Ўзбекистонлик олимлар рангли пахта ихтиро қилмоқчи
Жамият
−
07 Июнь 2022
6114Ўзбекистонда тола сифати юқори бўлган оч жигарранг, тўқ жигарранг, қизил, сариқ, оч яшил ва тўқ яшил рангдаги пахта етиштириш синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вазирлик ҳузуридаги Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг “Ғўза биотехнологияси” лабораторияси тажриба майдонида олимлар томонидан молекуляр генетика, физиология, биокимё ва селекциянинг замонавий услубларини қўллаган ҳолда юқори тола сифатига эга навларни яратиш устида илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, табиатда оппоқ пахтадан ташқари яна турли рангдаги ғўза экинлари ҳам мавжуд. Лаборатория ходимлари айнан ушбу ғўза навлари устида тадқиқотлар олиб бориб, толаси оч қўнғир, тўқ қўнғир, қизғиш, сарғиш, оч яшил, тўқ яшил ва бошқа рангдаги ғўза намуналарининг қимматли хўжалик белгилари сифатини оширишмоқда. Келгусида яна бошқа рангларга эга ғўзалар устида ишлашни мақсад қилиб қўйишган. Сабаби республикада ушбу йўналишни ривожлантириш нафақат қишлоқ хўжалиги иқтисодий самарадорлигини, балки экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилади.
1950-60-йилларда ғўзанинг табиий рангли (кўп рангли) навларини етиштириш бўйича кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилган. Бироқ, кимё саноати ривожланиши билан турли хил сифатли бўёқлар яратилди ва бу турдаги пахтага талаб йўқолган.
“Тўқимачилик саноатида пахта толасини кимёвий қайта ишлаш катта миқдорда сув, энергия, кимёвий моддалар ва бошқа ресурсларни талаб қилади. Матоларни бўяш жараёни кансероген кимёвий бўёқлар ва қўшимча маҳсулотлардан фойдаланиш туфайли атроф-муҳитни ифлослантиради. Бугунги кунга келиб, тўқимачилик маҳсулотларини бўяш жараёнида ҳосил бўладиган турли хил кимёвий чиқиндилар ва улар билан боғлиқ экологик таҳдидларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Табиий бўялган ғўза навлари тола сифати паст бўлса-да, биотик ва абиотик стрессларга, айниқса, зараркунандаларга, турли касалликларга, шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамлилиги аниқланган. Шунинг учун этиштиришда экологик тоза пестицидлар ва инсектицидларга эҳтиёж анча кам. Бу, ўз навбатида, органик пахта етиштириш имкониятини оширади. Табиий бўялган пахта толасининг сифати паст бўлганлиги сабабли селекционерлар тола сифатининг асосий кўрсаткичлари, айниқса, унинг узунлиги, мустаҳкамлиги ва тола микронейрини яхшилаш, шунингдек, унумдорлигини ошириш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
LiveБарчаси