Ўзбекистонликлар ҳаётида 1 июндан нималар ўзгаради?

Фойдали

image

Давлат хизматчиларининг маоши ошиши, ходимларга сайёҳлик учун имтиёз бериш ва оилавий поликлиникаларда иш вақти узайтирилиши шулар жумласидан. Қуйида кутилаётган ўзгаришлар билан батафсил танишинг.

Иш ҳақи миқдори оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи миқдорини ошириш тўғрисида”ги Фармонига кўра, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 12 фоизга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

• меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 920 000 сўм;
• базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 300 000 сўм этиб белгиланади.

Ходимларга маҳаллий саёҳат харажатларининг бир қисми тўлаб берилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида:

• жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилади;
• саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.

Тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-136-сон Фармонига биноан давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари:

• олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 15 фоизга;
• иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 10 фоизга;
• тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун – 15 фоизга оширилади;
Бунда, тиббиёт муассасаси ходимларининг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали амалга оширилади.

Айрим ёшлар ОТМга ўқишга қабул қилишда тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан:

• “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ОТМга ўқишга қабул қилишда ундириладиган тўловлардан озод этилади;
• Марказларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи жойлар ташкил этилади;
• давлат хизматидан фойдаланишда ундириладиган тўловларни Марказларда жойлашган тижорат банклари шохобчасидан нақд ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширганда икки фоизгача бўлган тижорат банкининг комиссия суммаси учун алоҳида тўлов ундирилмайди (бундан давлат божи тўловлари мустасно);
• ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар давлат хизматларини кўрсатиш ёки бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш функциялари юклатилган ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгар ҳисобланади.

38 турдаги давлат хизматларини ЯИДХПда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди

Оилавий поликлиникаларда иш вақти узайтирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:

• оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилади ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 2022 йил 1 июндан бошлаб қўшимча устама ҳақи белгиланади;
• қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит “В” касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади.

Волонтёрлар электрон платформаси ишга туширилади

“Волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган волонтёрлар электрон платформаси ишга туширилади.

Платформа қуйидагиларни амалга ошириш имконини беради:

• волонтёрларнинг ижтимоий аҳамиятга молик тадбирлар, лойиҳалар ва акциялардаги иштироки, шунингдек, давлат органлари фаолиятига кўмаклашган даврини қайд этиб бориш;
• волонтёрлар гуруҳига киритилган волонтёрларни ҳисобга қўйиш;
• ҳудудлар ва фаолият йўналиши бўйича волонтёрлик ёрдамини жалб қилишга қизиқиш билдираётган давлат органлари рўйхати ҳамда уларнинг тадбирлари, лойиҳалари ва акцияларини жойлаштириш;
• давлат органларининг волонтёрлар билан ишлашига оид методик тавсияларни жойлаштириш;
• волонтёрлик фаолиятини чет элда амалга ошириш.

Касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси тўлаб берилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ:

•    “Ишга марҳамат” мономарказларида инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик стипендия тўлаб берилади.

Солиқ кодексига кўра, ишлаб чиқариладиган тамаки, алкоголь, нефть маҳсулотлари ва бошқа акциз тўланадиган товарлар ва хизматларга нисбатан солиқ ставкалари белгиланди.

Хотин-қизларни давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида касбга ўқитишнинг янги тартиби жорий этилад

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармонига биноан, давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитишнинг янги тартиби жорий этилади:

• Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳузурида малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади;
• малакани баҳолаш марказлари касбий малака талабларини ишлаб чиқади ва салоҳиятли таълим муассасаларига давлат буюртмасини беради;
• ўқув курсларини тугатган хотин-қизлар билими даражаси малакани баҳолаш марказлари томонидан аниқланади ва шу асосда уларга малака сертификатлари берилади;
• малака сертификатини олган хотин-қизларга меҳнат фаолиятини бошлаши учун ўқиш харажатларига тенг миқдорда малакани баҳолаш марказлари томонидан субсидиялар берилади;
• малакани баҳолаш марказлари томонидан умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар мактаблари, академик лицей ва коллежларнинг битирувчи синф ўқувчи-қизларини ахборот технологиялари йўналишларида қўшимча курсларда ўқитиш бўйича давлат буюртмаси берилади.

Шунингдек, маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил қилинади.

Камронбей Кенжаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

320

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг