Ўзбек халқининг дўсти Ширин Акинер вафот этди

Жамият

image

Кембриж университетининг етакчи тадқиқотчиси, замонавий Ғарб зиёлиларининг ёрқин вакили, Ўзбекистоннинг яқин дўсти Ширин Акинер 76 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шу муносабат билан олимани таниган ва билган замондошларимиз ижтимоий тармоқларда ўз таъзияларини билдириб, у қолдирган илмий меъроснинг беқиёслигини эътироф этмоқдалар.

Лондон университетининг профессори Ш.Акинер 1990 йиллардан бошлаб бугунги кунга қадар Марказий Осиё ҳаётига оид илмий изланишлар олиб бораётган, кўзга кўринган экспертлар сирасидан эди. У Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳақидаги юзлаб илмий асарлар ҳамда мақолаларга муаллифлик қилган. Уларда минтақадаги сиёсий ва ижтимоий вазият, хусусан, маданият ва дин билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилади.

Ш.Акинер 2005 йилда содир бўлган Андижон воқеалари тўғрисида Жонс Ҳопкинс ва Уппсала университетларида ўзининг мустақил тадқиқоти натижаларини нашр қилдирган. Лондонлик олима ўша даврда Андижонга шахсан ташриф буюриб, маҳаллий аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан бевосита суҳбат ўтказган. Унинг фикрига кўра, баъзи бир кучлар ушбу тартибсизликлар орқали сиёсий тўнтариш ҳосил қилиб, ҳокимиятни қўлга олишга ҳаракат килишган. 

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу эксперт Ғарбда, жумладан, Лондонда ҳам мазкур ҳодисани олдиндан билганлар бўлганлигига тўғридан-тўғри ишора қилганди. Муаллифнинг бу борадаги мақоласи ва фикрлари 2005 йилнинг 19 июль куни “Правда Востока”, 20 июль куни “Халқ сўзи” ва “Ишонч” газеталарида чоп этилган. 

Ш.Акинер кейинги йилларда минтақамизга ихтисослашган “Journal of Central Asian and Caucasian Studies” журналининг таҳрир ва маслаҳатчилар кенгаши аъзоси ҳисобланарди.

Рўзибой Қўлдошев, тележурналист:- Бу инсон кўп улуғ зот эдилар. Айниқса, бизнинг ватан ва ватандошларимизга айрича муҳаббат билан қарар эдилар…

Назира Мамбетшарипова, МТРК мухбири: - Мен ҳам бир неча бор суҳбатдош бўлгандим... Ўзбекистонни яхши кўрардилар...Оллоҳнинг иродаси... 

Беруний Алимов, ЎзДЖТУ доценти: - Профессор Ширин Акинер кейинги 25-30 йил давомида Ўзбекистоннинг яхши-ёмон кунларида ҳар доим бирга бўлиб келаётган Ғарбнинг энг таниқли олимаси эди. 
Опани шахсан 1996 йилдан танирдим. Турли илмий ва сиёсий мавзуларда суҳбатлашиб турардик. 

Яқинда Тошкентда ҳам халқаро анжуман баҳонасида кўришдик. Охирги бор кўришганимизда Ўзбекистоннинг имижи масаласида бафуржа суҳбатлашдик. 

Кейин бу борада ўзлари ёзган ва ҳали ҳеч жойда эълон қилинмаган илмий мақоланинг драфт вариантини юборгандилар. Ўқиб ҳайратландим. 

У чинакам илм уммонининг қироличаси эди. Бундан икки ҳафта олдин ёзган мактубларида эса соғлиқларидан шикоят қилгандилар. Лекин ....ишониш қийин...
Йиллар давомида бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган жонкуяр устозимиз энди йўқ…Жойлари жаннатда бўлсин!

Негматулло Мирсаидов, медиа эксперт, Тожикистон: - Ҳа, ажойиб аёл, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, Ғарбда кўп ҳам учравермайдиган ақл эгаси эди. Виждонини сиёсатга сотмас, мамлакатни мавжуд сиёсий тизим баҳонасида дунё сиёсатидан олиб қочишни ёқламас эди. У билан шахсан кўришишга мен ҳам муяссар бўлганман. Илоҳим унинг руҳи ўзга дунёда тинч бўлсин.

Виктория Панфилова, “Независимая газета” мухбири, Россия: - Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Биз бир ой олдин Тошкентда учрашиб, суҳбатлашган эдик. Афсуски, бундай йўқотишни тасаввур ҳам қилмагандим. Яқин кунларда унга қўнғироқ қилишни режалаштираётган эдим. Гапимиз охирига етмай қолди...

Мурод Исмоилов, тилшунос: - Жуда ҳам илмли инсон эдилар. Бундай олималар дунёда кам учрайди. Охирати обод бўлсин.

Маруса Хосилова, журналист, “Дўстлик” ордени соҳибаси:- Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Ўзбекистонни яхши кўрганларни биз ҳам яхши кўрамиз!


Мақола муаллифи

Теглар

Ширин Акинер

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар