Ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг навбатдаги кунида қандай натижа қайд этди?
Спорт
−
03 Октябрь 2023
7515Хитойда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларининг навбатдаги куни ўз якунига етди. Бугун, 3 октябрь куни ўзбекистонлик спортчилар делегация ҳисобига 7 та: 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўшиб қўйди.
Ўзбекистон делегациясига кунни илк медалини Ольга Забелинская келтирди. Велошоссенинг шахсий пойга дастури баҳсларида иштирок этган Забелинская марра чизиғни биринчи бўлиб кесиб ўтди ва 24:36.99 дақиқа натижа билан олтин медалга лойиқ кўрилди.
Кун ҳисобидан иккинчи олтин медали эса 1000 метрга каноечи йигитлар ўртасида кечган пойгада Шоҳмурод Холмуродов ҳамда Нурислом Тўхтасин ўғли жуфтлигига насиб қилди.
Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Сафина Садуллаева ҳамда Светлана Радзивил баландликка сакраш дастурида медаллар учун кураш олиб борди. Аҳамиятлиси, олтин ва кумуш медаллар ҳар икки ўзбекистонлик атлетга насиб этди.
Садуллаева мусобақанинг олтин, Радзивил эса кумуш медали соҳибига айланди. Кучли учликни қозоғистонлик Надежда Дубовитская якунлаб берди.
Эътиборлиси, ғолиб ва совриндорлар бир хил 1.86 метр натижа қайд этишган. Шоҳсупадаги ўринлар уринишлар сонига қараб тақсимланди.
Боксчи Нигина Ўктамова ярим финалда шимолий кореялик рақибасига имкониятни бой бериб, бронза медали билан кифояланди.
-54 кг вазн тоифасида қатнашган Нигина Ўктамова КХДР вакиласи Чолми Пангга қарши жанг қилди ва 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа, у Осиё ўйинларини бронза медали билан якунлади. Маълумот учун, Нигина Ўктамова Париж Олимпиадаси учун лицензияни қўлга киритиб улгурган.
Шунингдек, бугун байдарка ва каноэда эшкак эшиш баҳсларида аёллар жамоаси ҳам иштирок этди. 200 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича жуфтлик баҳсларида стартга чиққан Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги бронза медалига эга чиқди.
Байдаркада эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса 500 метрга кечган дастурда 3-ўрин билан кифояланди. Шаҳризода Мавлонова, Арина Танатмишева, Екатерина Шубина ҳамда Юлия Борзова квартети марра чизиғини учинчи бўлиб кесиб ўтди ва бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа Ўзбекистон делегацияси жами 50 медаль (14 та олтин, 15 та кумуш, 21 та бронза) жамғарган ҳолда умумий рейтингнинг 5-поғонасини банд этиб турибди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь