Ўзбекистоннинг бешта аэропортида Tax Free тизими жорий этилди
Жамият
−
03 Январь 2023
6101Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Tax Free хизмати шохобчалари очилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” хабар берди.
Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловини қайтариш учун “Солиқ” мобил иловасида рўйхатдан ўтиш ва у орқали харидлар учун олинган чекларни сканерлаш лозим. Аэропортдан жўнаб кетаётганда, йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши, сўнгра Tax Free хизматига бориб бортга чиқиш талони ва товарнинг ўзини кўрсатиши керак. Рўйхатдан ўтган товарларни қўл юкида ташиш учун қолдириш ёки рўйхатдан ўтиш жойига қайтиб, багаж сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин.
Қайд этилишича, Tax Free хизматидан фойдаланиш учун сотиб олинган товарларнинг умумий суммаси 1 миллион сўмдан юқори бўлиши лозим. Бундан ташқари, маҳсулот очилмаган ва ишлатилмаган бўлиши керак. Солиқ қўмитаси ходимлари товарларнинг барча мезонларга мувофиқлигини текширгандан сўнг, “кешбек”ни расмийлаштиради.
Турли тоифадаги товарлар учун йўловчи ҚҚС суммасининг 90 фоизигача “кешбек” қайтариши мумкин. “Кешбек” йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан сўнг тўлаб берилади.
Маълумот учун, Tax Free тизими хорижий фуқароларга Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаларини қайтаришни назарда тутади. “Кешбек” тўланадиган товарларга сувенирлар, ёнғоқлар, ҳўл ва қуруқ мевалар, чарм ва мўйнали маҳсулотлар, гиламлар, текстиль маҳсулотлари ва бошқалар киради.
LiveБарчаси