлишини аниқлаш даражаси 95 фоизгача етади. Сув иншоотлари, ер қаъри ва фойдали қазилмалар муҳофазаси ҳам янада кучаяди.

Президент бу таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни қабул қилишга кўрсатма берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

143

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг