Ўзбекистонлик пара пауэрлифтингчи Жаҳон чемпиони бўлди
Спорт
−
22 Август 2023
13094Ўзбекистонлик пара пауэрлифтингчи Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатининг олтин медалига эга чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 22 август куни Дубай шаҳрида старт олган пара пауэрлифтинг бўйича Жаҳон чемпионати доирасида ёшлар ўртасидаги беллашувлар бўлиб ўтган.
Эътиборлиси, эркаклар ўртасида 65 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Оҳунжон Мусурмонқулов 117 килограмм натижа билан ғолибликни қўлга киритган. Ушбу вазн тоифасида кумуш ва бронза медаллари Япония ҳамда Қирғизистон спортчиларига насиб этди.
Айтиш жоиз, бу Мусурмонқуловнинг фаолиятидаги илк Жаҳон чемпионати ва у дебют чиқишининг ўзида ёрқин натижа қайд этган ҳолда олтин медални қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8-17 июль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтган пара енгил атлетика бўйича навбатдаги Жаҳон чемпионатида катта таркиб билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза, жами 17 та медални қўлга киритган эди.
LiveБарчаси