Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларига сел келди

3-саҳифа 10412
image

Бугун, 3 май куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик оқибатида сел оқимлари ва тошқин юзага келди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Ҳисорак” ҚФЙ ҳудудида ёғиб ўтган ёғингарчилик тепаликлардаги қум аралаш шағалларни ички йўлларга ювиб туширган. Ҳодиса оқибатида аҳоли хонадонлари, уларнинг мулкларига зиён етмаган.

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида қисқа муддатли ёғиб ўтган ёмғир ёғиши натижасида туманнинг Мачай, Юқори Мачай ва Дарбанд қишлоғида қисқа муддати сел оқими кузатилган. Сел сувлари Мачай, Юқори Мачай қишлоқларининг ички йўлларига ҳамда Дарбанд қишлоғи ҳудудидан ўтган М-39 Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлига тошган. Сел сувлари оқибатида аҳоли хонадонлари, ижтимоий объектлар ва коммуникация тармоқларига зарар етмаган. Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлида транспорт воситалари қатнови тўхтатилмаган.

Шунингдек, Сариосиё тумани тоғли ҳудудининг “Хонжиза” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Хурсандсой сойида сув ҳажми ортиб, сой четига ўрнатилган 2 дона, 110 кВт кучланишли металл конструкцияли устунлар остини ювиши оқибатида ушбу устунларни ёнбошга йиқилишига олиб келган.  Айни вақтда ушбу электр устунларини демонтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда хавфсизлик нуқтаи назардан вақтинчалик электр таъминотидан узилган. Ҳолат “Хонжиза” объект электр таъминотига таъсир кўрсатмаган, у фаолиятини узлуксиз давом эттирмоқда.

Шу билан бирга, Сангардак сойи тепаликларидан оқиб тушган ёмғир сувлари тупроқ ва қум-шағалларни ички йўлларга оқизиб келган. Йўлларда тўпланган лойқа ва қум-шағаллар махсус муҳандислик техникалари  ёрдамида тўлиқ бартараф этилган. Ёғингарчилик оқибатида аҳоли хонадонлари ва уларнинг мулкига зиён етмаган.

Ҳозирда сел оқимидан сўнг йўлларда йиғилиб қолган қум-шағал ва лойқаларни тозалаш ишлари ФВВ ва тегишли хизматлар ходимлари ҳамда махсус муҳандислик техникалари ёрдамида амалга оширилмоқда.

“Тоғли ва тоғолди ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, дам олиш масканларида дам олувчилар ва ушбу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўраймиз”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, 3-5 апрель кунлари ёғингарчилик оқибатида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 307
Рейтинг: 3
t
×