Ўзбекистондаги учта ОТМ халқаро рейтингдан жой олди
Жамият
−
23 Апрель 2020
12899Жорий йилнинг 20 апрель куни Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги томонидан дунё университетларининг навбатдаги - Impact Rankings-2020 рейтинги эълон қилинди.
Мазкур нуфузли рейтингда илк бор Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари инсититути, Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент тиббиёт академияси киритилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Ушбу рейтинг мезонлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 17 та барқарор ривожланиш йўналишларига асосан тузилган бўлиб, бу йилги рейтингда дунёнинг 85 давлатидан 766 та олий таълим муассасалари эътироф этилган. Шунингдек, рейтингда энг кўп қатнашган давлатлар университетлари орасида Япониянинг 63 та, Россиянинг 47 та ва Туркиянинг 37 та университетлари ўрин эгаллаган.
Дунёнинг кучли университетлари умумий рейтингида Ўзбекистон Миллий университети 5 та йўналишда қуйидаги натижаларга эришди: “Таълим сифати”- 401+; “Иқлим ўзгаришига қарши кураш” - 101-200; “Гендер тенглиги” - 401+; “Барқарор ривожланиш учун глобал ҳамкорлик” - 601+; “Камбағалликни бартараф этиш” - 201-300 ўринларни қайд этиб, умумий рейтингда 601+ ўринни эгаллади.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инсититути “Тоза сув ва санитария” йўналишида - 201-300 ўрин, “Ердаги ҳаёт” йўналишида 201+ўринни эгаллаб, дунё университетлари рейтингида соҳаси бўйича 201+ ўринни қайд этди.
Мазкур институт ҳозирда жаҳон университетлари рейтингини аниқловчи энг нуфузли иккита: Times Higher Eduducation (THE) ва Quacquarelli Symonds (QS) рейтинг агентликлари томонидан тан олинган ягона Ўзбекистон олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Аввалроқ, 2019 йил 14-15 октябрь кунлари Литванинг Каунас шаҳрида QS агентлигининг “Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё” (Emerging Europe and Central Asia – EECA) рейтингида мамлакатимизда биринчи бўлиб Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти мазкур рейтингида 301+ ўринни қайд этган.
Тошкент тиббиёт академияси ҳам дунё университетлари рейтингидаги дастлабки натижага эришди. Мазкур рейтингда Тошкент тиббиёт академияси “Мустахкам саломатлик ва осойишталик” йўналиши бўйича дунё университетларининг умумий рейтингида 301+ ўринни қайд этди. Бунда академиянинг фаолияти соғлиқни сақлаш ташкилотлари (маҳаллий ёки халқаро) билан ҳамкорликлари, соғлиқни сақлаш бўйича халқаро таълим дастурлари мавжудлиги, соғлом турмуш тарзини тарғиб қиладиган дастурлар, бепул тиббий ёрдам олиш имкониятининг мавжудлиги ва бошқа кўрсаткичлар бўйича таҳлил қилинган.
Маълумот ўрнида, дунёда таълим сифатини баҳоловчи кўплаб рейтинг тизимлари бўлиб, улар таълим, маданият спорт, соғлиқни сақлаш соҳаларига қаратилган йиллик университетларнинг рейтингини эълон қилиб боради. Улардан дунё тан оладиган Times Higher Eduducation (THE), Quacquarelli Symonds (QS), Academic Ranking of World Universities (ARWU) Шанхай рейтинг компаниялари ўзининг нуфузи билан дунёга машҳур.
LiveБарчаси