Ўзбекистонлик спортчи 2025 йилгача барча мусобақалардан четлатилди

Спорт

image

Аввалроқ, жорий йилнинг сентябрь ойида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўтказилган I МДҲ ўйинларида иштирок этган Муай-тай спорт тури бўйича Ўзбекистон терма жамоа аъзоси Фахриддин Ҳасановдан олинган допинг-синамасида тақиқланган модда аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Россия антидопинг агентлиги (RusADA) ахлоқ комиссиясининг 8 декабрдаги қарорига кўра, Фахриддин Ҳасанов антидопинг қоидаларини бузганликда айбдор, деб топилиб, жазо чораси сифатида 4 йил муддатга барча мусобақалардан четлатилди. Дисквалификация муддати 2021 йил 8 октябрдан бошлаб 2025 йил 7 октябрга қадар давом этади. 

Ушбу мусобақада 57 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи Фахриддин Ҳасанов олтин медальга сазовор бўлган эди. Жорий йилнинг 8 сентябрь куни мусобақа жараёнида топширган допинг-синамасидан “мельдоний” тақиқланган моддаси аниқланган. “Meldonium” тақиқланган моддалар рўйхатининг S4. Гормонлар ва метаболизм модуляторлари синфига мансуб ҳисобланади.

Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Халқаро тестлаш ва тергов-суриштирув бўйича стандарти талабларига асосан, Ф.Ҳасанов жорий йилнинг 8 октябридан бошлаб мазкур ҳолат Россия антидопинг агентлиги (RusADA) томонидан тўлиқ ўрганилиши ва тегишли қарор чиқарилгунга қадар спорт фаолиятидан вақтинча четлаштирилган эди.

“Антидопинг қоидаларини бузган спортчилар, мураббийлар, шифокорлар ва бошқа шахсий таркиб вакиллари учун жазо муқаррардир!” дейилади Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги (UzNADA) баёнотида.

Маълумот учун, дисквалификация давомида спортчи терма жамоа билан биргаликда ўқув-машғулот йиғинларида ҳамда мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Спортчининг олтин медали белгиланган тартибда мусодара этилади, тўплаган рейтинг баллари бекор қилинади ва эгаллаган 1-поғонаси 2-ўриндаги спортчига тақдим этилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

UzNADA Фахриддин Ҳасанов Антидопинг

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made