Муҳрланган ётоқхоналар қачон очилади? Масъуллар мужмал жавоб бермоқда

Интервью

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси кеча, 2 февраль куни кутилмаганда мактаб, олий таълим муассасалари, коллеж ва техникумларда 7 февралдан анъанавий таълимга қайтилиши ҳақида қарор қабул қилди.

Хўш, ушбу кутилмаган янгиликка Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари қанчалик тайёр? Талабалар турар жойи вилоятдан ўқиш учун пойтахтга келадиган талабаларни қабул қилишга ҳозирми? Ётоқхоналар қачонда очилади? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун QALAMPIR.UZ энг йирик ОТМлардан бири – Ўзбекистон миллий университетига борди ва муассаса масъули билан суҳбатлашди.

Нозима Назирова, мухбир: — Миллий университетда талабалар турар-жойи қачондан очилади?

Миралишер Ҳасанов, ЎзМУнинг Ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими услубчиси: — Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий ўрта-махсус таълим вазирлигининг расмий саҳифасида жорий йилнинг 7 февралидан бошлаб Республикадаги барча ОТМда таълим анъанавий шаклга ўтиши тўғрисида маълумот берилди. Талабалар турар-жойи ҳақида айтадиган бўлсам, талабалар қишки таътилга кетишганида, дезинфекция ишлари олиб борилди. Талабалар қайтиши учун барча шароитлар яратилган. Талабалар билан тузилган шартномалар ҳозир ҳам ўз кучида. Шартномага эга бўлган талабалар яна ётоқхонага жойлашиши мумкин. Талабалар ҳозирдан пойтахтга келишни бошлашса, ётоқхонага қабул қилинади. Бу бўйича факультет деканлари ва тюторлари томонидан талабаларга маълумот берилади.

Н.Н: — Талабалар турар-жойида талабалар учун қанча жой ажратилган?

М.Ҳ: — Миллий университетига қарашли 10 та ётоқхонамиз мавжуд. Бугунги кунда ётоқхоналаримизда 5 мингдан ортиқ талабага жой ажратилган. Талабалар қишки таътилга кетгунига қадар, ётоқхоналарда 4800 нафар талаба истиқомат қилган.

Мамлакатдаги энг йирик олийгоҳ – Ўзбекистон Миллий университети ётоқхоналарини кўздан кечириш жараёнида уларни фақат ташқаридан кўра олдик, холос. Боиси ётоқхоналар эшикларига ҳамон муҳр урилганича турибди. Улар қай вақт очилиб, қай вақт дезинфекция ишлари олиб борилгани ҳам мавҳум. Кўплаб шундай саволларга эса биз билан суҳбатлашиши кераклиги айтилган масъул елка қисди. Ётоқхона комендантининг эса бино қачон очилиши, талабаларга қачондан жойлашишга рухсат берилишидан хабари йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ Талабалар турар жойи

Баҳолаганлар

111

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг