Ўзбекистонлик йигитларни Россия қўшинлари сафида жанг қилишга нима мажбур қилмоқда?

Интервью 28039

Яқинда Украина Қуролли Кучлари рус қўшинлари сафида ёлланиб хизмат қилаётган икки ўзбек йигитини асирга олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарга илова қилинган ва Telegram’даги “Бутусов Плюс” каналида эълон қилинган видеода, асирга олинган йигитлар ўзини ўзбекистонлик деб таништирган. 

Иккала ўзбек асирлари ҳам самарқандлик ва бири 5 йилдан буён Москвада ҳужжатсиз ишлаб келаётгани айтилмоқда. 

“Москвада қурилишда ишлардим. Ҳужжатларим йўқ эди, шу ҳолатда 5 йил ишлаб келаётгандим. Мени бу ерга мажбурлаб юборишди. Бу ерга келишни хоҳламагандим. Келишга мажбур бўлдим. Кечиринглар мени. Биз келган машинада беш киши бор эди. Командирнинг исмини билмайман. Ўтган кеча тунаган жойимни аниқ билмайман”, дейди юзига кўк боғич боғланган ўзбек йигити. 

Иккинчиси эса Москвадаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган талаба бўлгани қайд қилинган. 

“Ёшим йигирма иккида. Ҳеч қаерда хизмат қилмаганман. “Редут” хусусий ҳарбий компаниясига миномётчи бўлиб ёлланганман. Тўғриси, қаердан келаётганимизни ҳам, қаерга бораётганимизни ҳам билмайман. Бизни бу ерга “КамАЗ”да олиб келишди. Ёнимда Ўзбекистондан яна бир йигит бор эди. Россияда ўқирдим, пул керак бўлгани учун хусусий ҳарбий компанияга ёллангандим”, деган ўзини Муҳриддин Аҳмедов дея таништирган ўзбекистонлик. Шунингдек, видеодан йигитнинг оғир яраланганини кўриш мумкин.

Шу ва шунга доир маълумотларни аниқлаштириш учун QALAMPIR.UZ Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси қошида фаолият юритиб келаётган Талабалар бюроси “Қалқон” гуруҳи раҳбари Жаҳонгир Хайитов билан суҳбатлашди.

“Украинада ўзбек йигитларининг қўлга олиниши жуда ачинарли ҳолат. Улар орасида талаба ҳам бор экан. Ҳозир унинг шахс ва қайси университетда ўқиётганига аниқлик киритяпмиз. Видеодаги йигит Аҳмедов Муҳриддин 22 ёш ва Самарқанддан. Биз бошқа маълумотларни аниқлаганимиздан сўнг, жамоатчиликка хабар берамиз”, дейди Хайитов.

Унинг айтишича, ўзбекистонликлар асосан бериладиган пул таклифларига алданиб қолмоқда. Талабаларнинг кўпи контракт асосида ўқийди ва пул кераклиги учун бундай таклифларга рози бўлмоқда. 

“Бир гап билан айтганда, кўп муаммолар етишмовчиликдан келиб чиқади. Баъзи бир шахслар эса ана шундан фойдаланиб бизнинг фуқароларимизни мана шу урушга жалб қилишмоқда”, дейди Хайитов. 

Жаҳонгир Хайитовнинг маълум қилишича, бундай ҳодисалар жуда кўп содир бўлмоқда. У раҳбарлик қилаётган гуруҳга талабалардан кўплаб мурожаатлар келади. Талабалар эса Россиядаги хусусий ҳарбий компаниялардан катта миқдорда пул ёки фуқаролик бериш эвазига рус қўшинлари сафида жанг қилиш ҳақида таклиф тушаётганидан ҳавотир билдиришади. 

Шу пайтгача нечта фуқаронинг бу тузоққа тушиб қолганини эса аниқ айтишнинг имкони йўқ. “Қалқон” раҳбари бу саволга қуйидагича жавоб берди:

“Билганимиз ва билмаганларимиз бор. Уларнинг сонини аниқ айтишнинг иложи йўқ... Очиғини айтганда? шундайлар бор, лекин ҳаммаси тўла ёритилгани йўқ”.

Мухбирнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нега ҳалигача вазиятга изоҳ бермагани ҳақидаги саволига эса Хайитов вазирлик ёки элчихона номидан гапиришни эмас, ўзининг шахсий фикрини бўлишишни маъқул кўрди. 

“Бизнинг Россия Федерациясидаги вакилларимиз бу масала бўйича ишламаяпти ёки хабари йўқ, деёлмаймиз. Ташкилий ишлар бошланган ва ўйлайманки, яқин орада улар ўз фикрларини айтади. 

Масалан бизнинг ишимиз талабаларга тааллуқли бўлгани учун бу масалада жуда хушёрмиз. Чунки талабаларнинг орасида бундай таклифлар кўп тушиб боради. Биз эса кимдан қанақа таклиф тушаётганини аниқлаб, орган ҳодимларига ёки ўзимизнинг раҳбариятга етказяпмиз”, дейди масъул. 

Гуруҳ раҳбарининг қўшимча қилишича, талабаларнинг бундай тузоққа тушиб қолмаслиги учун Талабалар бюроси мунтазам равишда профилактик суҳбатлар олиб бормоқда.

Шунингдек, у бундай қалтис вазиятда ота-оналар ўз фарзандларига, ҳар бир одам ўзи учун жавоб бериши кераклигини, ҳар хил алдовларга учмаслик, пул учун жонини хавфга қўйиб бегона юрт қўшинларига қўшилиш каби жиночтни содир этмасликка чақирди. 

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши жиноят ҳисобланади ва бундай ҳаракатни содир этганлар 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Шунингдек, бугун Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украина Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборди.

Ундан эса биз юқорида тилга олган яъни Украина Қуролли кучлари томонидан ушбу мамлакат ҳудудида жанг қилган гўёки икки ўзбекистонлик қўлга олингани акс этган видео юзазидан батафсил ва ишончли маълумот олиш мақсад қилинган. 

“Ушбу видео бўйича тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни ва кейинроқ эълон қилинадиган батафсил маълумотни кутишингизни сўраймиз”, дейилади Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сайтида.

Биз мавзу бўйича қўшимча маълумотларни билиш учун Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати билан боғландик. Маълум қилинишича, вазирлик ходимлари ҳозирда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда ўтадиган саммити ташкилий масалалари билан банда ва бу бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. 

Ҳулкар Муртазоева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 479
Рейтинг: 3
t
×