Ўзбекистонлик собиқ дипломат озодликка чиқди
Жамият
−
15 Июнь
11029Давлатга хиёнат қилганликда айбланиб қамалган собиқ дипломат Қодиржон Юсупов озодликка чиқди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари бўйича бир нечта ташкилотлар хабар берди.
Билдирилишича, 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган Юсупов жазо муддатини тўлиқ ўтаб, 2024 йилнинг 10 июнь куни озодликка чиққан.
Маълумот учун, Қодиржон Юсупов 2020 йил январь ойида давлатга хиёнатда айбланиб, озодликдан маҳрум этилганди. Шундан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бир қанча нуфузли халқаро нодавлат ташкилотлари уни зудлик билан озодликка чиқариш ва реабилитация қилишга чақирганди. 2018 йил 10 декабрь куни ҳибсга олинган Юсуповнинг жазони ўташ муддати ҳам айнан ўша кундан бошлаб ҳисобланган. У 2006 йилдан 2009 йилгача Ўзбекистоннинг Австрия, Словакия ва Венгриядаги муваққат ишлар вакили бўлиб фаолият олиб борган. У бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Венадаги доимий вакили лавозимида ҳам фаолият юритган. У хизмат муддати тугаши биланоқ, 2009 йилда Венадан Тошкентга қайтиб келди.
2018 йил 3 декабрь куни Юсупов Тошкент шаҳридаги “Пушкин” метро бекатида рельсларга йиқилиб тушганда, унинг оиласи бу оғир психологик ҳолат туфайли ўз жонига қасд қилишга уриниш бўлганини маълум қилган. Жароҳатланиши ортидан шифохонага ётқизилган собиқ дипломат хорижий давлатлар фойдаси учун Ўзбекистонга хиёнат қилганини тан олган. 10 декабрь куни у ҳибсга олинди ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 157-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, 12 декабрь куни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳарбий суд ишни 2019 йил 24 июнь куни кўришни бошлаган ҳамда жиноят иши бўйича суд мажлислари ёпиқ тарзда ўтказилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь