Ўзбекистонлик самбо устаси 4 йилга дисквалификация қилинди
Спорт
−
24 Июнь 2021
3292Ўзбекистонлик самбо устаси Дилшод Чориев FIAS Халқаро самбо федерациясининг “Антидопинг қоидалари”га мувофиқ, 4 йил муддатга дисквалификация қилинди. Жазо муддати 2021 йил 7 майдан бошлаб, 2025 йил 6 майга қадар давом этади ва ҳар қандай спорт тадбирлари учун амал қилади.
Жорий йилнинг 25 март куни Россия пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган самбо бўйича “Мемориал Харлампиев” номидаги жаҳон кубоги баҳслари ўтказилган ва унда ўзбекистонлик самбочилар 2 та олтин, 6 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритган эдилар. Хабар берилишича, ушбу халқаро турнирда спортча самбо тури бўйича -98 кг вазнда иккинчи ўринни эгаллаган Дилшод Чориевдан олинган допинг тест натижаларига кўра тақиқланган “мельдоний” моддаси аниқланганлиги сабабли текширув бошланган.
FIAS Халқаро самбо федерациясининг 2021 йил 23 июнь кунидаги маълумотига кўра, самбо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Дилшод Чориевнинг допинг-синамасида аниқланган “мельдоний” тақиқланган моддаси юзасидан Ахлоқ бўйича комиссияси якуний қарорни қабул қилди.
Ушбу қарорга кўра, Спортчи 2021 йил 7 майдан бошлаб, 2025 йил 6 майга қадар барча спорт тадбирларида иштирок этмайдиган бўлди.
Маълумот учун, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг тақиқ рўйхатида “мельдоний” 2016 йилдан бери “S4. Метаболизм гормонлари ва модульяторлари” гуруҳига киритилган допинг моддаси сифатида қайд этилган.
Ҳумоюн Орипов
LiveБарчаси