Ўзбекистонлик хонандалар Озарбайжон саҳнасини “ёндирди”

Олам

Озар ва ўзбек. Бу икки халқни бирлаштириб турувчи нуқталар бисёр. Бир томонда Навоий, бу томонда Ганжавий. Бир томонда Қодирий, бу томонда Шайхзода. Бир томонда Ботир Зокиров, бу томонда Муслим Магамаев. Улар халқлар ўртасида асрлар ошган муносабатларнинг нодир сайқали, жавоҳирларидир.

44 йил деганда Озарбайжон халқи ўзбек маданияти ва санъатидан бевосита баҳраманд бўляпти. 1-4 август кунлари Бакуда Ўзбекистон маданият кунлари ўтказилмоқда.

Дастур аввалида Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари Озарбайжоннинг сиёсий арбоблари, илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларининг буюк намоёндалари мангу қўним топган Фахр хиёбонига бориб, марҳумлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Кейинги манзил – Шаҳидлар хиёбони. Бу ерда Озарбайжон озодлиги шаҳид кетган азизлар хотирасига эҳтиром кўрсатилди. 

Сўнгра Ўзбекистон маданият кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимни кириш сўзи билан очган Озарбайжон Республикаси Маданият вазири Одил Каримли ушбу тарихий кун икки мамлакатлар маданий алоқалари ривожи учун янги саҳифа эканини айтди. 

Назарабеков ўзбек халқи Озарбайжонни ғоят яхши кўришини айтаркан, ҳатто оила аъзолари ҳам Бакуни кўриш ниятида қолганини қўшиб кетди. 

Концерт дастурига алоҳида тайёргарлик кўрилган. Қарийб 300 кишилик делагация, жонли ижро ва Ўзбекистоннинг қайноқ ҳарорати… Шунга яраша Баку марказидагм Ҳайдар Алиев санъат саройига ўзбек санъатини қадрлайдиган мухлислар йиғилган. Улар тасодифий томошабин эмас, санъатнинг – ўзбек санъатининг ҳақиқий мухлислари. 

Концерт дастурида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев бошчилигидаги Ўзбекистон давлат симфоник оркестри, шунингдек, Ўзбекистон халқ артистлари Фарруҳ Зокиров, Насиба Абдуллаева, Самандар Алимов, Гулсанам Мамазоитова, Женисбек Пиязов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Илёс Арабов, Юлдуз Турдиева, хонандалар Озода Нурсаидова ва Озарбайжон халқ артисти Гуляноқ Маммедова иштирок этди.
Айниқса, Озода Нурсаидова, Фарруҳ Зокиров, Насиба Абдуллаева, Самандар Алимов ва Женисбек Пиязовни томошбинлар қўйиб юборгиси келмади. Ўзбекистондаги каби томошабинни залда куйлаётган хонанда эмас, хонандани тик туриб қарсак чалаётган томошабин кузатиб қўйди. 

Насиба Абдуллаева учун бу кун оддий кун эмас. У Озарбайжоннинг 30 йиллик дардини куйга солди. Ҳаяжон ҳам шунга яраша. Қорабоғ ҳақида куйлаётган хонанда саҳна либосини шунга яраша танлади. У елкасига онаси келин бўлган кунда бошига ташлаган оқ шойи рўмолни тутиб чиқди ва Қорабоғ ҳақида куйлаётиб, аскар ўғли шаҳид бўлган, боласи бешикда ўлган, ҳам моли, ҳам турмушидан ажралган оналар ҳасратини акс эттирди.

Концертдан таассуротлар талай, ҳатто, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Гуляноқ Маммадовада ҳам. У саҳнада Севара Назархон ижодига мансуб “Ватаним” қўшиғини ижро этди. 

Маданият кунлари доирасида тадбирлар талайгина. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романининг озар тилидаги таржимаси тақдимотидан тортиб, Муқимий номидаги мусиқали драма театрининг “Қайнона” спектаклигача. QALAMPIR.UZ’да қолинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг